Жамият | 17:17 / 16.10.2018
36086
7 дақиқада ўқилади

«Ўқитувчи» нашриётида Ўткир Ҳошимовнинг 9та китоби нашр этилди

Ўзбекистон Халқ ёзувчиси Ўткир Ҳошимов асарлари миллионлаб китобхонларнинг маънавий мулкига айланиб улгурган. Қарийб эллик йил давомида адибнинг юздан ортиқ китоби турли тилларда чоп этилгани ҳам ёзувчи асарларининг адабиёт оламида нақадар аҳамиятли эканини кўрсатиб турибди.

Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агентлигининг «Ўқитувчи» нашриёт-матбаа ижодий уйи ёзувчининг энг сара асарларини нашр этишни бошлади. Бугунги кунга қадар адибнинг 9та китоби нашрдан чиқди. Қуйида улар билан танишиш мумкин:

1. Баҳор қайтмайди

Фото: «Ўқитувчи» нашриёт-матбаа ижодий уйи

1969 йилда ёзилган ушбу қиссада истеъдодли бир йигитнинг шуҳрат илинжида хазон бўлган умри, маънавий-руҳий инқирози санъаткорона ифодаланган. Ушбу асар саҳналаштирилганига қарамай ўқувчилар томонидан адибнинг энг кўп ўқиладиган китоблардан бири ҳисобланади.

2. Нур борки, соя бор

Фото: «Ўқитувчи» нашриёт-матбаа ижодий уйи

1976 йилда ёзилган ушбу асар адибнинг илк романи бўлиб, чуқур мушоҳадага чорлайдиган, «бир нафасда» ўқиладиган мазкур асарда юқори мансабдаги ва аксинча оддий инсон сифатида эл орасида қадр топиб яшаётган бир-бирига қарама-қарши, лекин қайсидир маънода туташган тақдирларни ўзида тўлиқ мужассамлаштирган.

Буларнинг замирида кишилар ҳаётининг адиб кўзи билан кўрилган аниқ ва равшан тафсилотлари ҳудди бугунгидек ёрқин ифода этилади. Инсон тақдири, унинг ҳаёт ва мамот ўртасидаги оний лаҳзалик давр мобайнида бошидан кечирганлари, тириклик аталмиш дарё ўзанида ҳамма қатори бирдек оқиш керакми ёки аксинча оқимга қарши сузмоқ даркорми, мана шундай саволлар ўз жавобини топган кўнгилга яқин асар бу.

3. Ҳикоялар

Фото: «Ўқитувчи» нашриёт-матбаа ижодий уйи

Ўзбек ҳикоянавислиги ривожига салмоқли ҳисса қўшган адибнинг «Ҳикоялар» китобига турли йилларда ёзилган энг сара ҳикоялар жамланган. Китоб сифатли, бежирим муқоваланган, воқеаларга мос суратлар билан бойитилган.

Тўпламдан ўрин олган «Урушнинг сўнгги қурбони», «Улоқ», «Муҳаббат», «Дард», «Нурли ҳалқачалар» каби халқимиз қалбига кириб борган ҳикоялар китобхонларни бефарқ қолдирмаслиги шубҳасиз.

4. Дунёнинг ишлари

Фото: «Ўқитувчи» нашриёт-матбаа ижодий уйи

Ўткир Ҳошимовнинг 1980-1981 йилларда оралиғида ёзилган ушбу қиссаси дунёдаги энг олий туйғу – онага бўлган муҳаббат тараннумига бағишланган.

Асар инсонни ҳаёт кечмишлари ҳақида чуқур ўйлашга, фикрлашга ундовчи, китобхонга ҳам маънан, ҳам руҳан таъсир этувчи теран фалсафий моҳиятга эга бўлган гўзал ижод намунасидир. «Бу қисса катта-кичик новеллалардан иборат, бироқ уларнинг барчасида мен учун энг азиз инсон – онам сиймоси бор. Бундаги одамларнинг ҳаммасини ўз кўзим билан кўрганман. Фақат баъзиларининг исми ўзгарди, холос. Бу одамларнинг қисмати ҳам қайсидир жиҳати билан онамга боғланган...», - дейди ёзувчи.

5. Икки эшик ораси

Фото: «Ўқитувчи» нашриёт-матбаа ижодий уйи

Мазкур роман адибнинг энг салмоқли асарларидан бири ҳисобланади. Романда ўзбек халқининг фазилатлари – жўмардлиги, ҳар қандай вазиятда ҳам иймонини йўқотмаслиги, меҳридарёлиги, теран туйғулар, ёрқин бўёқларда тасвирланган.

