Жамият | 15:00 / 01.11.2018
50447
13 дақиқада ўқилади

Мигрантлар ҳамон сарсон. Ким кимни алдаяпти?

«Kun.uz» сайтида Россияга Самарқанд шаҳрида жойлашган «Россия Федерациясига меҳнат мигрантларини кетишдан олдин тайёрлаш ва жўнатиш маркази» орқали қонуний йўл билан кетган 23 нафар меҳнат мигрантларининг саргардонлиги ҳақида шу йилнинг 17 сентябрь куни мақола эълон қилинган эди. Мазкур мақолада Россияда турли оворагарчиликларни бошдан кечириб, юртимизга қайтиб келган муҳожирлар мурожаати асосида таҳририят томонидан олиб борилган ўрганишлар натижаси ҳақида батафсил маълумот берилган эди.

18 сентябрь куни Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги сайтида ушбу мақола бўйича текширув ўтказилаётгани эълон қилинди.

Сайтимизда ушбу маълумотга нисбатан таҳририят муносабат ҳам билдирилди.

Вазирлик маълумотида «қандай сабабга кўра бўлмасин, давлат томонидан хорижга ишга юборилган фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатлари ҳар доим назоратга олинади, хусусан, Самарқанд шаҳридаги «Россия Федерациясига меҳнат мигрантларини кетишдан олдин тайёрлаш ва жўнатиш маркази» томонидан Россияга ишлаш учун бориб, меҳнат шартномаси тугамасидан юртимизга қайтган фуқаролар – Аббос Ибодуллаев ва Ғанижон Икромовга барча кўрган моддий зарарлари тўлаб берилади, яъни уларнинг ишга кетиш учун сарфлаган харажатлари қайтарилади. Бу ҳақида Агентликка Марказ директори Р.Гусев шахсан хабар қилди. Шунингдек, иш жойини ташлаб, номаълум манзил бўйича Россияда юрган гуруҳдаги 7 нафар фуқарони ҳозирда излаб топиш ишлари олиб бориляпти, уларнинг қаердалиги аниқлангач, улар жисмоний жиҳатдан енгилроқ ишларга жойлаштирилади», – дея ваъда берилган.

Youtube'да кўриш

Mover'да кўриш

Лекин ҳанузгача ушбу ваъда бажарилмаган. Юртимизга саргардонликлардан кейин қайтиб келган меҳнат муҳожирларининг қайта мурожаати, Россияда қолаётган муҳожирлар аудио ва видео мурожаатлари, уларнинг ота-оналари фикрлари асосида ушбу мавзуга яна қайтдик.

Уларга кўмак берилмаяти

– Мен Россиядан яқинда қайтдим, – дейди ургутлик Убайдулла Ахтамқулов. – Бошимдан қандай оғир кунлар ўтгани ўзимга аён. Бизни алдашди. Танишлардан йўлкира учун қарз олиб, қанча оворагарчиликлар билан келдим. Қонуний йўл билан ишлаш учун кетамиз, деб жуда кўп пул сарфладик. Якунда барчасига куйдик. «Самарқанд шаҳрида жойлашган «Россия Федерациясига меҳнат мигрантларини кетишдан олдин тайёрлаш ва жўнатиш маркази»га мурожаат қилдим. Аммо ҳеч қандай натижа йўқ.

Аввалги мақолаларда исми келтирилган ургутлик Аббос Убайдуллаев ҳам мутасаддилар томонидан берилган ваъдалар бажарилмаётганини бидирди.

– Россияга қонуний йўл билан ишлашга бориш учун «Ипотекабанк» вилоят филиалидан 900 АҚШ доллари миқдорида кредит олган эдим, – дейди у биз билан суҳбатда. – Аммо сарсон бўлиб, бир тийинсиз, қарзга ботиб, қайтиб келдик. Банкдан эса кредитни узиб бориш керак. Ҳозир бунга имкониятим йўқ. Қонуний йўл билан кетамиз, деб шунча балога гирифтор бўлдик. Дардимизни эшитадиган, муаммомизни ижобий ҳал қиладиган на бир ташкилот, на бир идора бор. Ҳаммаси қуруқ гап билан қутулмоқда. Нима қилишга ҳам ҳайронмиз.

