Спорт | 14:37 / 02.11.2018
19780
6 дақиқада ўқилади

AIBA конгресси. Ғофур Раҳимов қарийб бир йиллик фаолиятида нималарга эришганини айтди

Фото: Маъруф Асқаров / KUN.UZ

Россия пойтахти Москва шаҳрида Халқаро Бокс Ассоциациясининг (AIBA) 2018 йилги Конгресси очилди. Kun.uz мухбири хабар беришича, унда AIBA президенти вазифасини бажарувчи Ғофур Раҳимов ўзининг қарийб бир йиллик фаолияти юзасидан маъруза қилди. 

Фото: Маъруф Асқаров / KUN.UZ

«Январь ойида AIBA вақтинчалик президенти лавозимини эгаллаганимдан сўнг, менинг фаолиятимдаги устуворлик AIBA ва боксни биз муносиб бўлган даражага қайтаришга йўналтирилганди. Ўтган тўққиз ой мобайнида биз катта муваффақиятларга эришдик. Мен ташкилотимизда ва спортимизда муҳим ислоҳотларни амалга оширдим. Гарчи бу жуда қийин бўлган бўлса-да, биз ижобий натижаларни бера бошлаган муҳим ислоҳотларни бошладик», - деди Ғофур Раҳимов.

Шунингдек, Ғ. Раҳимов янги ислоҳотлар дастури ҳақида маълумот берди. Бундай режа динамик ривожланиш ва AIBA ҳамда Олимпия боксида ижобий ўзгаришларни амалга ошириш мақсадида ишлаб чиқилди.

«Биринчиси - шаффофлик, самарадорлик ва ҳурматга қаратилган янги бошқарув фалсафаси йўлга қўйилди. Ислоҳотларимиз дастуридаги муҳим қадам - AIBA’ни профессионал ва замонавий ташкилотга айлантириш. Самарали бошқарув амалиётларини жорий этишга устуворлик қаратилади. Демократия, ошкоралик ва яхлитлик ташкилотимизнинг бошқарув жараёнларига муваффақиятли интеграция қилинди.

Иккинчиси - Президент ваколатларини сезиларли даражада қисқартириб, унинг кўплаб ҳуқуқ ва имтиёзларини AIBA Ижроия қўмитаси аъзоларига топшириб, Уставимизда муҳим ўзгартиришларни амалга оширдик. Ижроия органини такомиллаштириш ва демократлаштиришга қаратилган чора-тадбирлар амалга оширилди. AIBA энди бир одамнинг иродаси ва истагига боғлиқ эмас. Энди бизда назорат механизмлари бор.

Учинчиси - гендер тенглигида ислоҳотларни татбиқ этдик. Аёлларнинг бизнинг спортда иштирок этишига кўмаклашиш ва рағбатлантириш борасида муҳим қадамлар қўйилмоқда. Ҳам рингда, ҳам сайлов ва бошқарув даражаларида. Жорий йилда AIBA гендер тенглиги бўйича биринчи Форум ўтказилиши ташаббуси билан чиқдик, у «Боксдаги хилма-хиллик» дастури доирасида молиялаштирилди. Бундан ташқари, биз AIBA Ижроия қўмитаси таркибида гендер балансини яхшилаш бўйича чора-тадбирлар кўрдик. Ҳозирда камида 6 нафар аёл унга кириши кафолатланган. «Аралаш жуфтлик бокси» деб номланган бокс бўйича янги мусобақалар шакли таклиф этилди.

Фото: Маъруф Асқаров / KUN.UZ

Тўртинчиси - энг асосийси, бугунги кунда эришган муҳим нарса молиявий бошқарув тизимини ислоҳ қилишдир. Кўпчилигингиз яхши биласизки, жорий йил бошида AIBA раҳбарига айланганимда, молиявий аҳволимиз жуда ёмон эди. Олдинги маъмуриятдан қарийб 40 миллион доллар қарздорлик қолган. Аввал кредитлар турли компаниялардан ҳеч нарсага қарамай ва етарли молиявий прогнозларсиз олинган. Ушбу масъулиятсиз ҳаракатлар ва молиявий қоидабузарликлар сабабли AIBA банкротлик ёқасида қолди. Ҳозирда эса, 40 млн долларлик қарз мажбуриятлари бўйича келишувларга эришдик. Кредиторлар билан кўплаб учрашувлар ҳамда музокаралар ўтказиш орқали мен AIBA қарзларининг катта қисми бекор қилинишига эришдим. Қолган кредитларни ҳомийлик шартномаларига ўзгартира олдик. Ташкилотдаги молиявий бузилишлар туфайли молиявий моделни қайта кўриб чиқди. Шунинг учун AIBA молиявий бошқаруви тизими кескин янгиланди.

