Жаҳон | 17:40 / 04.11.2018
45667
6 дақиқада ўқилади

«Урушга тайёр эмасмиз»: Европа НАТО ҳаракатларига дош бера олмайди

НАТОнинг Европадаги аъзолари айни пайтда Россия билан урушга тайёр эмаслар, дея тан олган альянснинг халқаро ҳарбий штаби раҳбари Ян Брукс. Генералнинг сўзларига кўра, ҳарбий блок қўшинларнинг мобиллигига эга эмас, шунингдек логистика билан боғлиқ жиддий муаммоларга дучор бўлган. Илгарироқ Россия ТИВ НАТОнинг Trident Juncture 2018 ҳарбий машқларини Россияга қарши қаратилган, дея ҳисоблашини таъкидлаган эди.

НАТО халқаро ҳарбий штаби генерали раҳбари генерал-лейтенант Ян Брукс альянснинг Европадаги иштирокчи давлатлари айни вақтда Россия билан урушга тайёр эмасликларини ҳикоя қилиб берган. Унинг сўзларини Defense News журнали келтирмоқда.

Генералнинг сўзларига кўра, ҳарбий блок қўшинларнинг кўчирилишида етарли даражада мобилликка эга эмас, шунингдек логистика соҳасида жиддий муаммоларга дучор бўлган. Ҳарбий амалдорнинг айтишича, НАТО кучлари ҳарбий техникага дош берадиган йўл топишда қийинчиликларга дуч келади. Бундан ташқари, асосий бандаргоҳлар эскирган темир йўлларни таъмирлашга ҳар доим ҳам тайёр эмас.

«Агар биз учун муҳим бўлган таъминловчи кучлар — таъминот поездлари ва кемалари бўлмаса бизда буюк барқудрат давлатлар билан рақобат қилиш салоҳияти йўқ», — деган Брукс.

Ҳарбий НАТО мобиллигига рахна солувчи бошқа омилларни ҳам тилга олган. Унинг таъкидлашича, альянс иштирокчиси бўлган давлатнинг қуруқликдаги ёки ҳаводаги чегарасини кесиб ўтиш учун керакли рухсатнома олиниши керак. Боз устига, бу масала Европа Иттифоқи органлари ваколатига киради.

Бу чиқишдан уч кун аввал The Straits Times нашри эълон қиган материалда Шимолий Атлантика альянси ва Россия ўртасидаги зиддият тобора кучайиб бориши ҳақда ҳикоя қилинади, чунки томонлар бир вақтнинг ўзида ҳарбий машқларга старт беришган.

Россия Марказий Осиёдаги иттифоқчилари билан «Бузилмас биродарлик – 2018» машқларини бошлаган ва у НАТОнинг «совуқ уруш» даврларидан буён илк марта ўтказилаётган энг кенг миқёсдаги Норвегиядаги Trident Juncture 2018 («Ягона учиш») машқларига ўзига хос жавоб бўлди.

Ўша мақолада айтилишича, Россия сўнгги вақтларда Европанинг шимолида ҳарбий иштирокини кенгайтириш ниятида эканлиги борасида кўп сигнал юборган ва Арктика қўшинларини кучайтирган.

НАТО машқлари гўёки Ғарбнинг нафақат Шимолий Европадаги, шунингдек Болтиқбўйидаги Латвия, Литва ва Эстония каби кичик ва ожиз иттифоқчиларини ҳимоя қилиш қатъияти кучли эканлигини Москвага намойиш қилиб қўйишга йўналтирилган, деб ёзишади муаллифлар.

НАТО амалдорлари йирик ҳарбий машқлар Россия билан тобора ёмонлашиб бораётган муносабатлар оқибати ва таранглашаётган конфронтацияни англаб етиш натижасида юзага келганини яширишмаяпти, дейилади мақолада.

Россия ТИВ Москва Trident Juncture 2018 ҳарбий машқларини Россияга қарши қаратилган деб ҳисоблашини таъкидлаб ўтган.

«Альянс вакиллари ва унга аъзо давлатларнинг нўноқларча бундай ҳарбий фаолликни мудофаа мақсадларида ўтказилаяпти, дейишларига қарамасдан, бу ҳарбий салоҳиятнинг намойиши очиқ-равшан аксилроссия йўналишида эканлиги кўриниб турибди. Моҳиятан, Trident Juncture 2018 доирасида НАТО ҳарбий мутахассисларининг Россияни куч билан «тийиб туриш» бўйича сўнгги ишланмалари бизнинг иқлимимизга максимал яқин шароитда амалда синаб чиқилади», — дейилади РФ ТИВ коммюникесида.

Дипломатик идора бунга исбот сифатида НАТО ҳарбийлари томонидан «мос келувчи рақиб» билан «юқори интенсивликда» қуруқликда, денгизда, ҳавода, шунингдек кибермуҳитда нафақат мудофаа, шунингдек ҳужумкор операцияларни ўтказиш кўникмаси машқ қилдирилганини келтиради. Альянс машқларнинг ўзига хос жиҳатларидан яна бири ҳарбий хизматчиларни паст ҳароратда ҳаракатларга тайёрлашдан иборат.

Бу орада НАТО бош котиби Йенс Столтенберг Trident Juncture 2018 машқлари чоғида Россия билан янги қуролланиш пойгасида иштирок этишни истамаётганини билдирган.

«Биз қуролланиш пойгасини истамаймиз, шу сабабли биз Россия билан муносабатларни яхшилашимиз керак», — деган Шимолий Атлантика альянси раҳбари.

У шунингдек Россия ва Ғарб ўртасида янги «совуқ уруш» авж олиши таҳдидини ҳам инкор этди.

«Биз «совуқ уруш» ҳолатида эмасмиз, биз жамоавий мудофаани машқ қилмоқдамиз. Гап можарони провокация қилиш эмас, уни бартараф этиш ҳақда бормоқда, чунки тинчликни сақлашнинг энг яхши йўли — кучли тийиб туриш воситасига эга бўлишдир», — деган Столтенберг.

Атлантика ҳарбий иттифоқи раҳбарининг сўзларига кўра, СССР ва Россияга қарши туриш ўртасида «жузъий фарқ бор» — XX асрда АҚШ ва совет иттифоқи доимий ҳарбий тайёргарлик ҳолатида бўлишган, бироқ вазият олдиндан айтиш мумкин бўлган даражада эди. Бугун эса, аксинча, зиддият кўлами камроқ, бироқ ҳеч нарсани олдиндан аниқ айтиб бўлмайди.

У шунингдек Норвегияда — Россия чегаралари яқинида ракета учиришлар ҳар икки томон учун хавфсиз эканлигини ишонч билан таъкидлади.

НАТОнинг Trident Juncture 2018 ҳарбий машқларида альянснинг 30 давлатидан 50 мингга яқин ҳарбий аскарлар, 130та самолёт ва 60та кема иштирок этди. Бошқа техникалар қатори, манёврларда Бундесвернинг 100та танки иштирокида ҳарбий ҳаракатлар машқ қилинган.

Мавзуга оид