Ўзбекистон | 20:18 / 05.11.2018
53797
2 дақиқада ўқилади

Давлатназар Рўзметов: «Мени қўллаб-қувватлаб турганларга миннатдорчилик билдираман»

Хоразмлик журналист, «Хоразм ёшлари» газетаси муҳаррири ўринбосари лавозимида ишлаб келаётган Давлатназар Рўзметов озодликка чиқди.

7 суткалик маъмурий қамоқ жазосини ўтаган мутахассис Kun.uz мухбирига қисқача интервью берди.

«Аввало мени ва оиламни қўллаб-қувватлаб турган дўстларимга, ҳамкасбларимга ва умуман барчага ўз миннатдорчилигимни билдираман. 29 октябрь куни Қўшкўпир тумани маъмурий суди ҳукмига асосан 7 суткага қамалдим. Муддат тугагач, Худога шукр, 5 ноябрь куни озод бўлдим.

Мени Қўшкўпир тумани ИИБ тергов изоляторида жой йўқлиги сабабли, Хазорасп тумани ИИБ тергов изоляторига олиб келишди. Жазони шу ерда ўтадим. Бу ерда ҳеч қандай тазйиқ ёки босимга учрамадим, қийноққа тутилмадим. Аммо шароитлар бирмунча оғир экан, шу кўнгилни хира қилди.

Бўлиб ўтган воқеаларга келадиган бўлсак, вазият матбуотда ёзилганидан бошқачароқ эди. Бу ҳақда ўзим батафсил маълумот беришни режалаштирганман», - деди Рўзметов.

Эслатиб ўтамиз, журналистнинг қамалишига сабаб қилиб, Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 183-моддаси назарда тутилган ҳуқуқбузарликларни содир этгани билдирилганди.

Мавзуга оид