Жамият | 18:41 / 25.10.2018
73586
11 дақиқада ўқилади

«Ўзбек» ва «пахта» деган тушунчалар нега чамбарчас боғланиб қолган?

Пахта Ўзбекистон ҳудудида асосий экин мақомини эгаллаганига бир асрдан ошди. Даромади ва стратегик аҳамияти жиҳатдан ҳеч бир экин пахтага ета олмагани боис собиқ иттифоқ даврида уни етиштириш узоқ йиллар давлат сиёсати, миллий мафкура даражасига кўтарилди. Ҳозир-чи, вазият ўзгарганми?

Ўзбекистон ҳудудида азалдан пахта етиштириб келинган. Фақат унга тижорат ва даромад имконини берувчи экин сифатида қаралган. Бадавлат инсонлар бозор тамойиллари асосида ерларни харид қилганлар ёки ижарага олганлар, ўзлари маблағ тикиб ишчи ёллаганлар ва ҳосилни ҳам ўз истакларига кўра тасарруф этганлар. Давлат бу ўринда асосан ердан ёки ҳосилдан солиқ олувчи мақомида бўлган. Бухоро амирлиги, Қўқон хонлиги хорижга, хусусан Россияга катта миқдорда пахта экспорт қилган ва ҳудуд пахтаси воситачилар орқали Европа мануфактурасида ишлатилган. Ўша йиллардаёқ Ўзбекистон пахтаси тола сифати жиҳатдан етакчилардан бўлган.

Ҳозирги ҳудудий шаклда собиқ иттифоқ таркибида бўлган Ўзбекистонда 1933 йилдан бошлаб пахта расман республиканинг асосий экини даражасига кўтарилганди. Бу экинни етиштириш тартиби, ҳосил миқдори, нархи ва бошқа муҳим жиҳатлари марказдан аниқ кўрсатмалар ҳамда режалар асосида белгилаб берилди.  

Иккинчи жаҳон уруши йилларида пахтанинг стратегик аҳамияти кескин ортди. Ундан халқ хўжалиги ва мудофаа мақсадларида элликдан ортиқ маҳсулот олинарди. Урушдан кейинги йилларда ҳам пахтанинг аҳамияти камаймади, аксинча йил сайин орта борди.

Республиканинг бутун салоҳияти улкан хирмон яратишга сафарбар қилинди, одамлар онгига бу экин муқаддас экани тўғрисидаги мафкура сингдирилди, халқнинг бутун меҳнати, деярли барча соҳалар ҳосилдорликни оширишга хизмат қилди. Дунёда ўхшаши бўлмаган пахтачилик институтлари, илмий-тадқиқот марказлари иш бошлади, адабиёт, санъатда пахта улуғланди, бутун жамият ягона мақсад билан ҳаракат қилди. Республика мадҳияси ва гербида пахта алоҳида бандни эгаллагани бежиз эмасди.

Бу ҳаракатлар бесамар кетмади албатта. Ўзбекистонда пахта етиштириш улкан машаққат эвазига санъат даражасига кўтарилди ва пахтакорлар (гарчи аксарияти ўртамиёна кун кечирса-да) энг шарафли касб эгаларига айланишди. Ўзбекистон тажрибаси хорижнинг қатор давлатларида қўлланила бошланди. Ўзбек пахтаси умумий ҳосил миқдори жиҳатдан АҚШ, Ҳиндистон каби йирик давлатлар билан, тола сифати жиҳатдан етакчи бўлган Миср пахтаси билан беллашишга киришди. Ҳосилдорлик йилдан-йилга ортиб бориб, охир-оқибат 6 млн тонналик марра кўзлана бошланди.

Шу билан бирга, пахта сиёсати аҳолининг турмуш даражасига, республика ресурсларига салбий таъсирини ўтказмай қолмади. Эртаю-кеч оғир меҳнат халқни эзиб қўйди, пахтага қарши фикр айтиш ҳам мумкин бўлмай қолди, етиштириш жараёнига халал берувчи ҳар қандай инсон шафқатсизларча жазоланди.

Айниқса ҳосилни йиғиб олиш ёки «пахта» мавсумида тирик жон борки, ҳамма сафарбар қилинарди. Ўша мураккаб йилларда жанозалардан ҳайдаб кетилган, ёки тобут кўтариб бораётганлар одамлар тўхтатилиб, аксарияти пахта теришга олиб кетилгани ҳақида маълумотлар бор. Пахта териш мавсумининг декабрь ойи ўрталарига қадар давом этиши оддий ҳолга айланади. Баъзан айрим ҳудудларда далага чиқиб, пахта излаш ишлари янги йил байрамигача чўзилгани қайд этилган.

