Ўзбекистон | 13:02 / 20.11.2018
20437
3 дақиқада ўқилади

Шерзод Кудбиев ишсизларга патент бериш масаласига ойдинлик киритди

Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги раҳбари Шерзод Кудбиев ижтимоий тармоқларда кенг муҳокамага сабабчи бўлган «мардикорларга патент жорий қилиш ташаббуси»га изоҳ берди. Вазирнинг билдиришича, бу ихтиёрий бўлиб, ҳеч ким уларни патент олишга ёки қандайдир тўловни амалга оширишга мажбурламайди. Кудбиев бу ҳақда вазирликда бўлиб ўтган учрашувда маълум қилди, деб хабар қилмоқда KUN.UZ мухбири. 

«Бизнинг «аччиқ тажрибамиз» шуни кўрсатмоқдаки, айрим ҳурматли ОАВ, бизларнинг хайрли ниятларимизни бошқача талқин қилишлари мумкин. Шу маънода мен бу ерда тўпланганлар ва ОАВ вакилларидан ёрдам беришларини сўраган бўлар эдим. Масалан, ишга жойлашиш учун бериладиган патент тўғрисидаги таклифимиз, интернетда қизғин муҳокама бўлмоқда. Гарчи бу нарса янгилик эмас эди. Айрим ОАВ эса, бу хабарни ижтимоий тармоқларда реклама сифатида ҳам жойлаштиришди», - деди Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги раҳбари Шерзод Кудбиев.

У йиғилиш мавзусига алоқадор бўлмаса-да, патент масаласига ойдинлик киритиб ўтди. 

«Гап нима ҳақида бормоқда. Гап шундаки, бугунги кунда кўплаб фуқароларимиз ўзлари иш топиб, меҳнат қилишмоқда. Улар ҳимояланмаган ва қонунчилигимизда, улар келгусида пенсия олишини таъминлайдиган меъёр йўқ. Гап шу ҳақда бормоқда. Яъни уларга энг кам ойлик иш ҳақининг 4,5 баравари миқдорида пул тўлаш эвазига шундай имкониятни тақдим этишдир. Агар улар, пул тўлашни хоҳламаса, ҳеч ким уларни мажбурлаш, қандайдир тўловларни амалга оширишларини мажбурий равишда жорий қилишни режалаштираётгани йўқ. Улар шахсий тартибда иш топиб, меҳнат қилишда давом этаверади», - дея ойдинлик киритди вазир. 

Унинг таъкидлашича, хорижга ишлашга кетаётган меҳнат муҳожирларида бу меъёр бор, шахсий ёрдамчи хўжаликларида ишлайдиганларга ҳам маълум бир тўловни амалга оширишса, пенсия олиш имкони берилади. Бошқаларда эса, бундай ҳақ-ҳуқуқ йўқ. 

«Бу ерда, ўзлари иш топиб ишлайдиганларга ҳам пенсия олиш ҳуқуқини беришдан иборат. Шу билан гап тамом. Аммо  айрим ахборот манбалари давлат мардикорларга ҳам солиқ солмоқчи, деб жар солди», - деди Шерзод Кудбиев. 

Мавзуга оид