Жамият | 16:30 / 18.10.2018
8905
2 дақиқада ўқилади

Талабалар театр студиялари кўрик-танлови финал босқичи бошланди

Ўзбекистон ёшлар иттифоқи ва Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳамкорлигида 2018 йил 18 октябрь куни “Муқимий” номидаги Ўзбекистон мусиқали драма театрида “Ёшлар — келажак бунёдкори!” шиори остида ўтказилиб келинаётган Ёшлар фестивалларининг Талабалар театр студиялари кўрик-танлови финал босқичининг очилиш маросими бўлиб ўтди.

Ўзбекистон Миллий университетининг “Ҳумо”, Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетининг “Дипломат”, Қарши давлат университетининг “Зиё”, Бухоро давлат университетининг “Фитрат”, Қорақалпоқ давлат университетининг “Жайхун” ҳамда Тошкент тиббиёт академияси Фарғона филиалининг “Настарин” талабалар театр студиялари жамоалари якуний финал босқичида иштирок этиб, мутлақ ғолиблик учун курашишмоқда. 

3 кун давомида ёшлар театр жамоаларининг саҳна чиқишлари намойиш этилади. Ҳакамлар ҳайъати сифатида Ўзбекистон халқ артисти, ҳакамлар ҳайъати раиси – Элёр Носиров, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган артист – Жумадилла Раметов, Олий ва Ўрта махсус таълим вазирлиги масъул ходими – Бахтиёр Эгамбердиев, Ўзбекистон ёзувчилар уюшмаси аъзоси – Умида Абдуазимова ҳамда Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Марказий Кенгаши  бош мутахассиси Мансур Бойсариевлар фестивалнинг 2018 йилги ғолиб жамоасини аниқлаш мақсадида ёшлар театр жамоаларининг саҳна чиқишларини холисона баҳолаб боришади. 

Илк намойишни Ўзбекистон Миллий университетининг “Ҳумо” талабалар театр жамоаси Николай Гоголь қаламига мансуб “Ревизор” асари асосида саҳналаштирилган спектакль билан бошлашди. 

Фестиваль якунлари бўйича тантанали тақдирлаш маросими 20 октябрь куни “Ёшлик” талабалар шаҳарчасида жойлашган “Республика ёшлар маркази”да бўлиб ўтади.

Республика босқичи иштирокчилари Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи Марказий Кенгашининг қимматбаҳо совғалари ҳамда диплом ва сертификатлари билан тақдирланади.

Мавзуга оид