Light | 19:03 / 24.11.2018
56769
8 дақиқада ўқилади

Болаларнинг ҳаёт ҳақидаги 10 та саволи. Катталарнинг ҳаммаси ҳам жавоб беролмайди

Ҳаммамиз мактабда ўқиганмиз, кўпчилигимиз уни аъло баҳолар билан тамомлаганмиз. Бироқ ҳатто собиқ аълочилар ҳам айрим содда саволларга  жавоб беришолмайди. Масалан, қуёш нурида нима учун аксирамиз, нима учун одам қўрққанида титрайди ёки пайвандлаш вақтида нурга қараш нима учун зарар каби.

Биз катталарнинг ҳаммаси ҳам жавоб топа олмайдиган 10 та болаларга хос оддий ва қизиқарли саволларни жамладик.

Фото: Alice Perkmini

Ёруғлик нурига қараганда нима учун аксирамиз?

Биласизми, ёрқин қуёшли кунда кўчага чиқилганида одамларнинг 18-35 фоизи албатта аксиради. Бунга биргина яхши ўрганилмаган ирсий жиҳат сабабчи. Кутилмаганда акса уриш феномени (ёруғлик сабаб акса уриш рефлекси) ёруғлик нури кўзнинг нервини қўзғатиб, аксириш учун жавоб берадиган рецепторларга таъсир қилишидан юзага келади. Гап шундаки, кўриш рецепторлари ҳид билиш рецептори билан ёнма-ён жойлашган. Уларнинг бари мияга деярли бир нуқтадан киради. Шу йўл билан мия кўриш реакциясига худди ҳид билишдагидек муносабатда бўлади. Яъни у организмга бегона модда тушди деб ҳисоблайди. Мия бу моддадан халос бўлиш учун буйруқ беради ва аксириш жараёнини юзага келтиради.

Фото: Alice Perkmini

Нима учун пайвандлаш нурига қараш зарарли?

Ҳамма болалигидан пайвандлаш вақтида пайдо бўладиган нурга қараш кўзлар учун зарар эканини яхши билади. Нима учун бундай эканидан эса кўпчиликнинг хабари йўқ. Гап шундаки, электр пайвандлаш ишлари вақтида пайдо бўлган ёруғликда ультрабинафша нурларининг миқдори катта бўлиб, у шиллиқ қават, кўз қорачиғи ва тўрпардасига салбий таъсир қилади. Бошқача қилиб айтганда, ультрабинафша нурлари кўз қорачиғининг куйишига олиб келади. Бу ҳолатни кесилишлар кўринишидаги пайвандлаш нурига қарагандан бир неча соат ўтгач кузатиш мумкин. Кўзлар ичига қум тушгандек бўлиши, қизариш, кўзларнинг ёшланиши каби белгилар пайдо бўлади. Тўлиқ тузалиш учун бир неча ҳафта талаб этилади. Шунинг учун махсус ниқобингиз бўлмаса, пайвандлаш нурига қарамасликни ўтиниб сўраймиз.

Фото: Alice Perkmini

Ким ақллироқ: кучукми ёки мушук?

АҚШдаги Вандербильт университети олимлари кучукларнинг бош мия қобиғида 530 миллионга яқин нейрон борлиги, мушукларда эса бу кўрсаткич 250 миллионга яқинлигини аниқлашган. Айнан бош миянинг қобиғи фикрлаш, режалаштириш ва мураккаб хулқ-атвор учун жавоб беради, дея қайд этишган тадқиқотчилар. Мия қобиғидаги нейронлар сони эса жониворлар томонидан ўз тажрибасига таяниб хулосалар чиқариш қобилиятига таъсир қилади. Шундай қилиб, ишонч билан айтиш мумкинки, кучуклар мушукларга қараганда 2 марта ақллироқ. Айтганча, таққослаш учун: одам бош мияси қобиғида деярли 16 миллиард дона нейрон бор.

Фото: Alice Perkmini

Қаерда совуқроқ: Жанубий қутбдаги ёки Шимолийсида?

Кўп йиллик метеорологик маълумотларга кўра, Жанубий қутбда Шимолий қутбга қараганда анча совуқ. Шимолий қутбдаги ўртача йиллик ҳарорат  −34 °С бўлса, Жанубий қутбда бу кўрсаткич −48,9 °С даражага тенг. Гап шундаки, Шимолий қутб океаннинг ўртасида денгиз сатҳидан бир неча метрда жойлашган. Бу эса ўзига хос иссиқлик захираси ўрнини босади. Жанубий қутб эса денгиз қирғоғидан узоқда ва Антарктида марказида денгиз сатҳидан 2 800 метр баландликда жойлашган. Бунга қўшимча равишда қуёш нурининг катта қисми оппоқ қорда акс этади. Шунинг учун Жанубий қутб Ердаги энг совуқ иқлимга эга.

Фото: Alice Perkmini

Бир хил кўринишдаги қор парчалари бўладими?

