Жаҳон | 19:13 / 23.05.2025
976
2 дақиқада ўқилади

Литва 1 июндан Россиянинг нобиометрик хорижга чиқиш паспортини тан олмайди

Мамлакат Ташқи ишлар вазирлигига кўра, нобиометрик паспортларни сохталаштириш нисбатан осон ва РФ махсус кучлари улардан чет элдаги операцияларини амалга оширишда фойдаланиши мумкин.

Фото: Reuters

Россия фуқаролари биометрик бўлмаган хорижга чиқиш паспортлари билан энди Литва ҳудудига кира олмайди. Бу ҳақда мамлакат Ташқи ишлар вазирлиги хабар берди.

Қайд этилишича, бундай қарор ташқи сиёсий идора ва Ички ишлар вазирлиги билан биргаликда қабул қилинган.

Таъкидланишича, нобиометрик паспортларни сохталаштириш нисбатан осон. Уларнинг ҳисоблашича, бундай ҳужжатлар Россия махсус хизматлари томонидан чет элдаги операцияларини амалга оширишда фойдаланилиши мумкин.

РФ фуқаролари 2025 йил 1 июндан нобиометрик паспорт билан Литвага кира олмайди. Истисно тариқасида «демократик кучлар вакиллари, режимга мухолиф шахслар, мустақил ОАВ ва жамоатчилик вакиллари» агар, «уларнинг сафар мақсади Литва манфаатларига мос келса» — бундай турдаги паспорт билан Литвага киришларига рухсат этилади. Шу билан бирга, бу каби ҳолатларнинг ҳар бири индивидуал тартибда кўриб чиқилади.

Литва ёки Евроиттифоқ, Европа иқтисодий зонаси ёки Шенген келишуви таркибидаги бошқа давлатларда яшовчи РФ фуқаролари нобиометрик паспорт билан 2025 йил 1 декабрга қадар мамлакатга кира олади.

Янги қоида Россия фуқароларининг Калининграддан темирйўлда Литва ҳудуди орқали транзит ўтишига тааллуқли эмас.

Евроиттифоқда чет эл фуқаролари тақдим этиши керак бўлган ҳужжатлар мамлакатлар даражасида қабул қилинади. Олдинроқ Чехия, Эстония, Франция, шунингдек, Дания ва Исландия ҳам нобиометрик РФ паспортлари қабул қилиниши тўхтатилишини эълон қилганди.

Россия фуқаролари хорижга чиқиш паспортини ўзлари танлаши мумкин — биометрик ёки нобиометрик. Биометрик маълумотларсиз паспортлар қисқароқ муддатда тайёр бўлади ва уларнинг тўлови камроқ. Нобиометрик паспортларни Россия дипломатик ваколатхоналари тақдим этиши мумкин, биометрик паспортлар эса Россияда тайёрланади ва дипломатик почта орқали юборилади.

Мавзуга оид