Спорт | 17:05 / 19.11.2018
18985
2 дақиқада ўқилади

«Барселона»нинг сабри тугади: раҳбарият Дембеленинг олдига ультиматум қўйди

Фото: AFP

«Барселона» ҳужумчиси Усмон Дембеле интизом масаласидаги огоҳлантиришларга қарамай, хулқида ўзгариш бўлмаётгани учун жиддий муаммоларга дуч кела бошлаши мумкин, деб хабар беради Испаниянинг Sport нашри.

Маълум қилинишича, клуб раҳбарияти франциялик футболчининг олдига қатъий талаб қўйган: агар у хулқ-атвор қоидаларини менсимасликда давом этса, «кўк-анорранглилар»нинг асосий жамоасидан чиқариб юборилади. Бундан ташқари, «Барса» мутасаддилари уни келаси ёзда трансферга қўйиш масаласини кўриб чиқишга тайёр.

Қайд этиш жоиз, клубдагилар Дембеленинг трансфер қийматини камида 100 миллион евро этиб белгилаш ниятида, чунки ўтган йили ёзда унинг «Боруссия Д»дан сотиб олиниши учун 105 млн евро харажат қилинган. Маълумотларга қараганда, каталонияликлар дортмундликларга турли шартлар бажарилган ҳолатда яна 40 млн евро миқдорида бонус тўлаши ҳам мумкин.

Эслатиб ўтамиз, «Барселона» раҳбариятининг 21 ёшли йигитдан норозилиги янгилик эмас. У мунтазам равишда машғулотларга ва ўйинлар олдидан ташкил этиладиган жамоавий тадбирларга кечикиб келади.

Матбуотда Дембелега нисбатан АПЛ клублари, хусусан «Арсенал» ва «Ливерпуль» жамоалари бефарқ қарамаётгани айтилмоқда. Усмон Ла Лиганинг ушбу мавсумида 11 ўйинда 4+1 маҳсулдорлик кўрсаткичини қайд этган.

Комрон Чегабоев
Тайёрлаган Комрон Чегабоев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид