Италия туризми ҳафталиги: Ўзбекистонда сайёҳларга хизмат кўрсатишга оид билимлар оширилмоқда
Сўнгги вақтларда Ўзбекистонда туристик маҳсулотлар ва хизматлар сифатини оширишга катта эътибор қаратилмоқда. Шу мақсадда 7 ноябрдан 12 ноябрга қадар Тошкент шаҳридаги "Туркистон" меҳмонхонасида Туризм ўқув-консалтинг маркази Италиянинг «Galileo Ferraris» институти билан ҳамкорликда "Италия туризми ҳафталиги"ни ўтказмоқда.
KUN.UZ мухбирининг хабар беришича, италиялик экспертлар туризм соҳасида меҳнат қилувчи профессионал кадрлар кўникмаларини оширишга йўналтирилган лойиҳа доирасида мамлакатимиздаги меҳмонхоналар ва туристик компаниялар раҳбарлари ҳамда ходимлари, ресторанлар ошпазлари, бармен ва официантлар учун уч йўналиш бўйича қатор маҳорат дарслари ўтказишмоқда. Булар - туризм ва меҳмондорчилик, Италия миллий таомлари ва қандолатчилик маҳорати ҳамда "Сомелье" санъати.
Қўқон шаҳридаги "Asr" меҳмонхонаси раҳбари Бахтиёр Содиқов туризм ва меҳмонхона бизнеси бўйича билимларини янада бойитиш мақсадида ташриф буюргани, Италия ҳафталиги доирасидаги маҳорат дарслари маҳаллий мутахассислар учун жуда фойдали бўлаётганини таъкидлади.
"Италиялик мутахассислар бизни туризм соҳаси ва меҳмонхона бизнесидаги хизматларга янгича ёндашувларни ўргатишмоқда. Улар билан ўзаро тажриба алмашяпмиз. Улар бизга янгича билимлар беришмоқда, биз ҳам ўз кўникмаларимиз билан бўлишяпмиз. Улар бизга узоқ ва тоғли ҳудудларда, қишлоқ жойларда туризмни ривожлантиришга доир тажрибалари ҳақида сўзлаб беришди. Ички туристлари дам олиш кунлари оила аъзолари билан чекка ҳудудларга чиқиб, меҳмон уйларида яшаб, дам олиши одат тусига кирган экан. Бу каби билимлар айни дамда биз учун айни муддаодир. Ушбу маҳорат дарсларида Италия туризм соҳасининг етакчи экспертлардан олган билимларимизни албатта амалиётда қўллаймиз, хизматлар сифатини оширамиз ва натижада келгусида сайёҳларимиз сони янада ошишига умид қиламиз. Зеро сўнгги йилларда туризм соҳаси вакиллари учун барча имкониятлар ва имтиёзлар яратилмоқда, фақат ўз устимизда ишлаб, хизматларимизни такомиллаштиришдан тўхтамасак бўлгани", - дейди у.
Термиз Ахборот технологиялари ва туризм коллежи ошпазлик йўналишида таълим берувчи Ботир Бозорбоев Kun.uz мухбирига Италия ҳафталиги доирасидаги маҳорат дарслари ҳақида сўзлаб берди:
"Ҳафта давомида маҳорат дарсларида Италиянинг миллий таомлари ва ширинликларини тайёрлашни ўрганяпмиз. Кунига 4-5 хил таом тайёрлаяпмиз. Бугун Италиянинг энг машҳур таоми ҳисобланган спагеттини ўргандик ва унинг учун икки хил соус тайёрладик. Улар маҳсулотларнинг 90 фоизини ўзи билан Италиядан олиб келишган. Қизиғи, Италияда ҳам худди Ўзбекистонда бўлганидек, ҳар бир ҳудуднинг ўзига хос таом тайёрлаш усули мавжуд экан. Улар пишлоқнинг хилма-хил турларини истеъмол қилиб, шу ернинг ўзида 10-15 хилидан фойдаланганини кўрдик. Биз учун ноодатий бўлган технологияларни ўргандик. Тадбирда иштирок этишимиздан мақсад - Ўзбекистонга италиялик сайёҳлар келганида ўзимизнинг миллий таомлардан ташқари, уларнинг дидига қараб итальян таомларини ҳам тайёрлаб берамиз, менюни кенгайтирамиз, шу тариқа Ўзбекистонни сайёҳлар оқими кўпайиши учун янада жозибадор қиламиз. Олган билимларимни албатта бўлғуси кадрлар билан нафақат назарий, балки амалий жиҳатдан ҳам бўлишаман".
Таъкидлаш лозимки, Италия ҳафталиги якунида иштирокчилар лойиҳа ташкилотчилари томонидан халқаро сертификат ҳамда қимматбаҳо совғаларни қўлга киритишади.
Мавзуга оид
16:48
Италиялик тадбиркорни ўғирлаб кетилишини уюштирган ўзбекистонлик қўлга олинди
22:08 / 15.11.2024
Алп тоғларида туристлар 280 млн йиллик қадимий ҳайвонлар изларига дуч келди
23:32 / 13.11.2024
Флоренция «ҳаддан зиёд туризм»га қарши кураш бўйича янги чоралар қабул қилди
18:29 / 12.11.2024