Жамият | 21:50 / 21.11.2018
62629
12 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон давлат циркида нима гап?

Ўзбекистон республикаси давлат цирки сўнгги пайтларда асосан муаммолар билан тилга тушмоқда. Дастлаб, узоқ йиллар циркнинг раҳбари бўлган Ўзбекистон халқ артисти Баҳром Мажидов циркдаги талон-тарожлар ортидан Жиноят Kодексининг 164-моддаси 3-қисмида келтирилган жиноятларни содир этишда гумонланиб, ИИВ томонидан қидирувга берилгани ҳақида хабар ёритилди. Аммо кейинчалик бу хабар ИИВ сайтидан олиб ташланди. Ҳозир Баҳром Мажидовнинг укаси Рустам Мажидов циркнинг муваққат раҳбари этиб тайинланган. Бир неча ой олдин циркдаги ҳайвонларга етарли миқдорда егулик берилмаётгани ҳақида хабарлар тарқалди. Кейин зўр бериб реклама қилинган «Дельфинлар шоуси» бир неча бор ортга сурилди. Бу ва бошқа масалаларга ойдинлик киритиш, бу гаплар ҳақиқатга қанчалик яқинлигини билиш учун цирк раҳбарияти билан учрашдик.

Хорижий ОАВда эълон қилинган мақолаларга, бугунги ўрганишларга сабаб бўлган мурожаатчиларнинг кўрсатмаларига асосланадиган бўлсак, акасининг ишини давом эттирган Рустам Мажидов даврида циркдаги талон-тарожликлар янада кенгроқ кўламда давом этмоқда.

Исмини ошкор қилишни истамаган, лекин касби юзасидан циркнинг бутун иш жараёнидан бохабар бўлган собиқ ходим шундай дейди:

– Циркнинг энг асосий иши нима? Кўнгилочар томошалар кўрсатиш. Агар мана шу ягона вазифасини бажармаса, бундай ташкилотнинг нима кераги бор? Ўз-ўзидан савол туғилади – Ўзбекистон республикаси давлат цирки қачон охирги марта томоша кўрсатди?!

Ўз репертуаридан путур кетгани етмагандай, роса ваҳима қилинган «Дельфин шоу» ҳам барбод бўлди. Катта маблағ эвазига манеж ўрнига қурилган бассейн бекор ётибди. На ўз томошасига имкон бор, на дельфин шоу уюштириляпти. Дунёдаги деярли барча цирклар ўз даромадлари ҳисобидан фаолият юритади. Бизда цирк томошалар кўрсатиб, ўз харажатларини қоплаши ҳақида умуман гап бўлиши мумкин эмас. Лекин давлатнинг бергани ҳам қия бўлиб кетяпти-да.

Йирик ҳайвонлар оч, озиб-тўзиб кетиб, томошаларга ярамай қолган. Шер ва йўлбарслар кунига махсус текширувдан ўтган 7-8 килограмм мол гўшти ейишлари керак. Улар ҳафтасига икки марта сифатсиз, серсуяк гўштдан озгина еб, бошқа пайт қолдиқ овқатлар билан овунишга мажбур. Энди бу ҳайвонлар шоу учун йўқотилган ҳисобланади. Ахир бу ҳайвонлар ҳам артист ҳисобланади-ку? Битта шер ёки йўлбарсни топиб келтириш, бирор номерга ўргатиш учун давлатнинг чакана маблағи ва меҳнати кетадими?

Бундан ташқари, циркдаги ҳар қандай моддий бойликлар кириб чиқиши махсус кирим-чиқим ҳужжатлари асосида амалга оширилиши шарт. Лекин мен ишлаган охирги пайтларда товар моддий бойликлар, маҳсулотларнинг кўпчилиги ҳеч бир ҳужжатсиз олиб чиқиб кетила бошланди. Бу борада кўп марта эътироз билдирдим. Охир-оқибат ўзим ҳам айбсиз айбдор бўлиб қолишдан қўрқиб, ишдан бўшаб кетдим.

