Жамият | 19:53 / 20.11.2018
10255
2 дақиқада ўқилади

Шароф Рашидов хотирасига бағишланган кеча бўлиб ўтди

Бугун, 20 ноябрь куни Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси биносида атоқли адиб ва давлат арбоби Шароф Рашидов таваллуд санасига бағишланган хотира кечаси бўлиб ўтди. Тадбир доирасида Ўзбекистон Бадиий академияси Тошкент фотосуратлар уйи кўргазмаси ташкил этилиб, Шароф Рашидов халқчил инсон ва сиёсий арбоб сифатида намоён бўлган суратлар омма эътиборига ҳавола этилди. Бу ҳақда Kun.uz мухбири хабар бермоқда.

Тадбирда сўзга чиққан Ёзувчилар уюшмаси раиси ўринбосари Минҳожиддин Мирзо «​ҳеч шубҳа йўқки, Шароф Рашидов номини ўзбек халқининг тарихидан, ҳаётидан айри тасаввур қилиб бўлмайди»​, дея, ўтган йили Шароф Рашидовнинг 100 йиллигига бағишланган тадбирда Шавкат Мирзиёев сўзлаган нутқни хотирлади. «Шароф Рашидов ўз халқига ва Ватанига фидойи фарзанд эди», - дейди у.

Узоқ йиллар давомида Рашидов ҳаётини ўрганиб келаётган сиёсий фанлар доктори, профессор Тўлқин Алимардоновнинг «Ўчмас Шароф» номли китоби адибнинг 100 йиллик юбилейи арафасида чоп этилганди. Чўлни ўзлаштириш сиёсати, тоталитар тузум шароитда давлат раҳбарининг ўз позициясида собит турганлиги ҳақида ёзган тарихчига кўра, сиёсий шахслар ҳақида гап кетганда, доим уларнинг сиёсат, иқтисодиёт соҳасидаги ишларини эътироф этилиши одатга айланган, аммо маданий сиёсат борасидаги ишлари назардан четда қолиб кетади.

Дарҳақиқат, Шароф Рашидов ўзига хос маданий сиёсат олиб бориш йўли билан жамиятнинг маънавий қиёфасини ўзгартирган шахс эди. Бунда у кишининг журналист, адиб бўла туриб, сиёсий саҳнага чиққани муҳим аҳамият касб этади. Адабий кечада Шароф Рашидовнинг қизи Сайёра Рашидова ҳам иштирок этиб, унинг фаолияти ва турмуш йўли ҳақида нутқ сўзлади.

Мавзуга оид