Ўзбекистон | 17:45 / 09.11.2018
11561
3 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда паст даромадли оилаларнинг 75 фоизи ижтимоий нафақаларга эга эмас 

Тошкентда давлат ва нодавлат ташкилотлари, илмий-тадқиқот ва молиявий институтлар вакиллари иштирокида "Ўзбекистоннинг ижтимоий ҳимоя тизимини баҳолаш" мавзусидаги семинар бўлиб ўтди. Ушбу тадбир Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, ЮНИСЕФ, Жаҳон банки ва Халқаро меҳнат ташкилоти томонидан ташкил қилинди. 

Семинар иштирокчилари Ўзбекистонда ижтимоий ҳимоя тизимини баҳолаш натижаларини муҳокама қилдилар. Ушбу баҳолаш ҳукумат таклифига мувофиқ учта халқаро ташкилот томонидан ўтказилган бўлиб, у қонунчилик ва институционал асосларни, ижтимоий ҳимоя дастурларининг лойиҳалаш ва амалга ошириш механизмларини акс эттиради ва бу борадаги ишларни такомиллаштириш бўйича тавсияларни ишлаб чиқишга хизмат қилади.

Ўзбекистонда ижтимоий ҳимоя тизими яхлитликда амалга оширилмайди, бу эса, ўз навбатида, ижтимоий ҳимояга сарфланаётган харажатларнинг самарали бўлмаслигига ҳамда ижтимоий хизматлар сифатининг пасайишига олиб келади. 

Семинар иштирокчиларининг таъкидлашича, ижтимоий ҳимоянинг миллий стратегияси зарурлиги ҳамда ижтимоий ҳимоя секторига масъул бўлган ягона органнинг ташкил этилиши ушбу соҳани мукаммаллаштиришга хизмат қилади. Бу турли ижтимоий дастурлар ўртасида мувофиқлаштиришни кучайтириши ҳамда аҳолининг заиф қатламлари учун ижтимоий хизматлардан баҳраманд бўлиш имкониятини яратиши мумкин. 

Маълум қилинишича, Ўзбекистонда, ялпи ички маҳсулотнинг 10 фоизга яқини ижтимоий тўловлар ва нафақаларга ажратилади, бу халқаро амалиётга мувофиқ яхши кўрсаткичдир. Давлат бюджетининг 60 фоизга яқини ижтимоий харажатларга сарфланади. Бироқ ижтимоий ҳимоя тизимига қилинаётган сармояларнинг самарадорлигини янада такомиллаштириш лозим. Болалар, ногиронлиги бўлган инсонлар ва норасмий сектордагиларни мавжуд тизим етарлича қўллаб-қувватламайди. 

2018 йил июль ойида ўтказилган уй хўжаликлари миллий сўровининг натижаларига кўра, паст даромадли оилаларнинг 75 фоизи ижтимоий нафақа олмаслиги маълум бўлди. Оилаларни қўллаб-қувватлайдиган ва уларни кам даромадли ҳолатдан чиқариш учун зарур бўлган ижтимоий иш ҳукумат ичидаги функция сифатида шакллантирилмаган.  

“Ўзбекистон ижтимоий ҳимоя ҳукумат томонидан ҳам, ҳамжамиятлар томонидан ҳам кўрсатилишининг кучли тарихига эга. Бироқ сўнгги йилларда тизим бўлакланган бўлиб, бу ҳолат қамров ва хизматлар сифатининг самарасиз бўлишига олиб келди,” - деди ЮНИСЕФнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси ижтимоий сиёсат бўлими раҳбари Юлия Олейник. 

“Аҳолининг заиф қатламлари хавф ва зарбалардан ҳимояланган бўлиши учун ижтимоий ҳимоя тизимини ислоҳ қилиш устувор масала бўлиши керак”, деб қўшимча қилди у.  

 

Дилшод Аскаров
Тайёрлаган Дилшод Аскаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид