Ўзбекистон | 18:38 / 15.12.2018
75417
2 дақиқада ўқилади

Тошкентда ов мавсуми бошландими ёки шаҳар марказида милтиқ билан юрганлар ким?

Фото: KUN.UZ

Бугун, 15 декабрь куни соат тахминан 13:30-14:00лар атрофида Тошкент шаҳрининг К.Ёрматов кўчасида кутилмаган ҳодиса юз берган. Чилонзор тумани ҳудудидан оқиб ўтган Оқтепа канали бўйида 3-4 нафар шахс қўлида номаълум қурол - милтиқ билан юрганлиги аниқланган.

Mover'да кўриш

Youtube'да кўриш

 

Ушбу шахслардан бири Kun.uz нашри ходимининг нега милтиқ билан юришганлиги ҳақидаги сўровига каналдаги ўрдакларни овлаётганлигини айтган.

Шу ўринда ҳақли савол туғилади. Ушбу шахсларнинг шаҳар марказида, аҳоли гавжум ва транспорт воситалари серқатнов бўлган ҳудудда милтиқ билан ов қилиши мумкинми?

Ўзбекистон Республикаси Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси раисининг буйруғи билан тасдиқланган ва Адлия вазирлигида 02.05.2006 йилда 1569-сон билан рўйхатга олинган “Ўзбекистон Республикаси ҳудудида ов қилиш ва балиқ тутиш қоидалари”га кўра, шаҳарлар ва шаҳар типидаги посёлкалардан 1 км.дан яқин масофада, бошқа аҳоли пунктларидан 300 м яқинда, автобус қатновига эга йўллардан 150 м яқин масофада ов қилиш тақиқланади.

Мазкур қоидаларга мувофиқ, қуроллардан тегишли рухсатсиз ов қилиш маън этилган.

Ушбу “овчилар”нинг қурол ёрдамида ов қилиш учун тегишли рухсатномага эга ёки эга эмаслиги бизга қоронғу. Бироқ, уларнинг Тошкент шаҳрининг қоқ марказида, аҳоли яшаш жойига жуда яқин масофада, бундан ташқари, автомобиль йўлининг ёнгинасида қурол билан ов қилиши юқорида қайд этилган қоидаларга қай даражада мувофиқлик нуқтаи назаридан ваколатли органлар томонидан ўрганилса мақсадга мувофиқ бўлар эди.

P/S: Kun.uz таҳририяти ушбу фуқароларнинг шахси, қуролдан фойдаланишга рухсатномаси бор ёки йўқлиги, шунингдек, қуролнинг русуми бўйича маълумотларга эга эмас.

Мавзуга оид