Биз бу масалада айни вақтда Россияда қолаётган мигрантларнинг яқинлари билан ҳам суҳбатлашдик.

– Ўғлим Жонрид Худойқулов Самарқанд шаҳридаги «Россия Федерациясига меҳнат мигрантларини кетишдан олдин тайёрлаш ва жўнатиш маркази» томонидан Россияга ишга кетган эди, – дейди пайариқлик Аваз Худойбердиев. – Ўзим унга «Болам, ноқонуний йўл билан кетма, қонуний йўл билан ишга бор. Хотиржам ишлайсан», дея маслаҳат бергандим. Шунча харажат, шунча оворагарчиликлар-у қийинчиликларга дучор бўлишини билмабман.

– Турмуш ўртоғим Бобур Эшпўлатов Россияда турли қийинчиликларни бошидан кечирмоқда, – дейди жомбойлик Гулбаҳор Ҳусайнова. – «Россия Федерациясига меҳнат мигрантларини кетишдан олдин тайёрлаш ва жўнатиш маркази»га бир неча бор бордик. Аммо фойдаси йўқ. Бизга бу масалада ёрдам беринг.

Айни вақтда Россияда қолаётган жомбойлик Бобур Эшпўлатов бизга ўз ҳолати бўйича видео орқали маълумот берди ва марказда берилган ваъдалар ҳаммаси ёлғон бўлиб чиққанини айтди.

Шунингдек, Россияда қолаётган Каттақўрғон шаҳридан бўлган Даврон Эшнаев ва нарпайлик Аҳрор Тожиев ҳам бўлиб ўтган воқеаларни аудио хабар орқали айтиб берди.

Ким кимни алдаяпти?

Шу ўринда бир ҳолатга эътибор берайлик.  Мehnat.uz  сайти орқали вазирлик берган маълумотида «Мазкур ҳолатни атрофлича ўрганиш ҳамда вазиятни холис баҳолаш мақсадида Ташқи меҳнат миграцияси масалалари агентгили бу ишга тааллуқли юридик ва жисмоний шахслар билан суҳбатлашиб, вазиятга ойдинлик киритди. Аввало, Москва шаҳрига ишлаш учун юборилган 23 нафар фуқародан иборат гуруҳга бошлиқ этиб тайинланган Багиров Ботир Мамашарифович берган маълумотларга эътиборингизни қаратсак…. Б.Багиров томонидан айтилган бу маълумотлар унинг шахсий имзоси билан ҳам ёзма тасдиқланган. «Евроосиё Меҳнат ресурслари» МЧЖнинг  Ўзбекистон Республикаси Ташқи меҳнат миграцияси масалалари агентлигига юборган расмий хатида ҳам Б.Багировнинг рухсатнома олишдаги кечикиш сабаблари, ишга борган фуқароларнинг жисмоний жиҳатдан чиниқмагани ва ишлашдан бош тортишлари билан боғлиқ маълумотлари янада аниқроқ қилиб баён этилган», дея келтирилган.

