Ўзбекистон | 14:31 / 15.11.2018
10861
2 дақиқада ўқилади

Пахта толасини биржада сотиш тўғрисидаги низомга қўшимча киритилди

Фото: AFP 2018 / AAMIR QURESHI

Пахта толасини биржа савдоларида сотиш тартиби тўғрисида низомга қўшимча киритилди.
 
Norma’нинг ёзишича, бунда пахта толасини қайта ишлаш бўйича зарур ишлаб чиқариш қувватларига эга бўлган маҳаллий тўқимачилик ва бошқа корхоналар харидорлар сифатида иштирок эта оладиган савдолар ҳақида сўз бормоқда. Ушбу далил туман (шаҳар) ҳокимликларининг тавсияси билан тасдиқланган бўлиши керак.
 
Эслатиб ўтамиз, биржадаги пахтанинг барча навлари, класслари, типлари ва кодлари бошланғич нархи базавий сифатли («Биринчи» нав, «Ўрта» классли, 4 тип), ўзимизда ишлаб чиқарилган пахта толасининг жаҳондаги нархларига боғлиқ. Сотувчилар биржадаги навбатдаги савдолардан олдинги кунда пахта толасининг мазкур тури бўйича «Cotton Outlook» бюллетенида эълон қилинадиган котировкалар (CFR – Узоқ Шарқ портлари етказиб бериш шартларида «А» индекси) билан ҳар куни танишиб чиқадилар. «Биринчи» нав, «Ўрта» классли, 4 типдаги тола аввалбошдан ички бозорда 10%лик чегирма билан савдога қўйилади. Қабул қилинган ҳужжатда белгиланишича, 2017 йилги ҳосил қолдиқлари учун бошқа чегирма – 15% қўлланилади.
 
Бошқа турдаги пахта толасининг бошланғич нархини ҳисоблаш учун эса, илгаригидек, Пахта толасини сотиш ва ҳисоб-китоб қилиш тартиби тўғрисидаги низомга 2-иловада кўрсатилган коэффициентларни қўллаш лозим. Бунда пахта нархи базавий сифатли пахта толаси бўйича котировкалардан юқори бўлиши мумкин эмас.
 
Ҳужжат 13.11.2018 йилдан кучга кирди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид