Янги биометрик паспортнинг кўриниши қандай бўлади ва уни олиш учун қандай ҳужжатлар топширилади?
Тошкент шаҳар ички ишлар Бош бошқармаси томонидан ташкиллаштирилган журналистлар иштирокида бўлиб ўтган брифинг давомида ШИИББ Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бошқармаси бошлиғи подполковник Қудрат Йўлдошев республикамизда паспорт тизимини янада такомиллаштириш, хусусан, 2019 йилнинг 1 январидан жорий этилаётган хорижга чиқиш паспорти ҳақида айрим маълумотларни тақдим этди.
Қудрат Йўлдошевнинг таъкидлашича, янги биометрик паспортнинг муқоваси тўқ қизил рангда ва у 48 саҳифадан иборат бўлади. Таққослаш учун, амалдаги биометрик паспорт 36 саҳифадан иборат. Бундай йўл тутилишига сабаб, хорижий давлатлар тажрибасидан келиб чиқиб, хорижга тез-тез чиқиб турувчи фуқаролар паспортларининг виза муҳрлари ва стикерларига тўлиб қолишининг олдини олишдир.
Боз устига, Ўзбекистон Республикаси хорижга чиқиш биометрик паспортида прописка, оилавий ҳолати, ҳарбий мажбурияти каби ёзувлар бўлмайди — фуқарога тегишли маълумотлар ва виза учун ажратилган саҳифалардангина иборат бўлади.
Янги биометрик паспорт Ўзбекистон Республикасида ишлаб чиқарилган қурилмаларда, шу ерда барча зарур замонавий ҳимоя воситаларига эга бўлган ҳолда тайёрланади. Қудрат Йўлдошев айнан қайси фирма ёки компания бу иш билан шуғулланишига ойдинлик киритмади.
Янги биометрик паспорт 10 иш куни давомида тайёрлаб эгасига тутқазилади. У вояга етганлар учун 10 йил муддатга, вояга етмаган болалар учун (киндер паспорт) 5 йил муддатга берилади. Киндер паспорт учун ЭКИҲнинг 1,5 баробари миқдорида (айни кунда 304,095 сўм) давлат божи тўланади.
Хорижга чиқувчи фуқаронинг биометрик паспортини олиш учун бир нусхада анкета-ариза берилади. Анкета иш жойи, ўқиш ёки маҳалла фуқаролар йиғини муҳри билан тасдиқланган бўлиши керак. Битта 35Х45 мм ўлчамдаги фотосурат, ҳарбий хизматга мажбурлар эса мудофаа ишлари бўлимидан маълумотнома олиб келишлари керак бўлади. Янги биометрик паспортга ҳеч қандай стикер ёпиштирилмайди.
Тошкент шаҳрида яшовчи фуқароларга хорижга чиқиш учун биометрик паспортларини расмийлаштирувчи 12та қурилма (улардан бири ИИББ МФРБда) ўрнатилиши кўзда тутилмоқда. Бундай қурилмаларнинг ҳар бири кунига 180-200 нафар фуқарога хизмат кўрсата олади.
Ўзбекистон Республикаси фуқаросининг 2011 йилги намунадаги биометрик паспорти унинг эгаси шахси ва фуқаролигини тасдиқловчи ҳужжат ҳисобланишда давом этади ва ундан республика ҳудудида умумфуқаролик ҳужжати сифатида 2021 йилнинг 1 январигача фойдаланиш мумкин.
Шунингдек, шу сана — 2021 йилнинг 1 январига қадар визасиз режим ўрнатилган мамлакатларга (Арманистон, Беларусь, Гуржистон, Молдова, Озарбойжон, Россия Федерацияси, Украина, Тожикистон, Қирғизистон ва Қозоғистон — таҳр.) 2011 йил намунадаги амалдаги биометрик паспорт билан чиқиш мумкин. Шунингдек, хорижга чиқиш стикери ёпиштирилган 2011 йил намунадаги амалдаги биометрик паспорт билан ҳам стикернинг амал қилиш муддати тугагунга қадар хорижга чиқиб келиш мумкин. Стикер муддати тугагач, паспорт янги намунадаги биометрик паспортга алмаштирилади.
Kun.uz мухбирининг хорижда истиқомат қилаётган ватандошларимизнинг янги намунадаги биометрик паспортларни олиш тартиби ҳақидаги саволларига Қ.Йўлдошев бундай фуқаролар амалдаги тартиб бўйича хорижий давлатдаги Ўзбекистон Республикаси консуллик идораларида, шунингдек, Ўзбекистон Республикасига келиб, 10 иш куни давомида паспортларини алмаштиришлари мумкинлигини айтиб ўтди.
Мавзуга оид
17:38 / 05.11.2024
Хорижга чиқиш биометрик паспортини почта орқали етказиш йўлга қўйилади
09:58 / 17.06.2022
Хорижга чиқиш биометрик паспортини ягона портал ва ДХМ орқали бериш тўлиқ жорий қилинади
18:08 / 09.08.2021
Хорижга чиқиш биометрик паспортини қанча муддатда олиш мумкин?
20:40 / 09.03.2020