Жаҳон | 08:56 / 23.10.2018
53749
2 дақиқада ўқилади

Хитойда дунёдаги энг узун денгиз кўприги очилди

Ҳонгконг, Макао ва Гуангдонг провинциясининг Чжухай шаҳрини боғлайдиган, 55 километрлик дунёдаги энг узун денгиз кўприги сешанба куни Хитой жанубида расмий равишда очилди.

Фото: AP

Хитой марказий телевидениеси хабар беришича, очилиш маросими ХХР раиси Си Цзиньпин, Ҳонгконг маъмурияти раҳбари Кэрри Лам, ХХР Давлат кенгаши бош вазири ўринбосари Хань Чжэн, Гуангдонг провинцияси партияси қўмитаси котиби Ли Си ва тахминан 700 нафар меҳмон иштирокида Чжухай шаҳрида бўлиб ўтди.

Фото: AP
Фото: AP

Ҳонгконг ва Гуангдонг провинциясини кўприк билан боғлаш ғояси 1980-йиллар охирида пайдо бўлган, аммо йигирма йилдан кўпроқ вақт мобайнида эҳтимолий лойиҳалардан бири бўлиб қолди. 2003 йилда Хитой марказий ҳукумати лойиҳани олдиндан ҳисоблаш ва ишлаб чиқиш ҳақида кўрсатма берди.

Кўприк қурилиши 2009 йил декабрь ойида бошланди. У 2016 йилда тугалланган бўлиши керак эди, бироқ кўплаб омиллар, жумладан, коррупция, бюджетни қайта кўриб чиқиш, авариялар, бахтсиз ҳодисалар ва ноқулай об-ҳаво шароитлари бунга тўсқинлик қилди. Шунга қарамай, 24 октябрь куни Ҳонгконг, Макао ва Чжухай аҳолиси янги транспорт йўлининг афзалликларига баҳо беришлари мумкин бўлади, у Ҳонгконгдан Чжухайгача масофани уч соатдан 30 дақиқагача қисқартиради.

Фото: REUTERS

Лойиҳа муҳандислари мураккаб тузилмани яратишди, у умумий узунлиги 22,9 км бўлган сув устидаги кўприкнинг бир неча қисми, 6,7 километрлик сув ости туннели, бир неча сунъий ороллар, шунингдек, махсус чегара назорат-ўтказиш пунктларидан иборат.

Пўлат кўприкнинг оғирлиги 400 минг тоннани ташкил этади. У 120 йилгача хизмат кўрсатиши керак ва соатига 300 километрдан кўпроқ шамол тезлигига эга жуда кучли тўфон ҳамда 8 магнитудали зилзилага бардош беради.

Фото: REUTERS
Фото: REUTERS
Фото: REUTERS
Фото: REUTERS
Фото: REUTERS
Фото: REUTERS

 

 

Мавзуга оид