Циркнинг собиқ ходими Азамат Ҳусинов ўз мурожаатида қуйидаги гапларни ёзган:

– 2018 йилнинг январь ойида «Рижик» лақабли маймуннинг жойи директор томонидан олиб қўйилган. Шу сабабли, маймун йўлбарснинг ёнига бориб қолган ва йўлбарс уни еб қўйган. Мен бир неча йиллар давомида йўлбарс ва шерларни турли номерларга ўргатганман. Номеримга Россия федерациясидан таклифнома келганида, директор бадиий кенгаш билан келишган ҳолда боришимга рухсат бермади. Чунки унинг маблағни бериш шартига рози бўлмадим. Ҳозир мен циркдан ишдан кетганман. Шунингдек, директор турмуш ўртоғим Зубайда Ҳусинованинг рус тилини билмаслигидан фойдаланиб унга ишдан бўшаш тўғрисида ариза ёздириб олган.

Аноним мурожаат барибир ўз номига кўра сирли, ундаги фактлар аниқлигига кафолат йўқ. Биз масалага ойдинлик киритиш учун бевосита цирк раҳбари Рустам Мажидовга мурожаат қилдик. Мажидов ўзи интервью бериш билан бирга, ходимлар жамоасини ҳам суҳбатга жалб этди. Шунингдек, циркдаги барча жараёнларни бевосита кузатиш ва тасвирга олиш имкониятини яратиб берди.

—  Рустам ака, аввало бир ҳолатга аниқлик киритиб кетайлик. Сиз ўз акангиз, Ўзбекистон халқ артисти Баҳром Мажидов ишдан кетганидан сўнг, унинг ўрнида вақтинчалик директор вазифасини бажариб турибсиз, шундайми?

— Йўқ, бу мутлақо нотўғри. Акам ишдан бўшаганидан сўнг етти йил давомида бу даргоҳда бир неча директор алмашди. Улар бир неча ойдан, бир ярим йилгача ишлашди. Уларнинг айримларига қарши жиноий ишлар очилди, қамалиб кетганлари ҳам бўлди. Менинг номзодимни жамоанинг ўзи тавсия қилган. Акамнинг ўрнига тўғридан-тўғри цирк раҳбарлигини қабул қилиб олганим йўқ. Цирк соҳасида 30 йилдан бери фаолият юритиб келмоқдаман.

— Ҳозир циркнинг умумий жамоаси неча нафар ходимдан иборат?

— Ўзбекистон республикаси давлат цирки 350 нафар ходим штат бирлигига эга.

— Нечта ҳайвон парваришланмоқда?

— Циркимизда 13 турдаги 82 бош ҳайвон парваришланади. Уларнинг 4 тури қизил китобга киритилган. Ҳар бир ҳайвон тури билан шуғулланувчи алоҳида масъул мутахассислар бор.

— Ҳайвонлар таъминоти ҳақида сўзлаб берсангиз, масалан йирик йиртқичлар, шер ва йўлбарсларга гўшт қаердан олинади?

— Бизга давлат, Маданият Вазирлиги томонидан маблағ ажратилади. Биз ҳар бир маҳсулотни, хусусан, гўштни ҳам фақат биржа орқали харид қиламиз. Биржада ҳаммаси шаффоф ўтказилади. Ғолиб чиққан ташкилотнинг маҳсулоти ҳам ветеринарларимиз томонидан текширилади, талабга жавоб бермаса, қайтариб юборилади.

— Собиқ ходимингизнинг таклифнома асосида Россияга жўнатилмаганини қандай изоҳлайсиз?

