Жамият | 13:00 / 06.11.2018
22171
5 дақиқада ўқилади

Хонқа деҳқон бозоридаги аҳвол абгор – вазият қачон ўнгланиши номаълум

«Kun.uz» таҳририятига Хоразм вилояти, Хонқа туманида истиқомат қилувчи ҳамюртларимиздан мурожаат тушди. Унда Марказий Деҳқон бозори абгор аҳволда экани, сотувчи ва харидорлар учун шароит йўқлиги, натижада бу барчага ноқулайликлар келтириб чиқараётгани ёзилган эди. Вазиятни ўрганиш учун Хонқа тумани марказидаги деҳқон бозорига бордик.

Хонқа деҳқон бозори туман марказида жойлашган бўлиб, 470та ўринга мўлжалланган. «Хонқа деҳқон бозори» МЧЖ раҳбари ўринбосари Давлатбой Юсуповнинг маълумотига кўра, бозор асосан якшанба куни фаолият кўрсатади.

Бозорга кираверишда, дарвоза олдидаги жойни дурадгорлар ва мебелсозлар эгаллаб олган. Улар мебель, ойна ва эшикларини нафақат пиёдалар йўлагида, балки майса экилган жойда ҳам сотмоқда.

Ўзбекистон Республикаси бозорларида савдо фаолиятини ташкил этиш Вазирлар Маҳкамасининг 2012 йил 28 августдаги 253-сон қарорига асосан тартибга солинади. Унинг 13-бандида бозор ҳудудида объектларни жойлаштиришнинг тасдиқланган схемасидан ташқари қўшимча савдо ўринларини ташкил этиш тақиқланиши кўрсатилган.

Бозор 470 сотувчи учун мўлжалланган. Унинг баъзи расталари бўшлигини кўриш мумкин.

Ем-хашак ва дон сотувчилар ҳамма нарсасини ерга тўшаб, исталган жойда савдо қилишмоқда. 253-сонли қарорнинг 25-бандида бозор маъмурияти сотувчиларни қатъий ажратилган савдо ўринлари бўйича жойлаштириши шартлиги белгиланган.

Расталарда жой бўлса-да, дон ва дуккакли дон маҳсулотларини сотувчилар ерда ўтирган ҳолда савдо билан машғул. Бу ҳам юқоридаги қарорнинг 25-бандига зид.

Бозор ҳудудида расталар мавжуд бўлишига қарамай, товарлар ерга қўйилган ҳолда сотилмоқда.

Деҳқон бозори ҳудудида баъзи шарт-шароитлар бор. Аммо орқа томони жуда ҳам абгор аҳволда. У ерда деҳқонлар бозор ҳудудига кирмасдан, ерда ўтирган ҳолда савдо қилишмоқда. 253-сонли қарорнинг 23-бандида сотувчилар фақат бозор маъмурияти томонидан белгиланган жойлардагина савдо қилишга мажбурлиги кўрсатилган.

Бундай шароитда, ёзнинг иссиғида чанг-тўзонда, қиш совуғида қор-ёмғирнинг лойида қандай савдо-сотиқ қилинишини тасаввур қилаверинг.

Бозорнинг чиқинди тўплаш шохобчаси ёнида савдо қилинмоқда. Унинг дарвозаси қулфланган. 253-сонли қарорнинг 25-бандида бозор маъмурияти бозор ишларини ва бозор фаолияти билан боғлиқ жараёнларни савдо фаолиятини амалга ошириш тартибини белгиловчи ва атроф муҳитни муҳофаза қилишни, бозор жойлашган ҳудуддаги эпидемиологик, эпизоотик ва экологик хавфсизликни таъминловчи ветеринария-санитария қоидалари ва нормаларига қатъий мувофиқ ҳолда ташкил этиши шартлиги белгилаб қўйилган.

Бозор ҳожатхонаси олдида мева-чевалар, сабзавотлар билан савдо қилинмоқда.

«Хонқа деҳқон бозори» МЧЖ раҳбари ўринбосари Давлатбой Юсуповнинг сўзларига кўра, тез орада барча қулайликларга эга гипермаркет қурилиши бошланади. Пойдевор учун катта чуқур қазилиб, унга шағал тўкиб қўйилган. Гипермаркет қачон қурилиб, битказилиши ва қачон очилиши маълум эмас.

Чуқур ёнида, хавфли ҳудудда эса савдо-сотиқ ишлари авжида.

Бозор ҳудудидаги автомобил сақлаш жойи. 200-300 машинага мўлжалланган. Тиғиз пайтда жой етишмайди, натижада, бозор атрофидаги йўлларда тирбандлик вужудга келади.

Бозорда қандолат ва гўшт маҳсулотлари сотиш учун саройлар бор.

Қовун, тарвуз сотиш учун мўлжалланган павильон. Унда сотувчилар кам.

Бироқ, павильондан ташқарида қовун ва тарвуз савдоси қизғин.

«Хонқа деҳқон бозори» МЧЖ раҳбари ўринбосари Давлатбой Юсуповнинг сўзларига кўра, бозор ҳудуди 470 нафар сотувчи учун мўлжалланган. Шунинг учун ҳам ўз маҳсулотини сотишга келган деҳқонлар учун жой етишмайди. Яқинда янги гипермаркет қурилиши бошланади. Бундан ташқари, катта павильон ҳам қурилади. Шунда савдо расталари кўпаяди ва бундай муаммолар ҳал бўлиши кутилмоқда.

Хулоса қиладиган бўлсак, Хонқа тумани марказидаги деҳқон бозори фаолиятини ўрганиш жараёнида Ўзбекистон Республикаси бозорларида савдо фаолиятини ташкил этиш бўйича Вазирлар Маҳкамасининг 2012 йил 28 августдаги 253-сон қарорида белгиланган қоидаларга амал қилинмаётгани маълум бўлди. Хонқаликларнинг эътирози ўринли экани кўриниб турибди. Бу муаммоларнинг ҳал қилиш йўллари янги гипермаркет қурилишига боғланмоқда. Афсуски, унга ҳали пойдевор ҳам қўйилмаган...

Нурмуҳаммад Саид

Мавзуга оид