Асарда адиб қарийб қирқ йиллик даврни ўз ичига олган бир қанча мураккаб тақдирлар мисолида ўзбек халқининг уруш давридаги ҳаёти, умр йўлидаги чигалликларни маҳорат билан қаламга олган. Асарда замоннинг туганмас азоб тошларига учраган, инсоний қадр-қимматини йўқотмаган инсонлар, ўз тақдирини ватан тақдири билан боғлаган халқ қисмати тасвирланган. Асарни ўқиган китобхон ижодкорнинг ўша давр руҳини асарда тўлиқ мужассам эттира олганига гувоҳ бўлади.

6. Икки карра икки – беш

Фото: «Ўқитувчи» нашриёт-матбаа ижодий уйи

Мазкур китобга ёзувчининг энг сара ҳажвий асарлари жамланган. Уларни ўқиганда китобхонда беихтиёр кулги пайдо бўлади, кайфияти кўтарилади. Қиссада кескин юмор остига олинган воқеалар ғоят ҳаётий, таъсирчан акс этган.

Асардаги ҳангомалар, бир-биридан қизиқ воқеалар ўқувчини кулдирибгина қолмасдан, ҳаётда учрайдиган турли муаммолар устида ўйлашга ундайди. Қиссадаги содда, меҳнаткаш йигит – Қўшоқвой образи орқали ҳаётнинг ўнқир-чўнқирлари моҳирлик билан тасвирланган.

7. Севги қиссалари

Фото: «Ўқитувчи» нашриёт-матбаа ижодий уйи

Севги. Муҳаббат... Инсоният тарихи қанча узоқ бўлса, муҳаббат деб аталмиш туйғу хам шунчалик қадимийдир. Зеро инсон бор экан, севги ҳам яшайверади. Шоир ва ёзувчилар, рассом ва бастакорлар асрлар давомида бу мавзуда бир-биридан гўзал асарлар яратгани бежиз эмас.

Ўткир Ҳошимов ҳам муҳаббат ҳақида талай ҳикоя, қисса, романлар ёзган ва улар китобхонлар томонидан катта қизиқиш билан мутолаа қилиб келинмоқда. Бу асарларда севгининг сеҳр ва қувончлари, изтироб ва армонлари ғоят ҳаётий, таъсирчан акс этган.

Мазкур китобда «Баҳор қайтмайди», «Чўл ҳавоси», «Сирли юлдуз», «Шамол эсаверади» каби қисса ва ҳикоялари жамланган.

8. Ҳажвий ҳикоялар

Фото: «Ўқитувчи» нашриёт-матбаа ижодий уйи

Ўткир Ҳошимовнинг жиддий асарлари қаторидан китобхонни қувноқликка етаклайдиган, кайфиятини кўтарадиган юмористик асарлари ҳам ўрин олган. Унинг ўнлаб ҳажвий ҳикоялари, комедиялари, ичакузди ҳангомаларини ўқиган ва томоша қилган ўқувчининг дили равшан тортади.

Ушбу китобда адибнинг энг қизиқ, ҳажвий ҳикоялари ҳамда «Шумлик туркумидан» номи остида ўзининг умри давомида бўлиб ўтган ҳазил-мутойибалар, беозор «шумлик»лар ўрин олган. «Аждар тавбаси», «Жинни бўлиш осон экан», «Шаҳарлик куёв», «Мусофир бўлмагунча», «Телпак» ва бошқа юморга бой ҳикоялар шулар жумласидандир.

9. Тушда кечган умрлар.

Фото: «Ўқитувчи» нашриёт-матбаа ижодий уйи

Ўткир Ҳошимовнинг 1991-1992 йиллар давомида ёзилган «Тушда кечган умрлар» асарида ХХ асрнинг саксонинчи йилларидаги ҳаёт усталик билан қаламга олинган. Ёзувчи мазкур романда афғон уруши воқеалари, уруш қатнашчиларининг кейинги руҳий кечинмаларини асар қаҳрамони Рустам образи орқали ёрқин тасвирлаб берган.

Асарни ўқиган китобхон тинчликнинг қанчалик буюк неъмат эканлигига яна бир карра иқрор бўлади.

Барча китобсеварларга ушбу асарларни яна бир бор ўқишни тавсия этамиз.

Мавзуга оид