Жамият | 18:54 / 15.11.2018
20390
2 дақиқада ўқилади

Коррупцияга қарши иншолар танловининг иккинчи босқичи ўтказилди

Адлия вазирлиги томонидан “Биз коррупцияга қаршимиз” мегатанлови доирасида ўтказилаётган “Коррупция – тараққиёт кушандаси” умуммиллий иншолар танлови қизғин паллага кирди. 

Иншолар танлови бошқа номинациялардан фарқли равишда онлайн тарзда ўтказилмаяпти. Иштирокчилар иншоларни ўзлари қўлда ёзиб, шахсан ҳайъатга топширишлари керак.

Танловнинг 20 октябрь куни якунланган 1-босқичида бутун республика бўйлаб 20 мингдан ортиқ ижодий ишлар топширилди. Улар ҳар бир туман адлия бўлимлари қошида ташкил этилган ҳакамлар ҳайъати томонидан баҳоланди, 30 октябргача ғолиблар эълон қилинди ва 1000 нафар иштирокчига иккинчи босқичда қатнашиш учун йўлланма берилди.

Бугун, 15 ноябрь куни ҳудудий адлия органлари томонидан ўтказилган 2-босқич ҳам якунланади ва иншоларни баҳолаш жараёни бошланади. Иштирокчилар белгиланган вақтда маълум бир бинога тўпланиб, “Коррупция ва жамият” мавзусида иншолар ёзишди. 

Кузатувчилар иштирокчиларнинг мавзуни ёритишга жиддий киришганлари, тарихий ва халқаро тажрибани ҳамда замонавий воқеликни ҳисобга олган ҳолда чуқур таҳлилий иншолар ёзишга ҳаракат қилаётганларини таъкидлашмоқда.

Албатта, иккинчи босқичда ғалаба қозониш мураккаброқ кечиши аниқ. Яна бир неча кундан сўнг кимлар республика босқичига ўтгани ва ғалаба сари яна бир қадам яқинлашгани аён бўлади.

Таъкидлаш жоизки, иншолар танлови уч босқичда, икки йўналишда (ўқувчилар ва талабалар) бўлиб ўтади. Учинчи босқич республика даражасида ўтказилади ва унда ҳар бир вилоятдан ҳар йўналишдан 3 нафардан ғолиб иштирок этиши мумкин.

Танлов якунлари Конституция куни ҳамда Халқаро коррупцияга қарши кураш куни арафасида эълон қилинади.

Иншолар танлови ғолибларига ҳар бир йўналиш бўйича 1 тадан Samsung Galaxy S9 смартфони ҳамда бошқа қимматбаҳо совғалар топширилади.

Мавзуга оид