Шу ва «Россия Федерациясига меҳнат мигрантларини кетишдан олдин тайёрлаш ва жўнатиш маркази» директори Р.Гусев билан олиб борилган суҳбат асосида вазирлик меҳнат мигрантларининг ўзларини айбдор қилиб кўрсатган ҳамда қуйидаги важларни кўрсатган:

- Россия Федерациясида ишлаш ҳуқуқини берувчи рухсатнома олишнинг кечикиши, мақолада таъкидланганидек, номаълум сабаблар билан эмас, балки айрим фуқароларнинг тўлов пулини вақтида бермагани боис юзага келган;

- ишга борган фуқаролардан баъзиларининг белгиланган жойдан бошқа ерда тунаганлиги акс этган суратлар эса уларнинг сарсон-саргардонлигидан эмас, балки бошқаларни ҳам иш ташлашга ундагани сабаб, иш берувчилар билан келишмовчиликка боргани оқибати эканини айтиб ўтиш жоиз. Ваҳоланки, улар билан бир вақтда кетган бошқа фуқаролар ўз ишларини сидқидилдан бажаргани ва иш берувчилар талабларига тўла жавоб берганликлари учун бундай вазиятга тушишмаган;

- Москва шаҳридаги «Евроосиё Меҳнат ресурслари» МЧЖ – «Иш берувчи» номидан Самарқанд шаҳридаги «Россия Федерациясига меҳнат мигрантларини кетишдан олдин тайёрлаш ва жўнатиш маркази» директори Р.Гусев ҳамда меҳнат мигрантлари ўртасида тузилган меҳнат шартномасида чиндан кундуз 8 соатдан 3 кун, кечга 8 соатдан 3 кун иш ва 3 кун дам олиш куни эканлиги кўрсатилган. Бироқ ушбу ҳужжатнинг  «дастлабки меҳнат шартномаси» (мақолада ҳавола этилган мазкур шартнома номида ҳам бу ёзиб қўйилган) эканлиги ва унда кейинчалик фуқаро билан иш берувчи ўртасида асосий шартнома тузилиши ва у шартномада иш берувчининг талабларига мувофиқ, дастлабки меҳнат шартномасидан фарқланувчи ўзгартиришлар киритилиши қайд этилгани инобатга олинса, Ўзбекистондан меҳнат миграциясига юбораётган ташкилотнинг фуқаролар билан етарлича тушунтириш ишларини олиб бормагани, қолаверса, шартномада кўрсатилган юк ортувчи ва туширувчи (грузчик) ишига жисмоний жиҳатдан тайёр бўлмаган фуқароларни жалб этгани ойдинлашади.

Бу важлар қанчалик тўғри? Масалага ойдинлик киритиш учун нега юртимизга қайтиб келган мигрантлар фикри, дарди тинглаб кўрилмади? Бу бир томонлама ўрганиш эмасми?

Қолаверса, юқорида номи келтирилган ва айни вақтда Россияда бўлган Ботир Багиров видео орқали вазирликнинг бу важларни рад этди.

– Самарқандда берилган ваъдалар бажарилмади, – дейди у ўз сўзида. – Тушунтириш хатига келсак, уни сизларга яхши бўлади, деб ёздириб олган эди. Аммо ҳеч нарса ўзгаргани йўқ.

Яна шу савол: Ким кимни алдаяпти?

Қолаверса, Мehnat.uz сайти орқали вазирлик берган маълумотида «Мазкур ҳолатни атрофлича ўрганиш ҳамда вазиятни холис баҳолаш мақсадида Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги бу ишга тааллуқли ташкилотлар ва фуқаролар билан суҳбатлашиб, вазиятга ойдинлик киритган»и айтилади. Аммо Россияда қолаётган меҳнат мигрантлари бу масалада уларга ҳеч ким ёрдам бермаётгани, вазирликдан ҳеч ким келмагани, уларнинг муаммоси билан ҳеч ким қизиқмаётганини билдиришмоқда.

Яна доимий ваъдалар

Юқоридаги ҳолатлар юзасидан Самарқанд шаҳрида жойлашган «Россия Федерациясига меҳнат мигрантларини кетишдан олдин тайёрлаш ва жўнатиш маркази» директори ўринбосари Сергей Кратков билан учрашдик. Афсуски, бу борада ундан тайинли изоҳ ололмадик.