— У ходим кимлигини яхши биламан. Азамат Ҳусинов мен ишга келгунимга қадар етти ой давомида шер ва йўлбарсларимиз билан Қозоғистонда томошалар кўрсатиб, циркимизга 28 миллион сўм маблағ туширган. Энди ундан ўзининг маошларини чиқариб ташласак, ташкилотга жуда арзимас маблағ қолади. Худди шундай хорижий кўчма циркнинг Ўзбекистондаги томошалари учун биз бу ҳайвонларни икки ойга ижарага бериб, бундан кўпроқ маблағ туширишга эришдик. Бу масаланинг иқтисодий томони. Энг муҳими, мен ўз ихтиёримча ҳайвонлар ва ходимларни хорижга жўната олмайман. Бунинг учун Маданият Вазирлиги, Ташқи Ишлар Вазирлигининг рухсатномалари керак. У ўзбошимчалик билан контракт тузган. Контракт муддати тугаб қолмаслигидан унга рухсат беришимизни сўраган. А.Ҳусинов умр йўлдоши билан ишдан бўшатилгандан сўнг, турли ташкилотларга шикоят хатлари ёзган. Шунингдек, Президент қабулхонасига ҳам. Ўзингизга маълумки, «Озодлик» сайтига ҳам мурожаат қилган. Лекин кўпчилик ОАВ ходимлари масалани тўлиқ ўрганмай туриб, маълумотларни оммага тақдим этган. 

«Дельфинлар шоуси» бир неча бор ортга сурилгани сабабларига ҳам тўхталсангиз.

— Бу шоу «Дельфинлар шоуси» МЧЖ томонидан уюштирилган. Биз фақат бинони ижарага берганмиз ва ишлатилмаган вақт учун ҳам ижара тўловлари тўланмоқда. Шоу бизнинг айбимиз билан эмас, дастлабки келувчи томон – россиялик артистларга дельфинларни олиб чиқишга рухсат берилмагани туфайли ортга сурилди. Ҳозир Украина томони билан ҳамма келишувларга эришилган, зарур шароитлар яратилмоқда. Яқин кунларда «Дельфинлар шоуси» бошланади. Бу ҳақда батафсил маълумот берганмиз.

Вазиятга изоҳ бериш учун атайлаб ташриф буюрган Маданият Вазирлиги матбуот котиби Мавлуда Асқархўжаева шундай деди:

— Вазият тўлалигича вазирлигимиз, бевосита вазиримиз назоратида. Бахтиёр Сайфуллаев цирк фаолиятини ўрганиш учун махсус ишчи гуруҳ тузишни ва барчасини холисона ўрганишни буюрган. Ишчи гуруҳимиз бир неча марта келиб, бу ердаги вазиятни ўрганди. Айтиш мумкинки, ўша мурожаатларда кўрсатилган камчиликлар тасдиғини топмади. Тўғри, айрим камчиликларга йўл қўйилган. Лекин уларни тузатиш мумкин. Хусусан, «Дельфинлар шоуси» бўйича жиддий назорат зарурлиги таъкидланди, озиқ-овқатларни сақлаш борасида ҳам керакли кўрсатмалар берилди. Вазиримиз ҳаттоки ҳайвонлар ҳолатини ўрганиш учун ҳайвонот боғи ветеринаридан ташқари бу ишларга алоқадор бўлмаган холис ветеринарни жалб қилишга ҳам кўрсатма берди. Барча текширувлар ҳайвонлар ҳолати қониқарли эканлигини кўрсатди.

Суҳбатимизга директорнинг ижодий ишлар бўйича ўринбосари Рустам Хаметов ҳам қўшилди:

— Азаматнинг бу иши тўғри эмас. Сабаби, цирк қошида 13 кишидан иборат бадиий кенгаш фаолият юритади, ҳар бир дастурни шу кенгашда кўриб чиқамиз. Азамат таклифномани кўрсатиб, жўнатишни талаб қиляпти. Ахир бу йирик ҳайвонлар давлат тасарруфида, унинг хусусий мулки эмас-ку? У ҳайвонларни ўргатган бўлса, бунинг учун маош олган, ҳайвонлар шу ташкилот ҳисобидан боқилган. Ҳайвонлар ва ходимлар хорижга жўнатилар экан, бундан циркимиз ҳам манфаатдор бўлиши шарт. Ахир биз фақат бир артистнинг обрўси учун хизмат қила олмаймиз.