Бу саволнинг жавоби бир хил кўринишдаги қор парчаларини излашда қандай ёндашишга боғлиқ. Калифорния университети физика фанлари профессори Кэннет Либбрехтнинг таъкидлашича, агар қор парчаларининг шаклига оддий микроскоп орқали қаралса, назарий жиҳатдан иккита бир хил қор парчаларини кўриш мумкин. Бироқ уларни молекуляр даражада таққосланса, иккита бир хил кўринишдагисини тополмаймиз. Қорнинг иккита кристали бир хил тузилишга эга бўлиш эҳтимоли нолга тенг.

Фото: Alice Perkmini

Нима учун қайин дарахтининг оқ пўстлоғида қора чизиқлар бўлади?

Қайин дарахти нима учун оқ рангда бўлишини XVIII асрда рус кимёгари Товий Ловиц тушунтирган. У дарахт пўстлоғидан кристал органик моддани ажратишга муваффақ бўлган. Моддага бетулин номи берилган. Бетулин қаттиқ елим модда бўлиб, у сабабли пўстлоқ сув ва ҳаво ўтказмайдиган, қаттиқ совуқдан ҳимоя қиладиган мустаҳкам тузилишга эга. Бироқ ҳаво дарахтнинг танаси учун зарур бўлгани учун қора чизиқлар ёрдамга келади. Уларнинг тузилиши бироз бўшроқ, ҳужайралар орасидаги масофа каттароқ. Бу эса дарахтга нафас олишда қўл келади.

Айтганча, қайин дарахтининг юздан ортиқ тури мавжуд. Ҳамма дарахтларнинг танаси ҳам қора чизиқли бўлмайди. Тўқроқ ва ҳатто олча рангдаги пояга эга дарахтлар ҳам бор.

Фото: Alice Perkmini

Нима учун мушуклар бодрингдан қўрқади?

Бир неча йил аввал интернетда мушуклар бодринг билан қўрқитилаётган роликлар машҳур бўлганди. Эслатиб ўтамиз, роликларда мушукларнинг овқатланиши акс эттирилган бўлиб, ўз эгаси томонидан қўйилган бодрингни кўриб, жониворлар  қўрққанидан сакраб тушган. Бироқ маълум бўлишича, гап бодрингда эмас. Мушуклар овқатланиш жараёнида максимал даражада бўшашади. Чунки одатига кўра, овқат ейиш жойини хавфсиз санайди. Янги шубҳали предмет кутилмаганда пайдо бўлганида мушукда табиий ўз-ўзини сақлаш инстинкти уйғонади. Мушук қўрққанидан дарҳол сакраб юборади. Мушуклар банан, бақлажон ва ҳатто ананасга ҳам худди шундай реакция қилади.

Фото: Alice Perkmini

Нима учун қушлар пона кўринишида учади?

Бари оддий: парвознинг бундай усули самарали. Пона кўринишида сафланиш ҳаво оқимининг оптималлаштирилишини таъминлайди ва қушлар парвозга камроқ куч ва қувват сарфлайди. Шу билан бирга бу усулда йўл кўрсатувчини кўриш қулай. Қизиқ, қушлар қанотлар ҳаракатини ҳам синхронлаштиради. Қайд этиш жоизки, йирик қушларгина (турна, оққуш ва ғозлар) пона бўлиб учади. Майдароқлари эса вазни кам бўлгани сабаб парвоз вақтида бошқа аэродинамик ҳодисаларга дуч келади. Пона бўлиб учиш улар учун бефойда. Бу қушлар тарқоқ ҳолда парвоз қилади.

Фото: Alice Perkmini

Ёнарқўнғизлар қандай қилиб ёнади?

Флорида университети энтомология ва нематология кафедраси доценти Марк Бранхамнинг тушунтиришига кўра, ёнарқўнғизлар танасининг ичида кимёвий реакцияни амалга оширади. Бу эса уларга нур таратиш имконини беради. Нур ишлаб чиқишнинг бу усули биолюминесценция деб аталади. Ёнарқўнғизлар нур чиқарадиган усул биолюминесценциянинг энг таниқли мисоли саналади. Кислород кальций, аденозинтрифосфат (АТФ) ва кимёвий люциферин билан бирлашганида биолюминесцент ферментининг ёруғлиги ҳосил бўлади. Айтганча, қўнғиз кимёвий реакциянинг боши ва охири ва шу йўл билан ёниш вақтини ҳам  назорат қила олади. Олимларнинг фикрига кўра, бу ҳашоратлар қарама-қарши жинс вакилларини жалб қилиш учун нур таратар экан.

Фото: Alice Perkmini

Одам қўрққанида нима учун титрайди?

Оттавадаги Карлтон университети нейро илм-фан бўлимининг нейробиолог олими Ким Хеллеманснинг таъкидлашича, қўрқиш вақтида мия буйрак устига сигнал юборади. Улар қонга зўриқиш гормони – адреналин ва кортизон ажратади. Бу гормонларнинг вазифаси – организмни эҳтимолдаги жисмоний зўриқишга тезда тайёрлаш (ҳужум, ҳимоя ёки қочишга). Бу гормонлар сабаб юрак уриши тезлашади, кўз қорачиғи катталашади, туннелли кўриш юзага келади, мушаклар шу даражада қизғин тус оладики, жисмоний фаоллик (қочиш, ҳужум) бўлмаса, тезда қисқаришни бошлайди. Бу ташқи жиҳатдан титраш кўринишида намоён бўлади.

Мавзуга оид