Ўзбекистон | 15:39 / 17.10.2018
5065
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонлик битирувчи ёшларнинг қанчаси солиқ имтиёзидан фойдаланилаётгани айтилди

Фото: Fotolia

Бугунги кунда Ўзбекистонда 230 мингдан ортиқ якка тартибдаги тадбиркор давлат рўйхатидан ўтиб фаолият юритмоқда. Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексининг 375-моддасига асосан янги рўйхатдан ўтган якка тартибдаги тадбиркор, шу жумладан, оилавий тадбиркорлик субъекти қатъий белгиланган солиқни давлат рўйхатига олинган ойидан эмас, балки кейинги ойдан бошлаб тўлаши белгилаб қўйилган. Бу ҳақда KUN.UZ’га Давлат солиқ қўмитаси Ахборот хизмати хабар бермоқда.

Шу билан бирга, касб-ҳунар коллежлари битирувчилари коллежни тамомлаганидан кейин ўн икки ой ичида якка тартибдаги тадбиркор сифатида давлат рўйхатидан ўтган тақдирда, олти ой муддатга қатъий белгиланган солиқни тўлашдан озод этилган.

Ўтган йилда ушбу имкониятдан республикамиз бўйича 94,6 минг нафар якка тартибдаги тадбиркор фойдаланиб, шундан 85,7 минг нафари янги рўйхатдан ўтгани учун, 8,9 минг нафари юридик шахс ташкил этмаган ҳолда оилавий тадбиркорлик шаклидаги фаолиятни амалга оширувчи тадбиркорлик субъекти сифатида қатъий белгиланган солиқ ва суғурта бадали тўловларини ўз фаолиятини йўлга қўйган.

Қолаверса, 2018 йилда 13 минг нафар касб-ҳунар коллежлари битирувчиси якка тартибдаги тадбиркор сифатида давлат рўйхатидан ўтиб, 19,5 млрд. сўм имтиёздан фойдаланган ҳолда қатъий белгиланган солиқни тўлашдан олти ой муддатга озод этилган.

Ўз навбатида, эслатиб ўтиш жоизки, якка тартибдаги тадбиркор сифатида давлат рўйхатидан ўтганидан бошлаб ўн икки ой ичида фаолияти тугатилган ёки фаолияти уч ва ундан кўп ойга тўхтатилган тақдирда, қатъий белгиланган солиқ тўлови фаолият амалга оширилган бутун давр учун тўланиши белгиланган.

Мавзуга оид