Ернинг узлуксиз кимёвий ўғитланиши, етарли даражада ишлов берилмасдан зўриқтириб ишлатилиши аста-секин ўз таъсирини кўрсата бошлади. Сув ресурсларидан оқилона фойдаланмаслик ва асосан битта йўналишга сафарбар қилиш чорвачилик, бошқа экинлар соҳаларига салбий таъсир қилди, пахта учун ҳеч нарсани аямаслик ортидан Орол муаммоси бўй кўрсатди.

Ўзбекистон аҳли «муқаддас экин» учун эртаю-кеч тиним билмаса-да, турмуш даражаси бошқа республикаларга нисбатан анча паст эди. Аммо марказ тобора кўпроқ ҳосил талаб қилар, бажармаслик оғир оқибатларга олиб келарди. Бу янги муаммони – қўшиб ёзишни келтириб чиқарди. Ўн йиллар давомида бу ҳолат давом этиб, тўсатдан даҳшатли якун топди ва «Ўзбеклар иши», «Пахта иши» бошланди. Республика бўйлаб олиб борилган терговлар натижасида 70 мингдан ортиқ киши сўроқ қилинди, 22 мингдан ортиқ одам ҳибсга тортилди. Уларнинг мутлақ кўпчилиги пахта учун жонфидо қилган малакали мутахассислар эди.

Мустақиллик йилларида

Истиқлолга эришган Ўзбекистон жиддий муаммога дуч келди. Ҳали янги иқтисодий шароитларга кўникмаган, бозор тамойилларини англаб етмаган аҳоли нон муаммосига дуч келди. Давлат захиралари тугаб битди. Шундай пайтда бир қарашда инқилобий ислоҳот ўтказилди – пахта майдонлари кескин қисқартирилиб, ғалла етиштириш бошланди. Бир неча йиллардагина ғалла мустақиллигига эришилди ва нон муаммоси бартараф этилди.

Аммо шунда ҳам пахтанинг ўрни жуда муҳимлигича қолди. Гарчи деҳқон-фермер хўжаликлари тузилган, ер маълум маънода эгали бўлсада, давлат ҳосилнинг асосий буюртмачиси ҳамда бутун жараён бошқарувчиси сифатидаги мақомини сақлаб қолди.

«Пахта» мавсумидаги оммавий сафарбарликлар собиқ иттифоқ давридагидек қаттиқ бўлмасада, барибир бюджет ташкилотлари, талабалар ва ҳатто мактаб ўқувчилари бу жараёнга ёппасига жалб қилиниши давом этди.

Собиқ иттифоқ даврида муҳим аҳамият касб этган терим машиналари аста-секин сафдан чиқиб кетди, ҳосил асосан қўл меҳнати эвазига йиғиб олина бошланди. Олдинроққа кетиб айтиш мумкинки, терим машиналарини қайта тиклаш йўлидаги бир неча лойиҳа барибир ҳаётга татбиқ этилмай қолди ва бу борадаги ҳар қандай янгилик қисқа муддатлардан кейин унутилди.

Пахта сиёсатининг сусайиши, қатор халқаро ташкилотларнинг танқиди, пахта хариди бўйича бойкотлар аста-секин ўз самарасини бера бошлади ва дастлаб болалар меҳнатидан воз кечилди.

Сўнгги уч йил

2016 йил

Биринчи президент Ислом Каримовнинг ўлимидан сўнг Шавкат Мирзиёев дастлаб президент вазифасини бажарувчи, сўнгра умумхалқ сайловлари натижаларига кўра президент этиб сайланди.

Шавкат Мирзиёев давлат раҳбари сифатида дастлаб иш бошлаган пайтлари айнан пахта йиғим-терими мавсумига тўғри келди. Мавсум сафарбарлиги одатга кўра давом этар, бюджет ташкилотлари ходимлари навбати билан, коллеж ва ОТМ талабалари (пойтахтдан ташқари) ёппасига «пахтага ҳайдалганди». Оммавий сафарбарлик 60 кундан ортиқроқ давом этди. Тегишли тақиқларга қарамасдан айрим ҳудудларда мактаб ўқувчилари ҳам пахтага жалб қилингани тўғрисида маълумотлар тарқалди, аммо табиийки булар расман тасдиқланмади.

Шу билан бирга, санъат олами вакиллари, машҳур инсонларнинг пахта терими жараёнида қатнашаётгандек кўрсатиладиган суратлари ва селфилари кўпая бошлади.

Терилган пахтанинг ҳар бир килограмми учун ўртача 250-300 сўмдан ҳақ тўланди. 

2017 йил

Бу йилнинг пахта мавсуми болалар меҳнатидан бутунлай воз кечилгани, агар кимдир бунга йўл қўйса қатъий чоралар кўрилишини таъкидлаш билан бошланди. Ҳақиқатдан ҳам болалар терим жараёнига жалб қилинмади.

