Спорт | 14:03 / 01.11.2018
4551
2 дақиқада ўқилади

Миллий курашга ихтисослаштирилган мактаб-интернатга ўқувчиларни танлаш тартиби белгиланди

Фото: UzA

Адлия вазирлигида “Спортнинг миллий кураш турига ихтисослаштирилган мактаб-интернатга ўқувчиларни танлаб олиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида”ги буйруқ давлат рўйхатидан ўтказилди.

Унга кўра, мактаб-интернатга ҳар йили танлов асосида 20 нафар қобилиятли ўқувчилар 5-синфга қабул қилинади, деб ёзмоқда Адлия вазирлиги телеграм-канали.

Ўқувчиларни мактаб-интернатга танлаб олишни ташкил этиш мақсадида ҳужжатлар қабул қилиниши бошланишидан икки ой олдин мактаб-интернат томонидан танлов ўтказилиши тўғрисида оммавий ахборот воситаларида эълон берилади.

Ота-оналар томонидан қабул комиссиясига ҳужжатлар ҳар йили 25 июндан 25 июлгача (шу куни ҳам) қабул қилинади.

Ўқувчилар мактаб-интернатга кириш учун умумий жисмоний тайёргарлик ҳамда махсус жисмоний тайёргарлик бўйича ихтисослик имтиҳонларини (синовларини) топширади.

Ихтисослик имтиҳонларини топширишдан олдин ўқувчилар 1–5 август кунлари ҳудудий соғлиқни сақлаш муассасасида ташкил этилган тиббий комиссия томонидан кўрикдан ўтказилади.

Ихтисослик имтиҳонлари ҳар йили 6–10 август кунлари ўтказилади.

Мавзуга оид