Ҳайвонларнинг оч қолдирилишига келсак, ҳозир биргаликда кирамиз, уларнинг ҳолини бевосита кўрасизлар, суратга оласизлар.

Цирк ходимлари касаба уюшмаси раиси Ольга Пенкина вазиятни изоҳларкан шундай деди:

— Собиқ ходимимизнинг бу иши, устимиздан кўп жойларга шикоят йўллаши ходимлар кайфиятига ёмон таъсир қилди. У ўша маймун йўқолгани тўғрисидаги ҳолатни ҳам бир ой яширган. Энг қизиғи, ундан маймун қаёққа йўқолгани тўғрисида сўралганида у осонгина «йўлбарс еб қўйди» деб қутулмоқчи бўлди. Лекин бу ҳолатнинг бирорта изи қолмагани ажабланарли. На қон изи бор, на маймуннинг териси-ю жунлари.

Ходимларимиздан жуда аҳил жамоа шаклланган. Унинг аҳиллигини бузиш яхшилик келтирмайди.

Бош маъмур Мирҳосил Тўрабековнинг сўзлари анча таъсирли бўлди:

— Собиқ ходимимизнинг бу иши қўпол бўлса-да, тузни ичиб, тузлиққа тупуриш бўлди. Жамоа орасига нифоқ солиш ҳеч қачон яхшиликка олиб келмайди. Шунча катта жамоа бир жону-бир тан бўлиб ишлаётган бир пайтда ҳар хил иғволарни тарқатишдан, оммавий ахборот воситаларида бўлар-бўлмас гапларни айтишдан қандай одам манфаатдор бўлади? Ҳайронман...

Циркнинг матбуот котиби Латофат Саъдуллаева келгуси режалар ҳақида сўзлаб берди:

— Ҳозир жамоамиз зўр бериб янги йил байрамига ҳозирлик кўрмоқда. Болажонларимиз учун ажойиб номерлар тайёрлаяпмиз. Асосий аренамизда дельфинлар шоуси ўтказилишига қарамай, алоҳида майдонда янги йил томошалари бўлиб ўтади. Шундай пайтларда ходимлар орасига нифоқ солишдан мақсад нима экан? Ахир бу цирк, маданият ўчоғи, инсонлар ҳордиқ чиқарадиган маскан. Мана ҳозир циркимиз улкан ўзгаришлар остонасида турибди. Биноларимиз маънан эскирган, зарур шароитлар етарли эмас. 2019 йилда ҳукуматимиз, вазирлигимиз томонидан капитал таъмирлаш режалаштирилмоқда. Шундай кунларда цирк обрўсига путур етказиш яхши эмас.

Циркдан чиққанимиздан сўнг бу ўрганишларга сабаб бўлган мурожаатлар муаллифи Азамат Ҳусинов билан ҳам учрашдик. У дастлаб ишдан бўшаб кетгани, энди бу воқеаларга изоҳ бера олмаслигини билдирди. Ўша фаолият юритган даврига оид саволлар беришимизни айтганимизда ким биландир (кейин айтишича турмуш ўртоғи билан) маслаҳатлашиб олиши зарурлигини айтиб, телефон орқали гаплашди. Сўнг ҳозир саволларга жавоб бера олмаслигини айтди.

Начора, ҳар қандай мурожаат далиллар тақдим этилгандагина ишончли бўлади. Суҳбатнинг иложи бўлмагани туфайли биз шикоятлардан иборат мурожаат муаллифи билан хайрлашдик.

Аброр Зоҳидов, Раҳматулло Исроилов,

тасвирчи Фазлиддин Абдуқодиров.

Мавзуга оид