Аммо бюджетга қарам бўлган ўқитувчиларнинг кўп қисми далага чиқишда давом этди. Бу ҳол ўқув жараёнига таъсир этмай қолмади. Соғлиқни сақлаш тизими ва бошқа бюджет ташкилотлар одатдагидек ҳашарга қатнаша бошлади. Шунингдек, тадбиркорларни теримчи топиб беришга мажбурлаш амалиёти давом этди.  

Аҳоли зич ва пахта майдони кам бўлган ҳудудлардан, хусусан Фарғона водийси вилоятларидан минглаб теримчилар поездларда Жиззах, Сирдарё, Тошкент каби вилоятларга олиб келинди. Кўплаб вилоятларда талабалар одатдагидек махсус белгиланган режа бўйича пахта далаларига йўл олдилар, ҳали сафарбар қилинмаган ОТМлар ҳам бу жараёнга тайёргарлик кўра бошлади.

Ана шундай кунларда тарихий воқеа юз берди.

Президент Шавкат Мирзиёев шу йилнинг 19 сентябрь куни Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида нутқ сўзлади ва ҳудуднинг жиддий муаммоси – Орол денгизи қуриб боришига дунё ҳамжамияти эътиборини қаратди.

Бу воқеанинг мавзуга алоқадор қисми президент қайтиши билан маълум бўлди. 21-22 сентябрь кунлари барча талабалар тўсатдан ва ҳеч бир изоҳларсиз пахтадан қайтарилди.

Терилган пахтанинг ҳар бир килограмми учун ўртача 450-500 сўмдан ҳақ тўланди. Айрим вилоятларда бошқаларга нисбатан кўпроқ ҳақ тўлаш тажрибаси қўллана бошланди.

2018 йил

Президент эндиликда пахта етиштиришда кластер усули қўлланилишини маълум қилди. Бу ерларни тайёрлашдан бошлаб экинни етиштириш, ҳосилни йиғиб олиш, сақлаш ва қайта ишлашдан тортиб тайёр маҳсулотни сотишгача бўлган барча жараёнларни битта бошқарув тизими ҳолида ишлашдан иборатдир.  

Жорий йилда ҳали пахта мавсуми бошланмасиданоқ мажбурий меҳнатнинг ҳар қандай турига кескин чоралар кўрилиши ҳақида расман – президент ва ҳукумат даражасида эълон қилинди. Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири Шерзод Кудбиев бундай ҳолатлар алоҳида назоратга олиниши ва пахта йиғим-терими мавсумида мажбурий меҳнатга оид ҳар бир шикоят ўрганилиб, тегишли чоралар кўрилишини билдирди. Шунингдек, Бош прокуратура, Ички ишлар вазирлиги каби ташкилотлар ҳам бундай ҳолатларга қарши курашиши бўйича баёнотлар беришди.

Шу билан бирга кўнгилларни пахта майдонларига жалб этиш бўйича кенг қамровли ишлар амалга оширилди. Энг биринчи навбатда иқтисодий рағбатлантириш усули қўлланилиб, биринчи теримданоқ 650 сўмдан 1000 сўмгача ҳақ тўлана бошланди. Айрим фермер хўжаликлари кўпроқ теримчи жалб қилиш учун янада кўпроқ ҳақ тўладилар. Олдингидек беш кунликда эмас, заруратга кўра ҳар куни терим пулларини тарқатиш тизими ишга тушди. Теримчиларга шароит яратиш, егулик билан таъминлаш йўлга қўйилди. Маҳаллаларда ишсиз юрганларни мавсумий ишга жалб этиш бўйича махсус отрядлар тузилди.

Сирдарё, Андижон каби вилоятлар ҳокимлари шахсан ўзлари ҳам пахта теришда иштирок этишди.

Пахта тайёрлаш режасини биринчилардан бўлиб бажарга туманлар раҳбарлари пул мукофотларига эга бўлдилар, сусткашликка йўл қўйган ўнлаб ҳокимлар ва амалдорлар мансаб курсиларидан айрилишди.

Президент фақат пахтага боғланиб қолмай, қайси экин тури кўпроқ даромадли бўлса, шу етиштирилишини билдирди ва шу тарзда «пахтанинг мутлақ гегемонияси» деган тушунчага чек қўйилди. Гарчи онда-сонда пахта теримига асоссиз жалб қилиш тўғрисида маълумотлар тарқалиб турган бўлсада, айнан 2018 йил бу борадаги мажбурий меҳнат ҳам узил-кесил якунига етган йил сифатида тарихга кирди.

Аброр Зоҳидов

Мавзуга оид