Жаҳон | 16:49 / 22.10.2018
8619
10 дақиқада ўқилади

Нобелга лойиқ кўрилган кашфиётлар қай тариқа бизнесга айланади?

Нобель мукофоти совриндорлари орасида тиббиёт соҳаси вакиллари тобора кўпайиб бормоқда. Бу йил табиий-илмий йўналиш - физиология ва тиббиёт, физика ва кимё бўйича Нобель мукофоти биологик тадқиқотлар ва тиббиёт тажрибасида қўлланувчи кашфиётлар учун берилди.

Фото: Shutterstock

2018 йилда Нобель мукофотлари кутилмаганда амалиётга кўчди: барча кашфиётлар амалда ўз тасдиғини топди. Кимё бўйича комиссия раиси Клас Густафсон матбуот анжуманида ҳатто ўзини оқлашига тўғри келди: "Ўйлашимча, биз Альфред Нобелнинг сўзларига мурожаат қилишимиз керак, яъни у мукофотларни инсониятга энг кўп фойда келтирган кашфиётлар учун топширишни васият қилган. Шу боис сиз тиббиёт мавзусига бўлган эътибор катта эканига гувоҳ бўляпсиз".

Кимё бўйича Нобель мукофоти "эволюцияга йўналтирилган ферментлар учун" Фрэнсис Арнольдга, "пептидлар ва антижисмлар фаг-дисплейи учун" Жорж Смит ва Грегори Уинтерга топширилди. Ушбу усуллар ёрдамида саноат ва антижисмлар учун фермент-катализаторлар қўлга киритилди. Фаг-дисплей дунёдаги энг харидоргир 15 дорининг 11 тасини ишлаб чиқаришда қўлланилади.

Физика бўйича мукофот кўриш қобилиятини лазер ёрдамида тузатиш, биологларга эса алоҳида ҳужайраларни ва ҳатто биологик молекулаларни пинцетда кўчириб ўтказиш имконини берувчи “лазер-физика соҳасидаги фундаментал кашфиётлар учун” Нобель мукофоти Артур Эшкин, Жерар Мур ва Донна Стриклендга топширилди.

Биология бўйича мукофот эса ҳатто илгари бир йил давомида вафот этиши тахмин қилинган меланома билан касалланганларга ҳам даволаниш имконини берувчи саратон иммунотерапияси учун Жеймс Эллисон ва Тасуку Хондзёга берилди.

Аксарият совриндорларнинг таъкидлашича, улар дастлаб амалий вазифаларни кўзлаб эмас, илмий қизиқиш сабаб бу ишларга қўл уришган. Фундаментал тадқиқотлар учун инглиз тилида blue sky research атамаси қўлланади ва Жеймс Эллисон Нобелга қадар ўз маърузаларида бундай “мақсадсиз” тадқиқотларни қўллаб-қувватлаш зарурати ҳақида кўп сўзлаган.

“Фундаментал тадқиқотларсиз биз бозорга, бизнесга ҳеч нима етказа олмаймиз. Илм-фанга пул ажратаётган одамлар шуни инобатга олишса, яхши бўлар эди”, - деган олим 2017 йилги маърузасида. Агар 2011 йилда Эллисон унинг ғояси асосидаги препаратни рўйхатдан ўтказувчи компанияни топишга муваффақ бўлмаганида ушбу Нобель мукофоти ҳам бўлмасди. Бу қандай рўй берди?

Скальпель ўрнига иммунитет

Барчаси Эллисон ва Хондзёнинг лабораторияларида бошланди. Улар бир-бирларидан мустақил равишда организмнинг иммун жавобини тўхтатувчи механизмни аниқлашди. Иммун тизими ҳужайралари барча бегона жисмларни йўқ қилиши ва шу билан бирга ўз организми оқсилларига тегмаслиги керак. Бундай мувозанатни қўллаб-қувватлаш учун аутоиммун реакцияга йўл қўймай, иммун механизмини тўхтатувчи оқсиллар мавжуд.

