Ўзбекистон | 12:30 / 02.11.2018
8545
8 дақиқада ўқилади

Интервью: Мавжуд кўмирнинг фақат 2-3 фоизигина биржа орқали сотилади

Яқинда «Kun.uz» сайтида «Бу йил кўмир неча пул бўлади?» сарлавҳали мақола эълон қилинганди. Кўмир таъминоти ва нархлари бўйича сўз борган мақоладан сўнг таҳририятимизга кўмирни биржа орқали харид қилиш шартлари, бу маҳсулот баҳоси бўйича кўплаб саволлар келиб тушди. Уларга жавоб олиш мақсадида «Ўзбекистон республикаси товар хом-ашё биржаси» («ЎзРТХБ») АЖ бошқарув раиси в.в.б Фарохидин Ибрагимов билан суҳбатлашдик.

Фото: «ЎзРТХБ» раиси Фарохидин Ибрагимов

– Фарохидин ака, айтингчи, нега кўмир биржа савдолари орқали сотилади ва уни харид қилиш шартлари қанақа?

– Давлатимиз иқтисодиётининг бозор тамойиллари асосида, тенг рақобат муҳитида ривожланишининг асосий шартларидан бири эркин савдолар уюштириш, товар хом-ашё ресурсларига шаффоф механизмлар орқали эгалик қилишдир.

Ана шундай усуллардан бири ва асосийси маҳсулотларнинг, хусусан тошкўмирнинг биржа савдолари орқали сотилиши ҳисобланади. Айнан мана шу савдоларда харид қилиш учун ҳаммага тенг имконият берилади.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 14 ноябридаги № ПҚ-3386 рақамли қарорига кўра, давлатимиз товар хом-ашё биржаси фаолияти янги босқичга кирди. 2018 йил 1 январдан бошлаб эса юқори ликвидли 27 турдаги маҳсулот, жумладан кўмир ҳам очиқ биржа савдолари орқали сотилиши йўлга қўйилди.

Қарорга мувофиқ, Вазирлар Маҳкамасининг 2004 йил 5 февралдаги 57-сонли Қарорига кўра биржадан харид қилинган кўмирнинг қайта сотилиши мумкин эмаслигига оид тартиб тўхтатилган. Шунингдек, 2018 йил 1 январдан бошлаб бундай маҳсулотларнинг энг юқори нархлари белгиланиши, сотилиш ҳажмлари ва дислокацияси бўйича чекловлар ҳам бекор қилинган.

Ҳозирги кунда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 17 январидаги № ПҚ-3479 рақамли қарорига мувофиқ, кўмир биржа савдоларидан ташқари тўғридан-тўғри шартномалар орқали бюджет ташкилотлари, аҳоли ва «Ўзбекэнерго» АЖга белгиланган нархда сотилиши мумкин.

- Маҳаллий кўмирнинг қанча миқдори «ЎзРТХБ» АЖ биржа савдолари орқали сотилади?

- 2018 йил бошидан буён «ЎзРТХБ» АЖ биржа савдолари орқали 85,9 минг тонна маҳаллий кўмир савдога қўйилди ва улардан 82,1 минг тоннаси реализация қилинди. Сотувчилар сифатида «Шарғункўмир» ва «Ўзбеккўмир» АЖлар бўлишди ва уларнинг биржанинг умумий кўмир савдоларидаги ҳиссаси 23 фоизни ташкил қилди.

Харид қилинган кўмир маркалари асосан электроэнергия ва қурилиш материаллари ишлаб чиқаришга мўлжалланган.

- Демак, «ЎзРТХБ» АЖ биржа савдолари орқали умумий кўмир ҳажмининг фақат 2-3 фоизигина сотиларканда?

- Ҳа, 2018 йилда кўмир қазиб олиш ҳажми 4 миллион тоннадан ортиши мумкинлигини ҳисобга олсак, шундай. Йил охирига қадар биржа савдолари орқали 122 минг тонна маҳаллий кўмир сотилиши мўлжалланган.

- Ким биржа савдоларининг асосий харидорлари ҳисобланади? Аҳоли бевосита бу савдоларда иштирок этиши мумкинми?

- Биржа савдоларининг асосий харидорлари ишлаб чиқариш корхоналари ҳисобланади. Булар ғишт, оҳак заводлари, сопол буюмлар ишлаб чиқарувчилар ва иссиқхоналар, умумий овқатланиш тармоқлари эгаларидир.

Жисмоний шахслар савдоларда бевосита иштирок эта олмайди. Сабаби, биржа улгуржи савдолар майдони бўлиб, ундаги минимал лот ҳажми бир тоннадан кам бўлмаслиги шарт. Шунингдек, савдоларда юридик шахсларнинг ҳисоб-клиринг палатасидаги ҳисоб рақамлари иштирок этади.

– Харид қилинган маҳсулот қандай олиб кетилади?

Харид қилинганлик бўйича барча ҳужжатлар расмийлаштирилгач, сотувчи омборидан харидор томонидан олиб кетилади. Бу ўринда савдоларда биржада тузилган битимнинг ижросини кафолатлаш мақсадида бўнак маблағ киритилиши шартлигини эслатиб ўтиш лозим. Маҳаллий кўмир харид қилиш учун мўлжалдаги хариднинг 10 фоизи миқдорида, импорт маҳсулот учун 2 фоизи миқдорида бўнак тўланиши лозим.

Томонлардан бири ўз бурчини бажармаса, бўнак суммаси миқдорида жарима санкциялари қўлланилади. Бу биржа савдоларида шартнома интизоми юқорилигини таъминлайди.

– Нархлар тўғрисида ҳам тўхталсангиз.

– Биржа савдоларининг асосий қоидаси нархларнинг талаб ва таклифга кўра шаклланишидир. Йил бошидан буён маҳаллий кўмирнинг барча маркалари бўйича ўртача нархи тоннасига 260,7 минг сўмни ташкил қилди. Ўтган давр давомида нархлар 187,8 минг сўмдан 345,8 минг сўмгача ўзгариб борди ва ўсиш 84 фоизни ташкил қилди. Нархлар ошиши асосан август-октябрь ойларида кузатилди ва бу даврда талабнинг кўтарилиши қишки мавсум бошланишидан аввалги одатий ҳолат ҳисобланади. Шу билан бирга, нархлар ошиш кўрсаткичи ўтган йилгига нисбатан паст бўлди. Ўтган йилнинг шу даврида нархлар икки баробардан ортиқроқ ўсганди. Бунга биржа томонидан нархларнинг кескин ўзгаришига қарши қўлланган бозор иқтисодиётига хос чоралар, шу жумладан кўмиринг биржа орқали импорт қилиниши ёрдам берди, деб айтиш мумкин. Биржа орқали импорт қилинган кўмирни инобатга олганда кўмирнинг барча маркалари бўйича ўртача котировкалар жорий йилнинг бошларидан бери 14 фоизга ўсди.

– Биржада нарх кескин ўсиши олдини олиш бўйича чоралар кўрилишига тўхталдингиз. Лекин шу билан бирга айрим саволлар очиқ қолмоқда. Масалан, баъзи харидорлар маҳсулотни харид қилиб расмийлаштирганларидан сўнг, омборнинг ўзида баландроқ нархда пуллаб юборишлари, сизларнинг жаргонингизда «тикет»ларини сотишлари мумкинми?

– Бундай қилиш иқтисодий жиҳатдан ўзини оқламайди. Ахир шу маҳсулот биржада очиқ савдоларда, шаффоф тарзда сотилмоқдаку? Воситачи ёки олибсотарга ортиқча харажат қилиш мақсадга мувофиқ эмас. Кўмирнинг, жумладан импорт кўмирнинг биржа савдолари очиқ ва чекловларсиз бўлиб ўтмоқда. Келгусида биржа орқали харид қилинган товарларни юклаш бўйича ҳам қўшимча қулайликлар яратилиши амалга оширилади.

– «ЎзРТХБ» АЖ бу йўналишда келажакда қандай янги режаларни амалга оширишни мўлжалламоқда?

– Жорий йилда «ЎзРТХБ» АЖ хориж ҳамкорлари билан ўрнатилган алоқаларни кўлами сезиларли даражада ошди. Бунинг ортидан Ўзбекистонда умуман ёки етарли миқдорда ишлаб чиқарилмайдиган маҳсулотларни биржа савдолари орқали импорт қилиш мақсадида бевосита ишлаб чиқарувчилар жалб этила бошлади. Олдин кўмирнинг биржа савдолари орқали импорт қилиш билан фақат Ўзбекистон резидентлари шуғулланиб келган бўлса, энди хорижий корхоналар ўз брокерларини аккредитациядан ўтказиб, маҳсулотларини таклиф этишлари мумкин. Бундан олдин цемент савдосида кузатдик, биржа савдолари орқали бевосита ишлаб чиқарувчи томонидан сотилган хорижий цементнинг баҳоси резидентлар томонидан олиб кирилган импорт цементнинг нархига нисбатан сезиларли даражада паст бўлди.

Шу боис ҳозир «ЎзРТХБ» АЖ томонидан «Қирғиз фонд биржаси» ЁАЖ, Қозоғистоннинг «Евроосиё Савдо тизими» товар биржаси, «Каспий» товар биржаси биржалари билан қатор учрашувлар ўтказилди. Шунингдек Хитой давлати ишлаб чиқарувчилари ҳам мамлакатимизга биржа орқали кўмир импорт қилишга қизиқиш билдирмоқдалар.

Ҳамкорликдан мақсад фақат импортни кенгайтириш эмас, Ўзбекистон маҳсулотларининг экспорти ҳажмини ҳам оширишдир.

Аброр Зоҳидов суҳбатлашди

Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид