Ўзбекистон | 10:28 / 18.10.2018
23662
3 дақиқада ўқилади

Электр энергияси ва газ учун ортиқча тўланган маблағни қайтариш қоидалари тасдиқланди

Фото: Depositphotos

Электр энергияси ва табиий газдан фойдаланганлик учун ортиқча (хато) тўланган маблағларни истеъмолчига Мажбурий ижро бюросини ривожлантириш жамғармаси орқали қайтариш таомили белгиланди. Пулларни қайтариш режалаштирилганига нисбатан тезроқ амалга оширилади, деб ёзмоқда Norma.
 
Ҳужжат лойиҳаси ҚҲТБТ порталида муҳокама қилинганидан кейин  унга ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди. Натижада қайтариш таомили анча қулай бўлди. Истеъмолчи ариза берган пайтдан бошлаб 6 кун ичида маблағларни олади (11 кун ичида қайтариш режалаштирилаётган эди).
 
Электр энергияси ва табиий газ учун ортиқча (хато) тўланган маблағларни қайтариш учун аризани “Ўзбекэнерго АЖ ёки “Ўзтрансгаз” АЖга лойиҳада назарда тутилганидек фақат ёзма равишда эмас, балки бу ташкилотларнинг расмий интернет-сайтлари орқали электрон шаклда ҳам бериш мумкин.
 
“Ўзбекэнерго АЖ, “Ўзтрансгаз” АЖ ва Мажбурий ижро бюросининг ҳудудий бўлимларига ортиқча (хато) тўланган маблағларни қайтариш тўғрисида далолатнома тузиш учун бериладиган муддат 3 банк кунидан 2 иш кунигача қисқартирилди.
 
“Ўзбекэнерго АЖ ва “Ўзтрансгаз” АЖ томонидан ортиқча (хато) тўланган пул маблағларини қайтариш тўғрисида тушган далолатномалар рўйхатининг тузилиши ва бу рўйхатларнинг Жамғармага юборилиш вақти 5 банк кунидан 1 иш кунига қисқартирилди.
 
Жамғарма томонидан ортиқча (хато) тўланган маблағларнинг “Ўзбекэнерго АЖ ва “Ўзтрансгаз” АЖнинг махсус ҳисобварақларига қайтарилиши лозим бўлган муддат 3 банк кунидан 2 иш кунигача қисқартирилди.
 
Қайтарилиши лозим бўлган суммани ҳисоб-китоб қилиш формуласига тузатиш киритилди ва у қуйидаги кўринишга эга бўлди:
 
S (қайтариш) = (S ортиқча(хато)) – ((S ортиқча(хато)) х 20/120) х 10/100, бунда:
 
• S (қайтариш) – Жамғарма томонидан қайтариб бериш лозим бўлган маблағ миқдори;
• S ортиқча (хато) – истеъмолчи томонидан ортиқча (хато) ўтказилган маблағ;
• 20/120 – истеъмолчи томонидан ортиқча (хато) ўтказилган маблағда қўшимча қиймат солиғи ҳиссаси;
• 10/100 – истеъмолчи томонидан ортиқча (хато) ўтказилган маблағда Жамғарма ҳиссаси.
 
Тасдиқланган ҳужжатда “Ўзбекэнерго АЖ ёки “Ўзтрансгаз” АЖнинг ҳудудий бўлинмалари унинг давомида маблағларни истеъмолчиларга қайтаришлари керак бўлган муддат белгиланган. У бир иш кунига тенг. Ҳужжат лойиҳасида бу муддат регламентга солинмаган эди.
 
Ҳужжат 12.10.2018 йилдан кучга кирди.

Мавзуга оид