Тасуку Хондзё ўша вақтлар номаълум бўлган PD1 ферментини кашф қилди ва бу оқсил “ўчириб” қўйилган мутант сичқонларда синаб кўрилди. Жониворлар аутоиммун касалликлар белгиларини намойиш этишди: уларнинг иммунитети эгасининг организмига ҳужум қилган. Эҳтимол, оддий олим бу “бўшаб қолган тормозларни тузатиш” учун аутоиммун касалликлардан азият чекувчиларнинг оқсилларини ўрганишга қарор қилган бўлар эди. Бироқ даҳо тадқиқотчилар ностандарт қарорларга қодир. Нобель совриндори тузатиш ўрнига, аксинча, онкологик касалликларга учраган кишиларнинг “тормозлари”ни бузишни таклиф қилди. Моҳиятан олганда, саратон ҳужайралари ҳам мувозанатли иммун тизими сезмаслиги мумкин бўлган организм ҳужайралари ҳисобланади. Тормозни ўчириш иммун тизимига саратон ҳужайраларини аниқлаб, уларга ҳужум қилишга ёрдам беради. Тасуку Хондзё айнан шуни аниқлаган: PD1 оқсилини ўчиришда иммун ҳужайралари ўсимтага ҳужум қилади.

Жеймс Эллисон CTLA4 оқсили билан ишлаган: у аввалроқ кашф қилинган, лекин унинг функцияси номаълумлигича қолаётганди. 1994 йилда олим CTLA4 оқсилини блокловчи антижисмни аниқлашнинг уддасидан чиққан. Ўзининг Берклидаги лабораториясида у сичқонларда тажриба ўтказиб, оқсилни блоклаш иммунитетни озод қилиши ва у саратон ҳужайраларини аниқлаб, уларни йўқ қилишини аниқлаган. 

Фото: Shutterstock

Бу тажрибалар саратонни даволашда тубдан янгича ёндашувни кашф қилди. Саратон ҳужайраларига йўналтирилган жарроҳ скальпели, радиотерапия ва кимётерапия ўрнига инсоннинг иммун тизимига таъсир кўрсатиш мақсад қилинган, бундан кейин эса иммун тизимининг ўзи касалликни бартараф этиши мумкин.

Бизнесга йўл

Бу усул нафақат илм-фан, балки фармацевтик бизнес ютуғига ҳам айланди. Ғояни патентларда акс эттиришга муваффақ бўлинди: ҳар бир компания оқсилларни ўчириб, иммунитетни озод қилувчи антижисмларини рўйхатдан ўтказади. Ушбу патентлар асосида мамлакатнинг тегишли тиббиёт муассасасида сертификатдан ўтган дори воситалари ишланади.

FDA (Food and Drug Administration, Соғлиқни сақлаш вазирлиги муқобили) томонидан тижорий фойдаланишга рухсат бериладиган жаҳон биотех флагмани ҳисобланган АҚШда одамларда уч босқичли клиник синовдан ўтиш керак. Бундай тадқиқотлар чиқимлари илмий ишланма ва патент олиш харажатларидан кўп бараварга ошади – улар миллиардлаб суммаларда ҳисобланади. Табиийки, фармкомпаниялар уларга фақат сотувлардан кейин бу харажатларни кўп карра қоплаб олиш мақсадидагина розилик беришади. Шу боис саратонга қарши препаратлар яратишнинг ривожланиш суръатини бозор белгилаб беради. Компаниялар онкологиянинг қандай турлари билан яхшироқ ишлаши, саратоннинг қайси тури учун дори тезроқ ишлаб чиқилиши ва кўпроқ даромадга эга бўлишини танлайди.

“Шубҳасиз, препаратнинг нархи қисман патентлар билан ҳам белгиланади. Унинг қиймати, энг аввало, фармацевтик компаниялар томонидан белгиланади”, - дейди шифокор-онколог, Олий онкология мактаби резиденти Полина Шило. У бошқарувчи органлар дори воситаларининг нархини имкон доирасида пасайтириши мумкинлигини қайд этди, лекин, афсуски, ҳозирча бозорда жуда самарали молекула ишлаб чиқарувчи биргина ўйинчи бор экан, у ҳар қандай монополист каби препаратни ишлаб чиқаришдан максимал даромад олишга ҳаракат қилади

Саратонни даволашда янги давр

CTLA4 оқсилини блокловчи биринчи дори воситаси 2011 йилда АҚШда операция қилиб бўлмайдиган, метастаз берувчи меланомага қарши клиник амалиётда қўллаш учун тасдиқланган эди. 2014 йилда меланомага қарши яна икки дори воситаси тасдиқланди – ўпка ва буйраклар саратонига қарши. Қўлланувчи терапия PD1’ни блоклайди. 2016-2017 йилларда ўпка саратони, пешоб пуфаги саратони ва бўйин саратонига қарши дори воситалари тасдиқланди.