Шундан кейин ушбу ҳолатларга изоҳ олиш учун Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги Ташқи меҳнат миграция агентлиги раҳбари Равшан Ибрагимов билан учрашдик. Учрашувда агентликнинг Самарқанд филиали директори Азиз Ҳафизов ҳам иштирок этди.

Ибрагимовнинг таъкидлашича, «Kun.uz» сайтида бу масалада мақола эълон қилингандан кейин вазирликда тезкор йиғилиш ташкил этилган. Йиғилишга Самарқанд шаҳридаги «Россия Федерациясига меҳнат мигрантларини кетишдан олдин тайёрлаш ва жўнатиш маркази» директори Р.Гусев ва Россиядаги «Меҳнат ресурслари маркази» директор ўринсбосари А.Наумов таклиф этилган. Ушбу ташкилотларга жорий йилнинг 1 октябрига қадар бу масалага ойдинлик киритиш, қайтиб келган мигрантларга харажатларини қоплаб бериш, Россияда сарсонликда қолаётган қолган мигрантларга амалий ёрдам бериш бўйича муддат берилган. Аммо бугунги кунга қадар бу шартлар бажарилмаган.

Шундан кейин агентлик томонидан «Россия Федерациясига меҳнат мигрантларини кетишдан олдин тайёрлаш ва жўнатиш маркази» таъсисчилигидан чиқиш ҳақида ушбу ташкилотларга хат ва ариза юборилган.

Хўш, бундай ҳолатда мигрантларга етказилган зарар қандай қопланади? Россияга қонуний йўл билан ишга кетиб, айни вақтда сарсонликда қолаётган мигрантларга қандай амалий кўмак берилади?

Бу саволларимизга Р.Ибрагимовнинг жавоб беришича, таъсисчи сифатида фойдадан улуш олинади ва шунинг ҳисобидан юқоридаги харажатлар қоплаб берилади.

Аммо маълум бўлишича, агентлик ҳеч қандай пул маблағи ёки мулк билан таъсисчи сифатида кирмаган. Шунинг учун ҳам ҳеч қанда улуши ҳам йўқ.

Р.Ибрагимов тез орада ушбу муаммолар ечим топишини ва барча зарур чора-тадбирлар олиб борилишини билдирди.

«Kun.uz» сайти орқали бу муаммо кўтарилганидан буён анча вақт ўтди. Фақат шу каби ваъдалар билан чекланиляпти, холос. Амалда эса, ҳеч қандай ўзгариш йўқ.

Масала қачон ечим топади?

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 5 июлдаги «Ўзбекистон Республикасининг ташқи меҳнат миграция тизимини янада такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорига асосан вазирлик томонидан қатор чора-тадбирлар олиб борилаётганлигига гувоҳ бўляпмиз. Хусусан, хорижда меҳнат фаолиятини амалга оширувчи шахсларни қўллаб-қувватлаш ҳамда уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш жамғармаси ташкил этилди.

Хорижда қийин аҳволда қолган фуқароларимизни Ўзбекистонга қайтариш бўйича ишларни бошланди. Унга кўра, юртдошларимизнинг 71 кишидан иборат биринчи гуруҳи Москвадан Тошкентга 12 октябрь куни олиб келинди. 22 октябрь куни яна 42 нафари юртимизга қайтарилди.

Бу хайрли ишлар яхши, албатта. Улар ноқонуний йўл билан хорижга кетиб, оғир аҳволда қолган ва уларга амалий ёрдамлар кўрсатиляпти.

Аммо нега вазирлик мутасаддилари қонуний йўл билан Россияга кетиб, сарсонликда қолаётган ва юртимизга қайтиб келиб, қарзга ботган мигрантлар масаласини ҳал этишни пайсалга солмоқда.

Бу масала ҳам тез орада ижобий ечим топишига умид қиламиз ва яна бу мавзуга қайтамиз.

Бардошбек САМАД ўғли,
«Kun.uz» мухбири

Мавзуга оид