Жаҳон | 21:26 / 22.10.2018
2886
2 дақиқада ўқилади

Жанубий Корея ва КХДР ўртасидаги 11 та пост демонтаж қилинади

Шимолий Корея, Жанубий Корея ва асосан АҚШ томонидан тақдим қилинган БМТ қўмондонлиги Бирлашган хавфсизлик ҳудудидаги 11 та қўриқлаш постини демонтаж қилиш ва у ердан барча қуролларни олиб чиқишга келишиб олди. Бу ҳақда Жанубий Кореянинг миллий мудофаа вазирлиги уч томон вакиллари музокаралари якунларига кўра маълум қилди.      

Вазирлик маълумотларига кўра, йил охиригача Жанубий ва Шимолий Корея ўртасидаги ҳарбий-демаркацион чизиқдан бир километр радиусда жойлашган 11 та қўриқлаш пости демонтаж қилинади, чунки уларнинг бир-бирига яқинлиги қуролли тўқнашув хавфини ошириши мумкин. Шунингдек, шу сабабга кўра Пханмунджом пунктидаги Бирлашган хавфсизлик ҳудудидан барча қуролни олиб ташлаш ва у ердаги ҳарбийлар сонини ҳар бир томондан 35 нафаргача қисқартириш режалаштирилмоқда. 

Жанубий Корея ва КХДР чегарасида жойлашган Пханмунджомдаги хавфсизлик ҳудуди асосан америкалик ҳарбийлардан иборат БМТ қўмондонлиги юрисдикцияси остида ҳисобланади. Унинг қуролсизлантирилиши бўйича келишув Жанубий Корея ва КХДР етакчилари ўртасида эришилган.

Ушбу ҳудуд 1950-1953 йилларда Корея уруши тугагандан кейин яратилган. Бу Шимолий Корея ва Жанубий Корея ҳарбийлари бир-бирига бевосита яқинликда бўлган чегарадаги ягона ҳудуд бўлиб, икки давлат ҳарбийларини бир неча метрларгина ажратиб туради. Аввал бу ҳудудда бир неча бор қуролли ихтилофлар юз берган.  

Шуҳрат Раҳимов
Тайёрлаган Шуҳрат Раҳимов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид