Спорт | 21:40 / 14.10.2018
12710
2 дақиқада ўқилади

Ольга Забелинская Ўзбекистон учун дастлабки олтин медалини тақдим этди

Францияда профессионал велоспортчилар ўртасида «Chrono des Nations» халқаро турнири бўлиб ўтмоқда. Мусобақада Ўзбекистон терма жамоаси аъзоси Ольга Забелинская ҳам иштирок этди.

26,5 километр масофага ўтказилган пойгада Забелинская барча рақибларини ортда қолдирган ва маррага биринчи бўлиб етиб келган ва Ўзбекистон жамоасига илк олтин медални олиб берган. У 35 дақиқа 54 сония (ўртача тезлик 45 км/соат) натижа қайд этган ҳолда олтин медалга эга чиққан. Ундан кейинги ўринни 12 сония ортда қолган даниялик Эмма Йоргенсен, учинчи ўринни 35 сония кеч қолган франциялик спортчи Оудри Кордон-Рагот эгаллаган.

Забелинская ҳар йили ўтказиладиган ушбу мусобақада тўртинчи марта иштирок этмоқда ва биринчи марта пойгада ғолиб бўлди.

Эслатиб ўтамиз, шу йилнинг августида 38 ёшли россиялик велопойгачи Ольга Забелинская Ўзбекистон терма жамоасига расман ўтгани ҳақида эълон қилганди. 

У август ойи охирида Осиё ўйинларида Ўзбекистон номидан иштирок этмоқчи бўлганди, аммо унга турнирда қатнашиш учун рухсат берилмади.

Шоссе велопойгаси бўйича 2012 йилги Лондон Олимпиадасида иккита бронза, 2016 йилги Рио-де-Жанейро Олимпиадасида кумуш медални қўлга киритган тажрибали спортчи билан Токиодаги Олимпия ўйинларига қадар (2020 йил) шартнома тузилган.

Мавзуга оид