Бешинчиси - AIBA бош қароргоҳини қайта тузиш ва янги ижро этувчи директорни тайинлаш ишимизнинг муҳим босқичи бўлди. Жорий йилнинг бошида AIBA янги ижрочи директори лавозимига америкалик Тома Виржетс тайинланди. У AIBA’нинг Лозанна шаҳрида жойлашган штаб-квартирасида доимий асосда ишлайди.

Олтинчиси - янги ҳакамлик бошқарув тизимини жорий этдик. Сўнгги йиллар давомида AIBA ҳакамлик масалаларида муаммога дуч келди. Бу йил биз зиддиятли нуқталарни бартараф этиш учун техник ва мусобақа қоидаларини тўлиқ таҳлил қилдик. Натижада ҳакамликни бошқариш тизимида катта ўзгаришларни амалга оширдик. Ҳакамларга мустақил ва масъулиятли бўлишига имкон берадиган янги шаффоф механизмларни жорий этдик.

Еттинчиси - AIBA допингга қарши кураш бўйича тажовузкор стратегияни қўллашга оид мажбуриятни ўз зиммасига олди. 2018 йилда AIBA Тестдан ўтказиш бўйича янги халқаро агентлиги билан хизмат кўрсатиш шартномасини имзолаган биринчи халқаро федерациялардан бири бўлди. Энди ушбу агентлик бутун AIBA допингга қарши дастурини бошқаради. Сўнгги бир неча йил ичида аввалги маъмурият томонидан тўхтатиб қўйилган, допингга қарши қоидаларнинг бузилиши бўйича кўриб чиқилиши лозим бўлган қирқдан зиёд ишни ёпишга муваффақ бўлдик.

Фото: Маъруф Асқаров / KUN.UZ

Саккизинчиси - AIBA учун янги ҳомийлик имкониятлари. AIBA янги, фойдали ҳомийлик шартномаларини жалб қилиш учун барча саъй-ҳаракатларни амалга ошириб келмоқда. Бунинг сабаби, биз ташкилотимизнинг келажакдаги молиявий барқарорлигини таъминлашни истаймиз. Айни пайтда биз бир нечта компаниялар билан ҳамкорлик қилиш имкониятларини муҳокама қилмоқдамиз ва яқин келажакда сизга ижобий маълумот беришга умид қиламан.

Тўққизинчиси - «Боксдаги хилма-хиллик» номли махсус жамғарма яратдик. 2017 йилнинг декабрида AIBA собиқ президенти истеъфога чиққач, Халқаро олимпия қўмитаси AIBA’га дивидендлар тўлашни тўхтатди. Бу бизнинг ташкилотимиз ва миллий федерацияларни, айниқса, ривожланаётган мамлакатларда, жуда қийин вазиятда қолдирди. Вақтинчалик президентга айланиб, мен ушбу ривожланаётган миллий федерацияларга «Боксдаги хилма-хиллик» номли дастур орқали ёрдам беришни таклиф қилдим. Ушбу дастурнинг мақсади - қийинчиликларга дуч келаётган федерацияларга молиявий ва моддий ёрдам кўрсатиш.

Хулоса қилиб айтишим мумкинки, биз ҳали-ҳануз мураккаб даврларни бошдан кечириб, молиявий ҳолатимиз яхшиланишга муҳтож бўлса ҳам, AIBA бугун бир йилги аввалгидан анча соғлом, барқарор ва шаффоф эканидан хурсандман ҳамда фахрланаман», - деди Ғофур Раҳимов.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Москвада AIBA конгресси очилгани хабар берилганди.

Мавзуга оид