Жамият | 23:07 / 20.11.2018
11996
2 дақиқада ўқилади

Мутахассис Ўзбекистонда тиббий хизмат кўрсатиш моделини қайта кўриб чиқишни тавсия этмоқда

​Собиқ совет маконида жойлашган мамлакатларда тиббиётнинг умумий муаммолари ўзгариши лозим. Масалан, муайян (тор йўналишда) мутахассисликка эга битирувчилар ўрнини оилавий шифокорлар ва мустақил мутахассисликдаги кадрлар эгаллаши лозим, деб ҳисоблайди Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти Биринчи тиб-санитар ёрдам Европа маркази бўлим бошлиғи Ҳуан Телло. 

20 ноябрь куни Халқаро-пресс клуб ахборот кўмагида ташкил этилган  “Барқарор ривожланиш мақсадлари даврида Ўзбекистонда соғлиқни сақлашни ислоҳ қилиш” мавзусидаги халқаро анжуманда Ўзбекистонда соғлиқни сақлашни комплекс ислоҳ қилиш ва 2030 йилгача барқарор ривожланиш мақсадларига эришишда кўмаклашувчи узоқ муддатли стратегик дастур – Соғлиқни сақлаш тизимини ривожлантириш концепцияси масалалари муҳокама этилди.

Тадбирда иштирок этган Ҳуан Теллога кўра, собиқ Совет давлатлари тиббиёт соҳасида деярли ўхшаш масалалар ўз ечимини кутмоқда. 

"Поликлиникага мурожаат этувчи беморлар сони кўп, шифокор эса кам. Бизнинг фикримизча, умумий амалиёт шифокорларини тайёрлашга эътибор бериш, шунингдек, биринчи тиб-санитар ёрдам кўрсатадиган хизматлар турини кўпайтириш керак. Бундан ташқари, поликлиника моделидаги катталар учун терапевт, педиатр, гинеколог ва стоматолог кўринишидаги иш фаолиятидан воз кечиб, умумий амалиёт шифокори хонасини кўпайтириш мақсадга мувофиқ", - дейди у.

Маълумот учун, Тожикистонда оилавий ҳамширалар сони 2010-2014 йиллар оралиғида 74 фоизга кўпайди. 

Теллога кўра, ўтиш жараёнида талабаларнинг амалиётини шифохоналарда ташкил этиш кўп кузатилган бўлса, энди амалиёт муайян жамоатларда давом этиши керак. Мақсад касалликни даволаш эмас, уни олдини олиш, касалликни келтириб чиқарувчи омилларга қарши курашишдир.

Мавзуга оид