Ўзбекистон | 21:00 / 12.12.2018
5413
2 дақиқада ўқилади

Doing Business рейтинги бўйича Ўзбекистон охирги 7 йилда 90 поғона юқорилади

2012 йилда Жаҳон Банкининг Doing Business рейтингида Ўзбекистон 166-ўринни эгаллаган бўлса, айни вақтга келиб кўрсаткич 76-поғонани ташкил этмоқда ва бу мамлакатда инвестицион муҳит яхшиланганидан дарак беради. Бу ҳақда Инвестициялар бўйича Давлат қўмитаси бошқарма бошлиғи Ойбек Ҳамроев фикр билдирмоқда.

Қўмита томонидан 2018 йил якунлари бўйича ташкил этилган пресс-брифингда Ўзбекистондаги инвестицион муҳит ва соҳага оид бошқа муҳим янгиликлар тақдим этилди. Ҳамроев ўз нутқида, шунингдек, хорижий инвесторларни жалб этиш ва уларнинг фаолиятини соддалаштириш бўйича амалга оширилаётган ҳаракатлар ва келгуси режаларни баён этди. 

Унга кўра, хорижий инвесторга қуйидаги шароитлар яратиб берилгани айтилган:

чет эл инвестицияси асосида ташкил этилган корхона иштирокчиларидан бири, албатта, юридик шахс бўлиши шарт, деган талаб олиб ташланди (жисмоний шахс ҳам бўлиши мумкин);

чет эл инвестицияси киритилган корхонанинг устав фондида чет эл инвестициясининг улуши 30 фоиздан 15 фоизга туширилди;

хорижий инвестор ташкил қилган корхона устав фондининг минимал миқдори 600 млн.дан 400 млн.гача пасайтирилди;

ташкил этилган акциядорлик жамиятлари устав фондида камида 400 млн. бўлиши кераклиги белгиланди. Илгари бу рақам 1 млрд.600 млн.сўм эди;

чет эл фуқаролари ЭКИҲнинг 8500 бараваридан кам бўлмаган миқдорда (1.5 млрд. сўмдан ортиқ) инвестиция киритса, уларга амал қилиш муддатини чекланмаган миқдорда узайтириш имконияти  билан 3 йилгача (аввал 1 йилгача эди) кўп марталик визалар берилади;

иқтисодиётнинг ривожланишига ҳисса қўшган инвесторларга «фахрий фуқаро» унвони берилади.

Тадбир давомида спикерлар Инвестиция қўмитаси томонидан инвесторларга бериладиган лицензия, аккредитация тартиби соддалаштирилиши, маъмурий тўсиқ бўлувчи ҳужжатларни бекор қилиш, ер участкаларини ижарага бериш тартиби бўйича ҳам тизимли чора-тадбирлар қилинаётгани ҳақида айтиб ўтилди.

Алишер Рузиохунов
Тайёрлаган Алишер Рузиохунов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид