Иқтисодиёт | 17:43 / 22.09.2021
18871
4 дақиқада ўқилади

Жаҳон банки Doing Business рейтингидаги «Ўзбекистон протоколи»га изоҳ берди

WilmerHale юридик фирмаси томонидан тайёрланган ҳужжатда айрим мамлакатлар рейтингини пасайтириш учун банк раҳбарияти «Ўзбекистон протоколи» деб номланган қоидани қўллаган бўлиши мумкинлиги айтилганди. Аммо Жаҳон банкининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси бундай протокол ишлатилганидан бехабар эканини билдирди.

16 сентябр куни Жаҳон банки турли давлатларда бизнес юритиш шароитларини баҳоловчи Doing Business рейтингини эълон қилишни тўхтатишини маълум қилди.

«Банк раҳбарияти Doing Business ҳисоботини эълон қилишни тўхтатишга қарор қилди. Келгусида ишбилармонлик ва инвестицион муҳитни баҳолашга янгича ёндашамиз», деб айтилган банк хабарида.

Бунга бир неча йил давом этган ички текширув сабаб бўлган. Аниқланишича, 2018 йилги рейтингда Хитойнинг, 2020 йилда Саудия Арабистонининг кўрсаткичлари аслидагидан юқори қилиб кўрсатилган, Озарбойжоннинг баҳоси эса сунъий равишда пасайтирилган.

Хулосада айтилишича, рейтингга ушбу ўзгаришлар Жаҳон банкининг собиқ раҳбари Жим Ён Ким, Халқаро валюта жамғармасининг ҳозирги раҳбари Кристалина Георгиева ва рейтинг асосчиларидан бири Симеон Дянковларнинг босими остида киритилган.

WilmerHale юридик фирмаси томонидан тайёрланган ҳисоботда айрим мамлакатлар рейтингини пасайтириш учун банк раҳбарияти «Ўзбекистон протоколи» деб номланган қоидани қўллаган бўлиши мумкинлиги айтилганди.

Ушбу ҳолат юзасидан Жаҳон банкининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси қуйидагича изоҳ берди:

«Жаҳон банки сўнгги йилларда Ўзбекистоннинг очиқ бозор иқтисодиёти йўлидаги кенг ва улкан мақсадли иқтисодий трансформацияси доирасида ишбилармонлик муҳитини яхшилаш учун амалга оширилаётган ислоҳотларини қўллаб-қувватлайди. Бу ислоҳотлар ички ва ташқи савдони эркинлаштиришни, тадбиркорлик субъектларини рўйхатга олиш ва лицензиялаш тартибини соддалаштиришни, шунингдек, солиқ тизимини ривожлантиришни ўз ичига олади. Ушбу ислоҳотлар натижасида ишбилармонлик муҳити ва давлат молиявий бошқарувида ўзгаришлар амалга ошди.

Хусусан, 2018-2019 йилларда хорижий капитал иштирокидаги янги рўйхатдан ўтган тадбиркорлик субъектлари ва корхоналар сонининг сезиларли ўсиши кузатилди.

Жаҳон банкининг илгари Ўзбекистондаги ислоҳотларга берган баҳосига келсак, WilmerHale ҳисоботида қайд этилганидек, «Бизнес юритиш» ҳисоботларининг чиқишига масъул бўлган жамоа аъзолари ва Жаҳон банкининг Европа ва Марказий Осиё минтақасидаги фаолиятини бошқарадиган шахслар «Ўзбекистон протоколи» деб ном олган амалиёт ишлатилганидан бехабардирлар. Шунингдек, WilmerHale ҳисоботида бундай «протокол» мавжуд бўлгани ва у Жаҳон банкининг операцион фаолиятига қандайдир таъсир кўрсатганини тасдиқловчи фактлар келтирилмаган».

Маълумотларга кўра, «Ўзбекистон протоколи» «шубҳали ислоҳотлардан тийилишга имкон берадиган ёзилмаган қоида» сифатида Жаҳон банки ҳисоботларида ишлатилган. Аммо Doing Business гуруҳи аъзолари тасдиқланган услубий тамойил сифатида «Ўзбекистон протоколи»дан бехабарлигини айтишган. Doing Business менежерининг таъкидлашича, олдинги рейтингдаги Ўзбекистон тўғрисидаги маълумотлар раҳбариятнинг ягона қарори билан эмас, балки минтақавий директор, минтақа бўйича вице-президент, ижрочи директор ва бошқалар иштирокида коллектив қарор қабул қилиш асосида кўриб чиқилган. 

Doing Business рейтингида 190та давлатда бизнес очишнинг соддалиги, солиқлар тўланиши, қурилишга рухсат олиш, электр тармоқларига уланиш, халқаро савдо, кредитлашни жалб қилиш, банкротлик жараёнини тартибга солиш ва бошқа мезонлар бўйича бизнес-муҳит баҳолаб келинган.

Охирги эълон қилинган Doing Business 2020 рейтингида Ўзбекистон 69-ўринни эгаллаганди. 

Мавзуга оид