Жамият | 16:00 / 08.12.2018
37611
7 дақиқада ўқилади

Жиззахча мастер-класс: тадбиркорни «копток» қилиш сир-асрорлари

Таҳририятга Жиззах вилояти Шароф Рашидов туманидаги «Текис бурчак» хусусий ихтисослаштирилган қурилиш-таъмирлаш корхонаси раҳбари Абдуғани Бурҳоновдан мурожаат келиб тушди.

Mover'да кўриш

Youtube'да кўриш

Ўзбекистон Республикаси президентнинг 2009 йил 22 апрелдаги «2009–2014 йилларда Ўзбекистон миллий автомагистралини реконструкция қилиш ва ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ-1103-сонли қарори ва Вазирлар Маҳкамасининг 2009 йил 22 октябрдаги «Ўзбекистон миллий автомагистрали бўйлаб йўл инфратузилмаси ва сервисини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги 277-сонли қарорига кўра архитектор А.Бурҳонов томонидан М39 — Тошкент-Термиз автомагистралининг Ш.Рашидов тумани ҳудудидан ўтувчи 900-километрида «Мотел» комплексини жаҳон стандартларига мос келадиган лойиҳа асосида ишлаб чиқилган, лойиҳа ишчи гуруҳ аъзолари томонидан маъқулланиб, амалга ошириш учун 2010 йил дастурига киритилган.

М39 автомагистралининг Шароф Рашидов тумани (собиқ Жиззах тумани) ҳудудидан ўтган қисми четидан кемпинг қурилиши учун ҳукуматнинг 2013 йил 54-сонли қарори талабларига мувофиқ 1,60 гектар ер майдони танланган, тегишли органлар томонидан маъқулланиб, 2014 йилнинг 14 октябрида Ш.Рашидов (Жиззах) тумани ҳокимлигига ер майдони ажратиш учун тақдим этилган.

Фуқаро А.Бурҳонов кемпинг лойиҳасидаги бинолардан бирини қуриб битказган. Бироқ, лойиҳани тўлиқ амалга ошириш юзасидан айрим қаллобликлар ва тўсиқлар юзага келганки, мазкур ҳикоя ана шулар ҳақида бўлади.

Хуллас, кемпинг тушадиган ер ҳудудининг бир қисми туманда фаолият кўрсатаётган «Анорхол-Шаҳбоз», яна бир қисми «Алиқул ота» фермер хўжаликларига тегишли бўлган.

Жиззах туман ҳокимининг 2011 йил 2 июндаги қарори билан «Анорхол-Шаҳбоз» фермер хўжалигининг 0,3 га боғи ери туман захирасига қайтарилган.

Бироқ, кейинчалик туман захирасига олинган ер Абдуғани Бурҳонов бошчилик қилаётган корхонага кемпинг (мотел) қуриш учун эмас, туман ҳокимлиги томонидан маиший хизмат кўрсатиш шохобчаси қуриш учун 0,2 га, автомобилларга техник хизмат кўрсатиш учун 0,1 га ер фуқароларга бўлиб бериб юборилган.

2015 йилда 0,2 га ер майдонига эгалик қилиб келаётган фуқаро Шаҳбоз Қаршибоев ўзига тегишли нотурар жой биносини ер майдони билан фуқаро М.Пардаевага сотади. Аммо, Вазирлар Маҳкамасининг 2013 йил 54-сонли қарори билан тасдиқланган “Шаҳарсозлик фаолиятини амалга ошириш учун аҳоли пунктларида ер участкалари бериш, қурилиш объектларини лойиҳалаштириш ва рўйхатдан ўтказиш, шунингдек объектларни фойдаланишга қабул қилиш тартиби тўғрисида”ги низом талабларига кўра, юқоридаги объектни фойдаланишга қабул қилиш тўғрисидаги туман ҳокимининг қарори қабул қилинмасдан унинг кадастр ҳужжатлари тайёрланган. Фуқаро М.Пардаева айни кунда мазкур объектдан чойхона сифатида фойдаланиб келмоқда.

Кадастр ҳужжатларига кўра, 0,2 га ер майдонига эга бўлиши лозим бўлган объект аслида 0,3 га юзага эга. Чунки қонунчилик талабларга кўра, объект М39 магистрал йўли ўқидан 110 метр масофа қолдирилиб барпо этилиши лозим бўлса-да, аслида йўл ўқигача бўлган масофа 60 метрни ташкил этади ва ноқонуний эгалланган ер 0,1 гани ташкил этади.

Ш.Рашидов (Жиззах) тумани архитектура ва қурилиш бўлими томонидан объектнинг аввалги эгаси Шаҳзод Қаршибоевга ноқонуний бошланган қурилишни тўхтатиш ва 5 кун ичида бузиб ташлаш тўғрисида 2014 йил 14 октябрда огоҳлантириш хати берилганига қарамасдан фуқаро бу талабни писанд қилмасдан қурилишни давом эттириб, қалбаки ҳужжатлар билан иккинчи фуқарога сотиб юборган.

Кемпинг қурилиши лозим бўлган 1,60 га майдоннинг яна бир қисми ҳам худди шу каби талон-торож қилинган ва ноқонуний эгаллаб олинган.

Жиззах вилоят архитектура ва қурилиш бошқармаси мазкур қонун бузилиши ҳолатларини аниқлаб, 2017 йил 20 февралда Жиззах вилояти ҳокими (У.Узоқов)га 1,60 гектар ер майдонини Ш.Рашидов туман ҳокимлиги томонидан кўриб чиқилиши лозимлигини маълум қилган.

Сирасини айтганда, мотел қурилиши лозим бўлган ҳудуднинг бир қисми Жиззах тумани (собиқ) ҳокими М.Холбўтаевнинг 2011 йил 20 сентябрдаги №986 қарори билан Шаҳзод Қаршибоевга (0,20 га) ва Каромат Сатторовга (0,10 га) — жами 0,30 га ноқонуний ажратиб берилгани, бу ердаги қурилиш объектлари мавжуд меъёрларни бузиб барпо этилгани барча инстанцияларда кўриб чиқилган, туман ва вилоят прокуратураси судга даъво аризаси, Ш.Рашидов туман ҳокимлигига прокуратуранинг тақдимномалари ҳам киритилган.

Лекин ишнинг нега бу қадар силжимасдан сувга тушган тошдек бўлиб кетиши ўқувчиларга ҳам қизиқ бўлса керак.

Фуқаро Абдуғани Бурҳоновнинг Kun.uz’га ҳикоя қилиб беришича, Жиззах вилоятининг собиқ ҳокими Сайфиддин Исмоилов аввал бошдан бу лойиҳага қарши бўлган ва турли йўллар билан уни амалга оширишга тўсқинлик қилиб келган. Кейинчалик тақдир тақозоси билан С.Исмоилов Шароф Рашидов туманига ҳоким этиб тайинланган. Унинг барча мурожаатлари яна туман ҳокимлиги томонидан бепарволик билан қарши олинган.

Ноқонуний эгаллаб олинган ер майдонларидаги объектлар Вазирлар Маҳкамаси қарорига биноан буздирилиб, ер туман захирасига олинган тақдирда ҳам А.Бурҳоновга туман ҳокимлиги ерни энди ажратиб бера олмайди.

Президентнинг «Ҳудудларда тадбиркорлик ташаббуслари ва лойиҳаларини жадал амалга оширишни ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида» қарорига мувофиқ, ер участкаларини тадбиркорлар, жумладан, Абдуғани ака ҳам фақат аукцион орқали қўлга киритиши мумкин.

Етти йилдан буён мана шу ишларнинг ортидан қувиб, ҳужжатбозлик қилиб эшикма-эшик чопиб, сарсон бўлиб келган тадбиркорнинг оғзи ошга етганда ҳафсаласи пир бўлмоқда.

А.Бурҳонов ўзини кўп йиллардан буён қийнаб келаётган муаммога қандай қилиб ижобий ечим топиш мумкинлигини билолмай ҳайрон. Унинг бор умиди 2018 йил 7 ноябрда Шароф Рашидов туманига ҳоким этиб тайинланган Зойир Мирзаевдан.

Ўзбекистонда туризмни ривожлантириш учун соҳага хизмат кўрсатиш объектларини кўпайтириш борасида талайгина ишлар амалга оширилмоқда. Президент ва ҳукуматнинг мазкур соҳани жадал ривожлантириш борасида кейинги ойларда чиқарган қарорлари ҳам сўзимизнинг исботи бўлиб турибди.

Вилоят ҳокимлиги мазкур қизиқарли ва замонавий лойиҳани қайтадан ўрганиб чиқиб, уни амалга ошириш учун тадбиркорга ёрдам ва маслаҳатларини аямаслигидан умид қилиб қоламиз.

Шуҳрат ШОКИРЖОНОВ,
Kun.uz мухбири.

Шуҳрат Шокиржонов
Тайёрлаган Шуҳрат Шокиржонов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид