Фан-техника | 16:27 / 11.10.2018
18307
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон бирон марта ҳам Google’дан фойдаланувчилар шахсий маълумотини сўрамаган

Фото: Robert Galbraith / AFP/ Getty Images

2018 йилнинг январидан июнигача Google фойдаланувчилар маълумотларини тақдим этиш борасида давлат органларидан 60 мингга яқин мурожаатлар қабул қилди. Бундан компания томонидан эълон қилинган статистик маълумотлар дарак бермоқда. Бу 2017 йилнинг шу даврига нисбатан 18%га кўпдир.

Турли мамлакатлардаги давлат идоралари жами 126 минг фойдаланувчи аккаунти бўйича маълумот тақдим этишни сўрашган (ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 52 фоизга кўп).

Энг кўп сўровлар Қўшма Штатлардан келиб тушган (20,9 минг киши), уларнинг 82 фоизи қаноатлантирилган. Иккинчи ўринда Германия (7,4 минг - 60 фоиз), учинчи - Франция (6,2 минг - 62 фоиз).

Google ҳар бир олти ойда давлат органларидан фойдаланувчиларнинг шахсий маълумотларига оид сўровлар миқдори бўйича маълумотларни эълон қилиб боради. Компания 2011 йилнинг биринчи ярмида ушбу маълумотни илк бор эълон қилган ва аввалига фақат фойдаланувчилар ҳамда аккаунтлар сонини ошкор қилган.

Статистикага кўра, Ўзбекистон давлат органлари Google’га бир марта ҳам мурожаат қилмаган. Марказий Осиёдан буни қилган ягона давлат - Қозоғистон, у 5 маротаба сўров юборган ва уларнинг барига рад жавоби берилган. Сўнгги марта 2016 йилда.

Google’дан фойдаланувчи ҳақида маълумотни олиш учун давлат органи қонун билан назарда тутилган ҳужжатни: судга чақириқ қоғози, суд қарори ёки тинтув қилишга ордерни тақдим этиши шарт. 

Мавзуга оид