Фото: EPA

Меланома терапияси шок натижа кўрсатди ва бу усулнинг кучига ишонч бағишлади. Шифокорлар илгари бир йилдан кам яшашини тахмин қилган баъзи беморлар учун ҳатто “даволаш” сўзи қўлланмоқда. Ҳар ҳолда анти-CTLA4 терапиясидан кейин беморларнинг умри уч йилга узайиши ҳолатлари 37 фоизни ташкил қилган, анти-PD1’да— 56 фоиз, аралаш усул эса 68 фоиз беморларга омон қолиш имконини берган.

Иммунотерапиянинг янги механизми универсал, шунинг учун ҳозир усуллар ва антижисмлар шиддат билан пайдо бўлмоқда: АҚШ ва Хитойда янги дориларни синовдан ўтказиш учун ҳатто беморлар етишмаяпти.

Меланомани даволаш учун биринчи антижисм Жеймс Эллисон томонидан кашф қилинган ипилимумаб бўлди. Уни бозорга олиб чиқиш учун Medarex стартапи ташкил қилинди, у кейинроқ Американинг Bristol-Myers Squibb фармкомпанияси томонидан 2,4 миллиард долларга сотиб олинди.

Ниволумаб ҳам Medarex’да кашф қилинган, препарат ўша ерда ва Ono Pharmaceutical’да ишлаб чиқилган, бозорга эса уларни икки компания олиб чиққан: Ono ва Bristol-Myers Squibb. Дори воситаси майда ҳужайрали ўпка саратони ҳамда буйраклар саратонига қарши қўлланади. Даставвал меланомани даволаш учун тасдиқланган пембролизумаб антижисми Нидерландияда Organon компаниясида ишлаб чиқилган. Компания 2007 йилда Schering-Plough томонидан харид қилинган, уни эса ўз навбатида, 2009 йилда Merck фармгиганти сотиб олган. Бундай препаратлар номларидаги “-ab” қўшимчаси инглиз тилидаги antibody сўзининг қисқартирилган шаклидир, бу препаратларнинг бари PD1 ёки CTLA4 оқсилларини боғловчи ва блокловчи антижисмлардан иборат.

Фото: REUTERS

Инқилоб давом этмоқда

2017 йилда FDA маълум бир генетик характерга эга, операция қилиб бўлмайдиган ва метастаз берувчи хавфли қаттиқ ўсимталарни даволаш учун пембролизумабни тасдиқлади. Ушбу онкологик касалликни маҳаллий органга эмас, саратон ҳужайраси генлар тўпламига йўналтириш қарори жуда муҳим янгилик бўлди. Бундай тажриба терапияни такомиллаштириш имконини беради: саратон ҳужайралари соғлом ҳужайралардан фарқ қилади ва уларни даволаш усули улар пайдо бўлган органга эмас, хавф турига қараб белгиланади.

Genentech/Roche’да ишланган атезолизумаб саратон ҳужайралари турига кўра тасдиқланди. Авелумаб (Merck KGaA, Pfizer ва Eli Lilly and Company) ва дурвалумаб (Medimmune/AstraZeneca) бугунги кунга қадар тасдиқланган антижисмлар рўйхатини тугаллайди. Бироқ бу дорилар истаган вақт эскириши мумкин: ўнлаб препаратлар синов босқичида, тасдиқланган антижисмлар эса саратоннинг бошқа турлари бўйича синовдан ўтказилмоқда.

“Саратоннинг кўп турлари бўйича тадқиқотларга ҳали етиб келинмади: FDA’дан олинган илк рухсатлар давридан атиги 3-4 йил вақт ўтди. Ҳар ҳолда саратоннинг ҳануз тасдиқланмаган кўплаб турлари (масалан, тухумдонлар ва кўкрак бези) ишлаб чиқилган антижисмлар таъсир қиладиган маркерларни кўрсатмоқда, бу эса уларни саратоннинг шу турларида ҳам қўллаш имконига ишора қилади”, - дея тахмин қилмоқда BIOCAD компанияси молекуляр генетика лабораторияси раҳбари Дмитрий Мадера.

Шу тариқа академик тадқиқотлар ҳалокатли онкологик касалликларнинг янги самарали даволаш усуллари кашф қилинишига олиб келди. Буларнинг бари фундаментлар илм-фан самарасидир.

Лола Раҳманбаева
Тайёрлаган Лола Раҳманбаева
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид