Бозорларнинг кириш ва чиқиш жойларида транспорт ҳаракатини тартибга солиш таклиф қилинмоқда
“Менинг фикрим” жамоавий мурожаатлар порталида бозорларнинг кириш ва чиқиш жойларида транспорт ҳаракатини тартибга солиш ҳақида петиция пайдо бўлди.
Қайд этилишича, бозорларда харидорлар асосий ўрин тутиши керак. Айрим бозорларда харидорлар учун етарли шароитлар яратилмаган. Мавжуд бозорларнинг катта қисми атрофида йўллар тартибга солинмаган, юзага келадиган тирбандликлар ҳам пиёдалар, ҳам жамоат транспортлари, ҳам оддий ҳайдовчилар учун ноқулайликлар туғдирмоқда. Бозор атрофидаги йўллар тирбанд, ҳаддан ташқари тартибсиз, ҳайдовчилар вақтинчалик тўхтаб туриши учун жойлар деярли ажратилмаган.
Тошкент шаҳрида энг гавжум ва деярли тартибга солинмаган, пиёдаларнинг ҳаётига хавф туғдириши мумкин бўлган бир қанча бозорлар (“Тошкент Ипак йўли” савдо маркази (Абу-Сахий) ва Ўрикзор бозори) бор.
“Мазкур бозорлар энг йирик бозорлар бўлиб, уларда:
- пиёдалар учун йўлаклар ажратилмаган;
- йўналишли такси (маршрутка)ларнинг аниқ белгиланган тўхташ жойлари йўқ;
- йўллар четида ва бекатларда енгил автотранспорт воситалари тартибсиз равишда қўйиб кетилади;
- бозор атрофида транспортда ҳаракатланиш учун соатлаб қолиб кетиш мумкин бўлган тирбандликлар мавжуд;
- йўналишли такси (маршрутка)лар ҳайдовчилари бозорга киришдаги тирбандлик сабабли бозорга кирмасдан қайтмоқда.
Натижада, шахсий машинага эга бўлмаган фуқаролар соатлаб транспорт кутишга мажбур бўлмоқда.
Таклифимиз, бозорга харид учун келган фуқароларнинг хавфсизлигини таъминлаш мақсадида бозор атрофидаги йўлларни қатъий тартибга солиш лозим. Бозорда ишлайдиган сотувчиларнинг автотранспорт воситалари учун бозор маъмурияти томонидан кўп қаватли автотураргоҳлар қуриш, юк машиналари учун савдо марказларидан узоқроқдан алоҳида жой ташкил қилиш ва уларнинг ҳозирги ўрнини йўналишли таксиларга бериш, йўлларни таъмирлаш лозим. Йўл бўйида автомобилларини қолдириб кетган ҳайдовчиларга жиддий маъмурий чоралар кўриш керак. Бозорлар ҳудуди хавфсиз ва қулай бўлса, бу харидорлар оқимининг ва ўз навбатида савдо ҳажмининг ошишига хизмат қилади”, - деб ёзади петиция муаллифи.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ жамоат транспортида “Ёши катта йўловчиларга жой беринг” ёзувини ўрнатиш таклиф этилганди.
Мавзуга оид
10:03 / 02.09.2024
“Халқ назорати” портали орқали қилинган мурожаатлар сони 45 мингдан ошди
17:55 / 28.08.2024
Кўп квартирали уйларнинг бошқарувчилари судга мурожаат қилганда давлат божини тўлашдан озод қилинади
08:34 / 16.05.2024
Солиқ қўмитасига энг кўп мурожаат қайси ҳудудлардан келиб тушаётгани айтилди
15:07 / 10.04.2024