Light | 21:45 / 06.12.2018
15555
4 дақиқада ўқилади

Истеъмолчиларга сотувчидан фойдали маслаҳатлар

Одатда озиқ-овқатни харид қилиш чоғида маҳсулот сифати, унинг қадоғидаги яроқлилик муддати билан боғлиқ саволлар пайдо бўлади. Kun.uz қуйида маҳсулот сифати ва яроқлилик муддатига боғлиқ энг кўп бериладиган саволларга мутахассислар томонидан билдирилган жавобларни тақдим этади.

Озиқ-овқат маҳсулоти харидидан сўнг, унинг сифатидан қониқмаган ёки жабр кўриш ҳолатида истеъмолчи кимга мурожаат қилади: дўкон эгасигами ёки ишлаб чиқарувчига?

Маҳсулотнинг сифати ва хавфсизлигига биринчи ўринда ишлаб чиқарувчи жавобгардир. Аммо, маҳсулот сифати уни сақлаш шароити, ташиш ва реализация қилиш қоидаларига риоя этилмаганлиги сабабли бузилганлиги аниқланса, савдо ташкилоти зарарни қоплаши керак бўлади.

Маҳсулот ҳақидаги батафсил маълумотни харидор кимдан олиши мумкин?

Агар сизни озиқ-овқат маҳсулотининг сифати ва хавфсизлигига доир, сақлаш шароити, яроқлилик муддати ва нархи каби маълумотлар қизиқтирса, дўкон хизматчиларидан бемалол сўраб олишингиз мумкин.

«Ҳар бир маҳсулотнинг ўрамида харидор учун аҳамиятли бўлган маълумотлар қайд этилган бўлади. Дўкон персоналига ҳам мунтазам равишда ўтказиладиган тренингларда маҳсулотлар, уларнинг хусусиятлари ҳақида маълумот берилади. Демак, харидор бемалол сотувчига ўзини қизиқтирган савол билан мурожаат қилиши мумкин», дейди korzinka.uz дўконлар тармоғи раҳбари Зафар Ҳошимов.

Қадоқланган товарларнинг яроқлилик муддати сингари маълумотлар унинг ўрамида кўрсатилади. Аммо нон ва нон маҳсулотлари, мева-сабзавот, сузма кабиларникичи?

Қадоқланмаган маҳсулотларнинг яроқлилик муддати бир неча кунни ташкил этади: нон маҳсулотлари — 16 соатдан 36 соатгача, сузма — 3 сутка, мева ва сабзавотлар — салқин шароитда 5 кунгача сақланади.

Яроқлилик муддати ўтган маҳсулотлар нима қилинади?

Бу тадбиркор билан тузилган келишувга боғлиқ. Аксарият ҳолларда маҳсулот яроқлилик муддатининг тугашига кам вақт қолганда у ишлаб чиқарувчига қайтариб берилади, баъзи ҳолларда эса дўконнинг ўзи маҳсулотни сотувдан четлаштириш ва белгиланган меъёрга кўра утилизация қилиш билан шуғулланади.

Ишлаб чиқарувчи ўз маҳсулотининг таркибини тўлиқ кўрсатмасликка ҳаққи борми? Бўлса қандай ҳолларда?

Ҳар қандай маҳсулот қатъий белгиланган меъёрий ҳужжатлар асосида ишлаб чиқарилади. «Озиқ-овқат маҳсулотларининг сифати ва хавфсизлиги тўғрисида»ги Қонуннинг 12-моддасига кўра, маҳсулот қадоғида уннинг тўлиқ таркиби ва нима мақсадда ишлатилиши кўрсатилиши шартлиги кўрсатиб ўтилган.

Қонуннинг 14-моддасига мувофиқ, яроқлилик муддати ўтган маҳсулотларнинг реализация қилинишига йўл қўйилмайди.

Яроқлилик муддати яқинлашиб қолган маҳсулотни арзон нархда, акция тарзида сотиш мумкинми?

«​Яроқлилик муддати ўтишига кам вақт қолган маҳсулотни арзон ёки акция тарзида сотиш эгаси томонидан ҳал этилади. Товарлар акцияси унинг ишлаб чиқарувчиси билан маслаҳатлашган ҳолда ташкиллаштирилади. Бу акция тижорий нуқтаи назардан ҳар икки томон учун ҳам манфаатли эканлиги инобатга олинади»​, - деб таъкидлайди Зафар Ҳошимов.

Маҳсулотнинг яроқлилик муддати ўтган бўлса, лекин истеъмолчи била туриб уни бирон мақсадда ишлатиш учун харид қилмоқчи бўлганда сотиш мумкинми?

Мумкин эмас. Қонунга кўра, яроқлилик муддати ўтган маҳсулотларни савдо растасига қўйилиши тақиқланади.

Эскирган нон ва нон маҳсулотларининг тақдири нима бўлади?

Инсон истеъмоли учун яроқсиз бўлган маҳсулот ветеринария хизмати мутахассислари хулосаси асосида чорва моллари ёки ҳайвонларга ем сифатида берилиши мумкин, бу масалани маҳсулотнинг эгаси ҳал этади.

Давлат санитария-эпидемиология назорат маркази мутахассислари супермаркет ва дўконларда савдо қоидаларини текшириш даврийлиги қандай белгиланган? Харидорларнинг шикояти дўкон фаолиятини текшириш учун асос бўладими?

ДСЭНМ мутахассисларига супермаркет ва дўконларни ҳаттоки шикоят келиб тушганда ҳам текшириш ваколати берилмаган. Текшириш учун тегишли ташкилотдан рухсат берилгандагина супермаркет ва дўконларни ўрнатилган тартибда буйруқ асосида кўриб чиқиш мумкин.​

Саодат Абдураҳмонова тайёрлади

Мавзуга оид