Ўзбекистон | 11:30 / 13.12.2018
4310
8 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда ўрмонларни салбий таъсирлардан ҳимоя қилиш тартиби тасдиқланади

Фото: KUN.UZ

Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида Ўрмон хўжалиги давлат қўмитасининг “Ўрмонларни зараркунандалар, касалликлар ва бошқа салбий таъсирлардан ҳимоя қилиш тартибини тасдиқлаш тўғрисида”ги ҳужжати лойиҳаси жойлаштирилди.

Ўрмонларни зараркунандалар, касалликлардан ва бошқа салбий таъсирлардан ҳимоя қилиш тартибига кўра, ўрмонларни зараркунандалар, касалликлардан ва бошқа салбий таъсирлардан ҳимоя қилиш ўрмондан доимий фойдаланувчилар, яъни ўрмон, ўрмон-ов, ихтисослаштирилган хўжаликлар, миллий табиат боғи ва биосфера резерватларининг (қўриқхона ҳудудларидан ташқари) ўрмон муҳофазаси ходимлари раҳбарлигида, хўжаликлар ўрмон муҳандислари томонидан қуйидаги тадбирлар амалга оширилади:

ўрмон зараркунандалари ва касалликлари ўчоқларини, саноат ва коммунал - маиший ифлосланишлар ҳамда бошқа омилларнинг салбий таъсир доираларини ҳисобга олган ҳолда фитопатологик кузатув тадбирларини амалга ошириш;

энтомологик ва фитопатологик кузатув натижасига кўра ўрмон зараркунандалари яшаш тарзи, ривожланиш босқичлари, озуқа ўсимликлари, қишлов фазаларини аниқлаш;

ўрмон зараркунандалари ва касалликларига қарши ҳар йили май-июль ойларида дарахтларни 30 кунлик интервал билан икки марта уйғунлашган (биологик, кимёвий ва механик) ишловларни амалга ошириш;

ўрмон зараркунандаларининг оммавий кўпайиши ва ўрмон касалликларининг тарқалиш ўчоқларининг юзага келиши ва кенгайишининг олдини олиш, ўрмонларнинг биологик жиҳатдан чидамлилигини ошириш тадбирларини амалга ошириш.

Ўрмон зараркунандалари ва касалликларининг яширинган ўчоқларини зарарлантириш йилнинг энг асосий тадбирлари қаторига кириб, уларни аниқлаш учун кунлик энтомологик ва фитопатологик кузатув, ўрганишлар орқали ҳамда профилактик тадбирларини жорий этиш тартибида олиб борилади.

Ўрмонларни зараркунандалар, касалликлардан ва бошқа салбий таъсирлардан ҳимоя қилиш тадбирларини ўрмондан вақтинча фойдаланувчилар томонидан ёки улар кўмагида амалга оширилиши чекланмайди.

Ўрмон дарахтлари ва бошқа ўсимликларини ҳимоя қилиш воситаларининг қўлланилиши таъқиқланган ёки чекланган фаол ва нофаол ингредиентларини махсус ваколатли орган Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг Давлат санитария-эпидемиология хизмати ва Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси томонидан аниқланади ва қўлланилиши таъқиқланган ёки чекланган фаол ҳамда нофаол ингредиентлар реестрига киритиши орқали амалга оширилади.

Зарарланган ҳудудларда ишлатилган препаратларнинг аҳолига таъсир этмаслик чораларини кўриш ва профилактик тадбирларини амалга ошириш ишлари олиб борилади.

Ўрмон дарахтлари ва бошқа ўсимликларини ўрмон зараркунандалари, касалликларидан ва бошқа салбий таъсирлардан ҳимоя қилиш воситалари билан ишлаётганда эҳтиёт чоралари сифатида истеъмолчиларни эҳтиёт чоралари тўғрисида маълумот билан таъминлаш мақсадида юридик ёки жисмоний шахслар ўсимликларни ҳимоя қилиш воситаларини ташиш, қўллаш ва сақлашга доир маълумот ҳамда огоҳлантирувчи маркировкаси бўлган идиш ёрлиғини тақдим этишлари шарт.

Ўрмон дарахтлари ва бошқа ўсимликларини муҳофаза қилиш воситаларини ташиш, қўллаш ва сақлаш тўғрисидаги тавсияномаларнинг шакли
ва уларни тасдиқлаш тартибига ҳамда идиш ёрлиғига нисбатан қўйиладиган талаблар махсус ваколатли орган томонидан белгиланади.

Ўрмон зараркунандалари ва касалликларига қарши кураш бўйича чора-тадбирларида – тадбир номи, ўтказиш муддатлари, зараркунанда ва касалликлар номи, тадбирлар ва уларнинг бажарилиш механизмлари акс этади.

Ўрмон дарахтлари ва бошқа ўрмон ўсимлик дунёсига жиддий зарар етказиши мумкин бўлган ўта хавфли зараркунандалар, бегона ўтлар, турли хил ўсимлик касалликлари ва бошқа материалларни олиб келиниши ва тарқалишини олдини олиш ҳамда уларни бартараф этишга қаратилган тадбирлар амалга оширилади.

Ўрмон зараркунандалари ва касалликларига қарши кураш тадбирлари механик, биологик ва кимёвий усуллар орқали амалга оширилади.

Механик усул – ўрмон дарахтларининг зараркунанда ва касалликларига қарши ерда олиб бориладиган курашиш усулидир.

