Жаҳон | 08:17 / 02.11.2018
4409
2 дақиқада ўқилади

Трамп АҚШда бошпана бериш тартибини ўзгартиришни таклиф қилди

Фото: P Photo / Andrew Harnik

АҚШда муҳожирларга бошпана бериш бўйича янги режа кейинги ҳафтада қабул қилиниши мумкин. Бу ҳақда АҚШ президенти Дональд Трамп маълум қилди. 

“Бу режага мувофиқ, хорижликлар бошпана излашда асоссиз аризалар топшириб, мамлакатга ноқонуний йўл билан бошқа эркин кира олмайдилар”, деб маълум қилган Трамп журналистларга. Унинг тушунтиришича, энди бошпана тақдим қилиш ҳақидаги аризани АҚШга кириш жойларидагина бериш мумкин бўлади.

АҚШнинг 1965 йилда қабул қилинган иммиграция ва фуқаролик ҳақидаги қонунида АҚШдаги исталган муҳожир мамлакатга қандай йўл билан кирганидан қатъий назар, бошпана олиш учун ариза бера олиши айтилган.

Трампнинг айтишича, унинг режаси “тўлиқ қонунга мос” бўлади. Унинг маълум қилишича, чегарани ноқонуний кесиб ўтиш вақтида ушланган бошпана сўровчилар махсус чодирларда ушланиб, суд жараёнигача озод қилинмайдилар.  
 
“Биз кўплаб чодирлар қурмоқдамиз ва уларни бу чодирларда ушлаб турамиз”, деб айтган АҚШ президенти. 

Трамп бошпана изловчиларга мамлакатга исталган жойда кириш имконини берувчи қонунни ноқонуний миграция учун “ўзига тортувчи оҳанграбо” деб атаган. 

Маълум қилинишича, Трамп бу ҳақда Марказий Америкадан АҚШга йўл олаётган муҳожирлар карвонига тегиштириб гапирган. Трамп бу карвонни мамлакат хавфсизлигига хавф солувчи “бостириб кириш” деб атаган.

Мавзуга оид