Ўзбекистон | 18:40 / 16.12.2018
32352
5 дақиқада ўқилади

Самарқандда туристик объектларга белгиланган нархлар: бу қўшни давлатлардан келган меҳмонларни оғринтирмаяптими?

Ўзбекистонда кейинги йилларда туризмни ривожлантириш учун кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Юртимиздаги тарихий обидаларга туристларни янада кўпроқ жалб қилиш учун давлат раҳбари ва ҳукумат даражасида турли фармон ва қарорлар қабул қилинмоқда. Турли халқаро кўргазмалар ташкил этилмоқда, туризм инфраструктураси ривожлантирилмоқда, транспорт қатновлари кўпайтирилмоқда, тарихий шаҳарларимизда меҳмонхоналар сони тобора ортиб бормоқда. 

Бунинг натижаси ўлароқ, йилдан йилга мамлакатимизга туристлар оқими кўпаяётгани қайд этилмоқда ва тугаб бораётган йилда бу борада рекорд кўрсаткичга эришилиши тайин.
Давлат статистика қўмитаси маълумотига кўра, 2018 йилнинг январь-сентябрь ойларида Ўзбекистонга 4,6 миллион нафар хорижлик кириб келган.

Ўзбекистонга кириб келган барча хорижлик фуқароларнинг 7 фоизи сафар мақсади сифатида сайёҳликни кўрсатган. Кўпчилик (72 фоиз) мамлакатга қариндошларини кўриш мақсадида ташриф буюрган.

Яъни, мамлакатимизга кирган хорижий давлат фуқаролари аксариятининг Ўзбекистонда қариндошлари бор ва уларнинг ҳам аксарияти ўзимизга қўшни бўлган давлатлардан кириб келишмоқда.
Айниқса, Тожикистон билан чегаралар очилгач, бу қўшни давлатдан юртимизга ташриф буюрганлар сони 9 ойда 1 миллион 165 минг нафарни ташкил этган.

Ўзбекистонга келган киши борки, Самарқанду Бухоронинг қадим минораларини кўрмасдан кетмайди. Юртимиздаги осори-атиқаларни томоша қилиш эса пуллик. Хусусан, Самарқандда барча жойларга кириш учун вояга етган Ўзбекистон фуқаролари бир хил нарх — 1000 сўм қилиб белгиланган. Бироқ, хорижий фуқаролар учун белгиланган нархлар бир неча ўн карра баланд. 

Масалан, «Регистон» ансамблига кириш 30 минг, Амир Темур мақабарасига кириш 22 минг, Улуғбек расадхонасига кириш 22 минг сўм ва ҳоказо. Шоҳи Зинда, Бибихоним масжиди, Хўжа Дониёл мақбараси, ҳаттоки янги қуриб битказилган Имом Бухорий мажмуасига киришда ҳам аҳвол шу. Ҳаттоки ҳовлисига Ўзбекистоннинг биринчи президенти Ислом Каримов дафн этилган Ҳазрати Хизр масжидига кириш ҳам пуллик қилинибди. Албатта, Каримов зиёрати текин, лекин зиёратга кўтарилаётиб, ўша ердаги ходимларнинг «аввал бу ёққа киринглар», деб масжидга киришга жалб этиши кишининг энсасини қотиради.

Самарқандга таниш-билишлар келиб туради. Уларни айлантириш асносида бир нарсага гувоҳ бўлдим: Қозоғистон, Тожикистон каби қўшни давлатлардан келганларни бундай нархлар оғринтирмоқда. Улар чипта нархи бироз қиммат эканини баралла айтишмоқда. Ҳаттоки қиммат экан, деб Регистонга кирмасдан бурилиб кетганларга ҳам гувоҳ бўлдим. 5-6 киши кирадиган бўлса мўмайгина пул бўляпти-да ахир!

Кассирларни «шу ерданман», деб алдашга уриниш кўп ҳам самара бермайди. Кўзлар «рентген» бўлиб кетган. Ҳаттоки, ўрни келса паспорт талаб қилишаркан.

Халқимизда ён қўшнинг — жон қўшнинг, деган гап бор. Президентимиз ҳам яхши қўшничилик алоқаларини мустаҳкамлашга катта эътибор бермоқда. Самарқанд вилоят маданият бошқармаси обидаларга киришда чипта нархларини белгилашда Ўзбекистоннинг қўшниси бўлган 5 давлат — Қозоғистон, Қирғизистон, Туркманистон, Тожикистон ва Афғонистон фуқароларига алоҳида, арзонроқ нарх белгилаши керакмикан… МДҲ давлатларининг барчасига имтиёз бериб ўтириш шарт эмас, шунчаки мантиқан Ўзбекистонга чегарадан қўшни бўлган 5 давлатга.

Чунки, бадавлат Франция ё Япониядан келган турист билан қўшни давлатлардан келган меҳмонларнинг фарқи бор-ку?! Айтайлик, маҳаллий аҳоли учун 1000 сўм бўлган чипта уларга барча жойда бир хил— 5 минг сўмдан қилиб белгиланса бўлмайдими?

Узоқ хориждан келганлар учун белгиланган бу нархлар у қадар қиммат эмас. Ҳаттоки, хорижий давлатлардаги бундай объектларга кириш учун белгиланган нархларга солиштирилганда ўта арзон ҳам. Лекин қўшни давлатларда оддий аҳолининг яшаш тарзи Ўзбекистондагидан кескин фарқ қилмаслигини ҳам унутмаслигимиз керак.

Қўшни давлатларга самолёт, поезд ва автобус қатновлари қўйилмоқда. Самарқанду Бухорони кўраман, деган ошуфталар жуда кўп. Қолаверса, у ерларда ҳам миллионлаб ўзбеклар истиқомат қилишади. Улар-чи?

Албатта, бу чора қўшни давлатлардан туристлар оқимини янада кўпайтиради, деган даъводан йироқман. Лекин арзонроқ нарх туфайли бундай эҳтиромни ўз танасида ҳис қилган, уларга бегона эмаслиги билдирилган қўшниларимиз юртимиздан яхши хотира билан кетиши аниқ. Хуллас, яхшилаб ўйлаб кўрилса бўладиган вазият.

Шуҳрат Шокиржонов,
Kun.uz журналисти

Мавзуга оид