Иқтисодиёт | 22:08 / 31.10.2018
5505
2 дақиқада ўқилади

"Ўзагротехсаноатхолдинг" ва "ДСТ-Урал" заводи ўртасида меморандум имзоланди

Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан ўтказилган “Ўзбекистон Республикаси ва Россия Федерацияси ўртасидаги ҳудудлараро ҳамкорлик биринчи форуми” амалда ўз натижасини кўрсатмоқда. Россиянинг қишлоқ хўжалиги техникаларини ишлаб чиқарувчи етакчи заводи ҳисобланган "ДСТ-Урал" расмий сайтида Ўзбекистоннинг "Ўзагротехсаноатхолдинг" АЖ билан имзоланган меморандуми ҳақида маълумот берилди.  

Хабарга кўра, меморандум "ДСТ-Урал" заводи директори Алексей Синелников, "Ўзагротехсаноатхолдинг" компанияси раиси Мухтор Каримов ва "Росинвест" саноат гуруҳи бош директори Сергей Чеботаренколар ўртасида имзоланган.

"Биз таклиф қилган шартлар шаффоф. Биз инвесторлар келиши учун барча керакли шароитларни яратамиз. Мамлакатимиз улкан салоҳиятга эга ва биз Ўзбекистонда машинасозликни ривожлантиришни истаймиз",- дейди Мухтор Каримов.

Алексей Синелников ҳам, ўз навбатида, "Бизга жуда яхши иш шароитига эга бўлган ишлаб чиқариш майдони таклиф этилди. Тошкентдаги ҳамкорларимизнинг дўстона муносабатда эканликлари ва улардаги замонавий Ўзбекистонда жиддий ишлаб чиқариш жараёнларини ривожлантиришга бўлган самимий иштиёқ юқори эканлигини алоҳида таъкидламоқчиман”, дея ўз фикрини билдирди.

Мазкур меморандум "Ўзагротехсаноатхолдинг" мажмуасида йўл қурилиши ва қишлоқ хўжалиги учун махсус занжирли тасма техникасини ишлаб чиқарадиган корхона ташкил этишни назарда тутади.

"ДСТ-Урал" заводи – Россиядаги қишлоқ хўжалиги техникаларини ишлаб чиқарувчи етакчи завод ҳисобланади. Завод 1998 йилдан буён фаолият юритиб келмоқда.

Мавзуга оид