Ўзбекистон | 19:36 / 16.10.2018
9139
2 дақиқада ўқилади

Самарқандда иситиш мавсуми бошланди

Самарқанд вилоят ҳокими вазифасини бажарувчи Эркинжон Турдимовнинг 2018 йил 15 октябрдаги фармойишига кўра, вилоят ҳудудида ижтимоий соҳа объектлари ҳамда турар-жой биноларини иситиш мавсуми жорий йилнинг 16 октябридан бошланиши белгиланди.

Самарқанд вилоят коммунал хўжалик бошқармаси бошлиғи Рустам Сатторовнинг Kun.uz’га маълум қилишича, мавжуд меъёрларга кўра 5 кун давомида ҳаво ҳарорати Цельсий шкаласи бўйича +8 даражадан паст бўлиши кузатиладиган бўлса, иситиш мавсумига старт берилади. Бу ҳолатда газ таъминоти ва электр энергияси истеъмоли лимитлари оширилади, иситиш қозонхоналари ишга тушади.

Вилоят ҳокими фармойишига кўра, «ЎзТрансгаз» АЖ Самарқанд вилояти бўйича газ таъминоти ҳудудий филиали, «Самарқанд ҳудудий электр тармоқлари корхонаси» акциядорлик жамияти, вилоят «Иссиқлик манбаи», «Сувоқова» давлат унитар корхоналари ҳамда шаҳар ва туман ҳокимликларига 16 октябрдан бошлаб кеча-ю кундуз ишловчи штаблар ташкил этиш, ижтимоий соҳа объектлари ва аҳоли яшаш уйларига, «Иссиқлик манбаи» тизимидаги иситиш қозонхоналарига узлуксиз ҳамда бир меъёрда табиий газ, электр энергияси етказиб берилишини таъминлаш вазифаси юклатилди.

Табиий газ етиб бормайдиган аҳоли пунктларига суюлтирилган газ узлуксиз етказиб берилади.

Шунингдек, вилоят раҳбарининг фармойишида кўмир маҳсулотларини ижтимоий соҳа муассасаларига 2018 йилнинг 1 ноябригача, аҳолига эса 1 декабрга қадар тўлиқ етказиб берилишини таъминлаш белгиланди.

Мавзуга оид