Ўзбекистон | 15:48 / 26.11.2018
7337
2 дақиқада ўқилади

Нуриддинжон Исмоилов Ўзбекистон ташқи сиёсатининг асосий устувор йўналишини маълум қилди 

Фото: parliament.gov.uz

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси спикери Нуриддинжон Исмоилов бошчилигидаги мамлакат парламенти делегациясининг Қозоғистон Республикасига расмий ташрифи давом этмоқда.

2018 йилнинг 26 ноябрь куни делегация аъзолари Қозоғистон Республикаси биринчи президенти кунига бағишлаб Остона шаҳрида ўтказилган “Остона – глобал интеграция, тинчлик ва хавфсизлик маркази” мавзусидаги халқаро парламент анжуманида иштирок этдилар.

Анжуманда Озарбойжон, Италия, Қирғизистон, Литва, Россия, Туркия, парламентлари аъзолари, шунингдек, Германия, Ҳиндистон, Испания, Хитой, Швеция каби мамлакатлардан ташриф буюрган экспертлар ва халқаро ташкилотларнинг вакиллари қатнашди.

Тадбирда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси спикери сўзга чиқиб, Ўзбекистон ташқи сиёсатининг асосий устувор йўналиши бу – Марказий Осиё эканини таъкидлаб ўтди. 

Шунингдек, Ўзбекистон минтақага оид масалаларда катта интеграцияга жиддий киришгани, ўтган йиллар мобайнида минтақа мамлакатлари ўртасида кўплаб масалалар тўпланиб қолганини таъкидлади. Давлатлар раҳбарларининг сиёсий иродаси туфайли айни пайтда минтақада умуман янги сиёсий муҳит яратилгани, ўзаро ишонч ва яхши қўшничиликка асосланган муносабатлар мустаҳкамланиб бораётганини қайд этди.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Нуриддинжон Исмоилов Нурлан Нигматуллин билан учрашгани, Ўзбекистон ва Қозоғистон парламентлари ҳамкорлик қилиши хабар берилганди.

Мавзуга оид