Ушбу усулда ўрмон барпо этиладиган майдонларни кўчат ўтказишга тайёрлаш, дарахтларнинг яхши ривожланиши учун ўз вақтида ўрмон зараркунандалари ва касалликларига қарши курашиш ишлари амалга оширилади. Куз ва қиш мавсумида ер яхшилаб ҳайдалганда ва юмшатиб турилганда тупроқдаги ҳар хил зарарли ҳашаротлар ривожланиши тўхтатилади ва йўқ қилинади.

Ўрмонларда кўчатлар экилган ернинг қатор оралари тракторга тиркалган агрегатлар билан ишланиб, қаторлардаги кўчат оралари юмшатилади ва бегона ўтлардан тозаланиб борилади.

Механик усулдаги кураш ишлари йил давомида ёки мавсумий тарзда олиб борилиши мумкин.

Ўрмон дарахтларининг зараркунанда ва касалликларга қарши ерда олиб бориладиган механик кураш усуллари асосан зараркунандалар оз бўлган ёки эндигина тарқалаётган жойларда қўлланилади. Уч-тўрт ёшдаги дарахт ва буталарнинг зараркунандалари силкитиш ёрдамида йиғиштириб олиниб йўқ қилинади, яъни зараркунандаларнинг тухумлари механик усул ёрдамида йиғиб олиниб, куйдирилади.

Ўрмон дарахтларининг зараркунанда ва касалликларига қарши механик усулда курашишда дарахтлар танаси атрофига ишлов бериш, касаллик кескин тарқалган майдонларда мавсумий курашиш яъни куз мавсумининг ўрталарида дарахтлар танасига белбоғлар ўрнатиш ва қиш мавсуми тугаши арафасида баҳор мавсумига қадар белбоғлар дарахт танасидан ечиб олиниб хавфсиз бир жойга жамланади ва куйдириш ишлари олиб борилади.

Иккиламчи ўрмон зараркунандаларини осонлик билан йўқотиш мақсадида улар учун махсус жойларга янги кесилган дарахтнинг шох-шаббалари тўплаб қўйилади, ушбу шох-шаббаларда улар ўрнашади. Фитопатологик кузатув натижалари билан зарарланган тўпламлар куйдириб ташланади.

Ўрмон дарахтларининг зараркунанда ва касалликларга қарши механик кураш тадбирларида замонавий технологик жараёнлар - замонавий техник воситалар орқали камайтириш ёки йўқ қилиш орқали ҳам амалга оширилади.

Биологик усул –  ўрмон дарахтларининг зараркунандалари, касалликларига қарши ерда олиб бориладиган алоҳида аҳамиятга эга тадбир ҳисобланади.

Ўрмон дарахтларининг зараркунандаларига қарши биологик усулда курашиш - ўсимлик зараркунандалари, касалликларига ва бегона ўтларга қарши курашда ишлатиладиган табиий организмларга айнан ўхшаш биологик моддалар, сунъий равишда яратилган мавжудотлар, генетик етиштирилган ўсимлик, бошқа организмлар ёки алмашлаб экиш воситасида курашиш йўли билан амалга оширилади.

Бу усулда асосан зараркунандаларга қарши курашиш учун энтомофагалар қўлланилади. Ўрмон зараркунандалари тухум қўйиш вақтида, яъни май - июн ойларида трихограмма, личинкалар пайдо бўлганда олтинкўз, кемирувчи капалак қуртларига қарши браконлар, ферамон тутқичлар, барг кемирувчи капалак қуртларига қарши Престиж ва ҳашаротхўр қушлардан фойдаланилади.

Кимёвий усул – ўрмон дарахтлари зараркунандалари, касалликларига қарши курашда сунъий равишда яратилган кимёвий моддалар, пестицидлар воситасида курашиш асосида амалга оширилади.

Ўрмон дарахтлари зараркунандалари ва касалликларига қарши ерда ва ҳаводан олиб бориладиган усуллари ҳисобланади. Бунда қалқондорларга, ўсимлик битлари ва каналарига, куртак бўртиш давридаги зараркунандалар яъни шаҳар мўйловдори, сассиқ дарахтхўрларига, куртаклар ёзилиб бўлгандан сўнг биринчи барглар ҳосил бўлгунича, тана ва бит зараркунандаларига, барг битлари, каналар, барг кемирувчилар, ёғочхўрлар, пўстлоқхўрлар, тилла-қўнғизларга қарши вегетация даврида атроф-муҳитга таъсир қилмаган ҳолда кимёвий воситалар ёрдамида кимёвий кураш усуллари қўлланилади.

Ўрмон дарахтлари зараркунанда ва касалликларига қарши кимёвий ишлов беришда фойдаланиладиган кимёвий воситалар “Ўзбекистон Республикаси Кимёлаштириш ва ўсимликларни ҳимоя қилиш воситалари давлат комиссияси” томонидан тасдиқланган “Ўзбекистон Республикаси қишлоқ хўжалигида ишлатиш учун рухсат этилган пестицидлар ва агрохимикатлар рўйхати”га мувофиқ белгиланади.

Кимёвий воситалардан фойдаланиш ва қўллаш жараёнида инсон ва табиатга салбий таъсир қилишни олдини олиш мақсадида, кимёвий препаратларни қўлланиш тартибига риоя қилиниши талаб этилади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид