Кўп қаватли уйларни иситиш тизимининг ҳолати қандай? Андижон мисолида масалага ёндошув
Қишнинг совуқ кунлари яқин. Энди аҳоли хонадонлари, айниқса, кўп қаватли уйлардаги хонадонларни иситиш муаммоси кун тартибидаги долзарб мавзуга айланади. KUN.UZ таҳририятига Андижон вилояти, Избоскан тумани, Мирзо Улуғбек МФЙ ҳудудидаги 12та кўпқаватли уйлар жойлашган кичик даҳадан мурожаат келиб тушди. Арзномада келтирилишича, юқоридаги кичик даҳанинг кўп қаватли уйларидаги иссиқлик тизимига уланган темир қувурларни туман “Иссиқлик манбаи” ходимлари узиб, машиналарга юклаётганида, аҳоли томонидан тўхтатиб қолинган экан. Кўринишидан оддийгина бўлган муаммони бориб ўргандик.
Аслида, бу катта муаммо эмас экан, лекин...
Кичик даҳада 12 та кўп қаватли уй мавжуд. Ҳар бир уйда 16 тадан хонадон мавжуд. Ҳар бир уйда камида тўрттадан одам борлигини тахмин қилсак, кичик даҳада мингга яқин одам яшайди. Туман “Иссиқлик манбаи” раҳбари Ғуломжон Бегалиев мазкур уйларга марказий қозонхонадан тортилган қувурларни кесиб, юклашни бошлаганида аҳоли қаршилик қилади ва у қувурларни маълум қисмини олиб кета олмайди.
Кичик даҳага борганимиздан сўнг, туман ҳокими ўринбосари Жамшидбек Бозорбоев ҳам етиб келди. Мутасадди эндигина иш бошлабди. У ҳали қувурлар нега кесилаётганидан бехабар экан. У туман “Иссиқлик манбаи” бошлиғини чақиртирди.
Суҳбат давомида аниқлашимизча, Избоскан тумани ҳокими Акмалжон Жалолов кичик даҳадаги кўп қаватли уйларда кенг қамровли таъмирлаш ишлари олиб борилиши муносабати билан вилоят “Иссиқлик манбаи” ДУК бошлиғига ҳудудда ишламай, абгор ҳолатда турган қозонхона биноси ва иссиқлик қувурларини бузиб олиб чиқиб кетиш бўйича “Алоқа хати” билан чиққан. Туман ҳокими хатида ҳақиқат бор эди. Чунки катта бинодаги ўша марказлашган қозонхона яроқсиз, ундан уйлар томон ўргамчак тўри мисол чувалашиб тортилган қувурлар ҳам анча пайтдан бери ишламай турганлиги учун фақат кўринишни хунук қилиб турган эди, холос.
Аҳоли вакиллари учун ҳудуддаги иссиқлик қувурларини узиб, ташиб кетаётгани аҳоли учун тушунарсиз бўлгач, қаршилик қилган. Лекин, қувурлар “Иссиқлик манбаи” балансида туради. Корхона ходимлари тўғри иш тутишгандек... Хонадон соҳибларидан бири Рашида Мамарасулова узоқ йиллар олдин қувурлар учун яшовчилардан пул йиғилганини ҳам айтди. Гап бунда ҳам эмас.
Андижон “Иссиқлик манбаи” ДУК бошлиғи Муҳаммадзоҳид Тўхтабоев билан боғландик. Мутасаддига муаммони тушунтирганимизда у қувурлар туман ҳокимининг “Алоқа хати”га асосан олинаётганини айтди. Бироқ ташкилот аҳоли ўртасида тушунтириш ишлари олиб бормагани учун мана шундай ғавғо чиққан. “Нега кўп қаватли уйларга янги, замонавий иситиш тизимларини ўрнатиш бўйича лойиҳа таклиф қилмадинглар?”, деган саволимизга, “Йиғилиш ўтказиб, тушунтирилган”, деган жавобни олдик. Бу раҳбар ҳам яқинда тайинланган экан. Аҳоли вакиллари бутунлай бошқа мавзуда йил бошида, бошқа мутасадди учрашув ўтказганини айтди.
