Жаҳон | 18:51 / 20.12.2018
11387
2 дақиқада ўқилади

Бэнксининг янги асари: Қор еяётган болакай

Фото: AP

Машҳур кўча рассоми Бэнкси Инстаграмдаги саҳифасига янги граффитиси тасвирга муҳрланган видеони жойлаштирди. Ижодий иш Уэльсдаги Порт-Толбот шаҳри биноларининг бири деворига чизилган.

Видеоролик фонида болаларнинг қор ҳақидаги қўшиғи янграб турибди, граффитининг бир қисмида қор парчаларини тили билан тутаётган болакай тасвирланган. Ижодий ишнинг иккинчи ярми эса майда оқ парчалар қор эмас, аслида чиқинди кули эканини кўрсатиб туради.

 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 

A post shared by Banksy (@banksy) on

ОАВда рассомнинг айнан шу ҳудудни танлагани сабаб қилиб шаҳарнинг Буюк Британиядаги энг ифлос шаҳарлардан бирилиги тахмин қилинмоқда, чунки видеоролик Порт-Толботдаги Tata Steel пўлат қуйиш заводи тасвири билан тугайди.

Граффити чизилган гараж эгасининг сўзларига кўра, у Бэнксининг режаларидан хабардор бўлмаган, воқеадан эса Фейсбукдаги суратларни кўргач хабар топган. Кейинчалик, Порт-Толбот шаҳри кенгаши замонавий санъат асарини ҳимоя қилиш мақсадида гараж атрофини металл ҳимоя билан чегаралаб қўймоқчи.

Маълумот учун, Бэнксининг тасвирий асарлари замонавий санъат намунаси сифатида юксак қадрланади. Унинг тасвирларида сиёсат ва жамиятга оид масалалар танқид бўёқлари остига олинади. Бэнксининг «Пуфак тутган қиз» асари аукционда 1,4 миллион долларга сотиб олингани ва шундан сўнг Шредерда майдаланиб кетгани катта шов-шувларга сабаб бўлганди.

Мавзуга оид