Жаҳон | 21:18 / 29.10.2018
33106
2 дақиқада ўқилади

Муаммар Қаззофийнинг музлатилган ҳисоб рақамларидан миллиардлаб евро йўқолди

Бельгияда Ливиянинг собиқ раҳбари Муаммар Қаззофийнинг музлатилган ҳисоб рақамларидан бир неча миллиард евро йўқолди. Бу ҳақда RTBF телерадиокомпанияси эфирида маълум қилинди.

Маълумотларга кўра, Euroclear банкидаги музлатилган ҳисоб рақамларидан 3 млрддан 5 млрд еврогача пул йўқолган. Тахминлардан бирига кўра, бу пуллар Ливиядаги гуруҳларни молиялаштиришга йўналтирилган бўлиши мумкин.

Каззофийнинг активлари унинг ўлимидан кейин 2011 йилда БМТ Хавфсизлик кенгаши ва Бельгиядаги 4 та банк томонидан музлатилган. 

Бельгия федерал парламенти депутати Жиль Кине БМТ Каззофийнинг ҳисоб рақамидан пуллар йўқолгани юзасидан тергов олиб бораётганини маълум қилган. Унинг айтишича, БМТ ҳужжатлари Бельгия томонидан Ливия активларининг музлатилиши бўйича қарорга амал қилинмаганидан дарак беради. 

“Биз катта можарога айланиб кетиши мумкин бўлган вазиятга ойдинлик киритмоқчимиз, чунки юзлаб миллион евролар Ливиядаги номаълум кимсаларга жўнатилган”, деб айтган депутат.

Жорий йилнинг 8 мартида Бельгияда Қаззофийга яқин одамлар ҳисоб рақамларидан 10 млрд евродан кўпроқ пул йўқолгани маълум қилинганди. Ушбу пуллар 2013 йилдан 2017 йилгача давр ичида йўқолган.

Каззофий Ливияга 40 йилдан кўпроқ бошчилик қилган. У 2011 йил октябрда давлат тўнтаруви ва Ливияга НАТО қўшинларининг кириши вақтида ўлдирилган. Бу кейинчалик Ливиянинг парчаланиши ва фуқаролик урушига олиб келган.

Мавзуга оид