Аҳолини қийнаётган асосий муаммо шундаки, кўп қаватли уйларни томлари, ташқи фасади кредит асосида таъмирланяпти. Бироқ иссиқлик тизими ҳақида ҳеч ким бош қотираётгани йўқ. “Дом”да марказлашган иссиқлик тизими бўлмаса, улар яшаш хонадонларини қандай иситади?”. Саволга жавоб оддий. Аҳоли овқат пишириш учун мўлжалланган газ плитаси духовкасини тинмай ёқиб ёки ўша “отам замонидан қолган” “буржуйка” печка қуриб қишни чиқаради. Ёки газ плитасини овқат пиширадиган комфоркаларини ёқиб иситади. Квартиралар қораяди. Хавфсизлик масаласи ундан-да муаммоли ҳолат. Ёнғин чиқиш хавфи ошиб кетади.
“Иссиқлик манбаи” деярли ишламаяпти. Ишга янгича ёндошиш пайти етиб келмадими?
Аҳолининг қувурларни ташиб кетилиши бўйича норозилигига сабаб, одамларга иситиш тизими учун янги лойиҳа таклиф қилмасдан қувурларни олиб кетилишидагина эмас.
Муаммо каттароқ. Туман ва шаҳарларимиз кўп қаватли уйлардан иборат кичик даҳаларда собиқ иттифоқ давридаги марказлашган қозонхоналар ҳозиргача мавжуд. Маънан эскирган, кўп энергия сарф қилиб, кам иссиқлик тарқатиши, паст рентабеллиги сабаб, мазкур тизим деярли жуда кўп жойда ишлатилмай қўйилганига анча йиллар бўлди.
Янги қурилаётган кўп қаватли уйларнинг ҳар бир подьездига замонавий “индивидуал” иситиш қозонхоналари ўрнатилмоқда. Икки контурли ана шундай қозонхона бир пайтнинг ўзида хонадонларни иссиқлик ва иссиқ сув билан таъминлайди. Энг асосийси, бу иситиш ускуналари кам ёқилғи сарфлайди, самарали. Мутахассисларнинг фикрича, битта йўлакка ана шундай тизим ўрнатиш учун 10 миллион сўм маблағ талаб қилинади.
Дейлик, ўша Избоскан туманидаги 12 та уч ва икки қаватли уйларнинг биттасида 12-16 тадан хонадон бор. Қиш мавсумида ҳар бир хонадонда биттадан газ комфоркаси ёқилиши натижасида уй иситилади. Ҳар бир подъездга замонавий қозонхона ўрнатилса, ёқилғи сарфи неча баробар тежалиши кундек равшан. 16 та квартирага кетаётган газ ҳажми тўртта подъезддаги замонавий қозонга сарфланади. Хонадонлар исиб, иссиқ сув ҳам бўлади.
Ўзбекистондаги қанчадан қанча кўп қаватли уйларда бесамар ёқилғи сарфланаётганини ва унинг умумий ҳажмини ҳисоблаб кўринг-а?! Табиий газ танқислигини бош сабаби ўзимиз - ундан фойдаланишда самарали, замонавий технологияларни татбиқ қилмаётганимизда эмасми?! Бунинг учун ҳокимлик ва бошқа мутасадди ташкилотлар янгиликка интилиши ва замон талабидаги иситиш тизимини аҳоли хонадонларига лойиҳа сифатида жорий қилиш лозим.
Жойлардаги “Иссиқлик манбаи” дея аталмиш корхоналар ўз вазифасини бажара олмай қолган. Бу корхоналарда янги технологияларни аҳоли ўртасида тарғиб қилиш ва тизим орқали ўрнатиш ғоялари аллақачон юритилиши керак эди. Ширкат хўжаликлари эса янги иситиш тизими масалаларини ўз бўйниларига олишга қодир эмаслар.
Ўзбекистоннинг шаҳар ва туманларидаги кўп қаватли уйлар аҳолиси ҳар қиш ҳаёт учун энг зарур бўлган муаммога дуч келади. Туман ва шаҳар ҳокимликлари мазкур масалада ёзнинг иссиқ кунларида ўйланишлари керак эди. Буёғига, яна қиш яқин...
Элмурод Эрматов, Андижон.
KUN.UZ мухбири