Жамият | 00:55 / 01.11.2018
50482
6 дақиқада ўқилади

Шикоятчи ҳамиша ҳам ҳақ бўлавермайди: Каттақўрғон туманидан бир мурожаат тафсилоти

“Kun.uz” таҳририятига Самарқанд вилояти Каттақўрғон тумани, “Муллотоғай” маҳалласидан мурожаат келиб тушди.

Унда фуқаро Т.Худойқулов хонадони асоссиз равишда электр энергиясидан узиб қўйилганлиги, бунда Мажбурий ижро бюроси туман бўлими ва туман “Электр тармоқлари” корхонаси ходимларини айбдор эканлигини баён этган.

Ушбу мурожаатни жойида ўргандик.

Маълум бўлишича, 2016 йилда туман “Қорадарё” электр таъминоти корхонаси ходими Ў.Қосимов Т.Худойқулов фермер хўжалигига ер майдонини суғоришга мослашган сув насосига бир фазали янги электр ҳисоблагични ўрнатиб берган. Электр ҳисоблагични давлат рўйхатидан ўтказишини ва электр ҳисоблагич китобчасини олиб келиб беришини айтиб, ундан тегишли ҳужжатлар ва тўловлари учун маблағни олиб кетади.

Аммо орадан икки йил ўтса ҳамки, “Қорадарё” электр таъминоти корхонаси ходими Ў.Қосимов (айни вақтда нафақада) томонидан бу ваъда бажарилмайди. Т.Худойқулов эса унга ишониб, мазкур электр ҳисоблагич рўйхатдан ўтган, деб ишониб юраверади ва фермер хўжалигидаги насос электр энергияси етарли бўлмаганлиги учун яхши ишламаганлиги боис электр ҳисоблагични уйига олиб келиб қўяди.

Кўп вақт ўтмасдан “Қорадарё” электр тармоқлари корхонасидан уч нафар назоратчи унинг уйига келиб, хонадонидаги электр ҳисоблагич эски эканлигини, янгилаш лозимлигини айтади. Т.Худойқулов эса фермер хўжалигидан олиб келган электр ҳисоблагични эскисининг ўрнига ўрнатиб беришини сўрайди ва электр ҳисоблагич давлат рўйхатидан ўтказилганлигини айтади. Унинг илтимосига кўра, электр ҳисоблагич алмаштириб берилади.

2018 йил 4 октябрь куни эса Мажбурий ижро бюроси туман бўлими ходими О.Мақсудов унинг хонадонига борганида электр ҳисоблагич давлат рўйхатидан ўтмаганлигини аниқлайди ва тегишли тартибда, далолатнома асосида хонадонни электр тармоғидан узади.

— Мажбурий ижро бюроси ходими белгиланган тартибда, асосли равишда хонадонни электр энергиясидан узган, — дейди Мажбурий ижро бюроси тумани бўлими бошлиғи Н.Туробов. — Ҳақиқатан ҳам электр ҳисоблагич давлат рўйхатидан ўтмаган бўлган. Мурожаатчининг МИБ ходими устидан шикояти асоссиз.

Мурожаатчининг иддаосича, турмуш ўртоғи тумандаги мактабларнинг бирида ўқитувчи бўлиб ишлаган даврида, яъни 2008–2015 йилларда унинг ойлик маошидан жами 4 миллион 705 минг сўм электр ҳақи учун ушлаб қолинган. Бундан ташқари, фермер хўжалигидан 2012–2018 йиллар давомида 3 миллион 100 минг сўм электр таъминоти учун хонадони ҳисобига кўчирган. 7 миллион сўмдан зиёд олдиндан тўлови мавжуд. Қарздорлиги йўқ.

Ўрганишимиз давомида мутасаддилар ҳам буни тасдиқлади. Муаммо фақат хонадондаги электр ҳисоблагич давлат рўйхатидан ўтмаганлигида. Мурожаатчи бунда “Қорадарё” электр таъминоти корхонаси собиқ ходими Ў.Қосимовни айблайди.

Ўрганишимиз давомида Ў.Қосимов билан ҳам суҳбатлашдик. У тегишли ҳужжатлар етарли бўлмаганлигини важ қилиб, электр ҳисоблагич давлат рўйхатидан ўтмай қолганлигини билдирди.

Ҳолат юзасидан Каттақўрғон тумани “Электр тармоқлари” корхонаси бошлиғи Фарҳод Пирматовдан изоҳ сўрадик.

— Электр ҳисоблагич ҳақиқатан ҳам давлат рўйхатидан ўтмаган, — дейди Ф.Пирматов. — Фуқаро ҳам ходимнинг сўзига ишониб, бу масалани охиригача етмаган. Аммо фуқаронинг олдиндан тўловлари мавжуд. Қарздорлиги йўқ.

Ўрганишлардан маълум бўлдики, МИБ ходими хонадонни электр тармоғидан асосли равишда узган. Фақат муаммо электр ҳисоблагични давлат рўйхатидан ўтказишни ваъда қилиб, аммо бу ишни амалга оширмаган “Қорадарё” электр таъминоти корхонаси собиқ ходими Ў.Қосимовдан бошланган. Т.Худойқулов эса унга ишониб, масалани охиригача суриштирмаган.

Мурожаатчи масала моҳиятини тушуниб етди. Белгиланган тартибда тўловларни амалга ошириб, моддий зарарларни қоплаб, электр ҳисоблагични давлат рўйхатидан ўтказиб, хонадонини электр тармоғига ўша куннинг ўзида улади. Муаммо ҳал бўлди.

Аммо бир савол туғилади: мурожаатчи қарийб икки йил давомида давлат рўйхатидан ўтмаган электр ҳисоблагични ишлатиб келган. Айнан бу ҳолат нега 2018 йилнинг 4 октябрига келиб МИБ ходими томонидан аниқланди? Шу вақтгача унинг хонадонига МИБ ёки туман “Электр тармоқлари” корхонаси ходимлари бормаганми? Борган бўлса, нега бу ҳолат шу вақтгача эътибордан четда қолган?

Бу саволларимизга мутасаддилардан тайинли жавоб ололмадик. Бу ҳолатни суриштириб кўришга ваъда беришди, холос.

Шу ўринда бир мулоҳаза. Таҳририятга Каттақўрғон туманидан кўплаб мурожаатлар келиб тушади. Фуқаролар ҳам турли идоралар эшигида сарсон бўлиб, муаммоси ҳал бўлмагандан кейин турли жойларга шикоят қилишга мажбур бўлмоқда. Айримлари туман миқёсида, мутасаддиларнинг озгина эътибори билан ҳал бўладиган муаммолар. Юқоридаги ҳолат ҳам бунинг тасдиғидир.

Туман мутасаддилари масаланинг мана шу жиҳатига ҳам жиддийроқ эътибор беришади, деган умиддамиз.

Бардошбек САМАД ўғли,

Kun.uz мухбири.

Мавзуга оид