Спорт | 12:30 / 20.12.2018
26921
20 дақиқада ўқилади

Келажакка назар: ЕЧЛ 1/8 финалидаги барча жуфтликлар ҳақида

Фото AFP

Февралда Чемпионлар Лигасида плей-офф ўйинлари бошланади. У пайтгача ҳали вақт бор ва жамоалар айниқса, январь трансфер ойнасидан кейин қандай ҳолатда бўлишлари номаълум бўлса-да, биз асосий жуфтликларга яна бир бор назар ташлаб кўришни лозим топдик.

«Манчестер Юнайтед» — «ПСЖ»

Фото: Srdjan Stevanovic/Getty Images

Агар ўйин эртага бўлганида, ҳаммаси аниқ, топ ўйинларда рақибни ютиш тугул, муносиб қаршилик ҳам қила олмаётган «Манчестер Юнайтед»ни дунёдаги энг кучли ҳужум триоси (баҳсли) чилпарчин қилиб ташлаши муқаррар эди.

Аммо ўйин икки ойдан кейин бўлиб ўтади ва муаммоларни ечиш борасида инглизлар дастлабки қадамни ташлаб улгуришди. Жозе Моуриньо истеъфога чиқарилди. Бу дегани жамоа таркиби масалан, «Ливерпуль»га қарши бўлганидек эмас, бирмунча юлдузлироқ бўлади. Сабаби, Погба, Санчес, Марсиял каби футболчилар мураббий тактикасига мос келмагани учун ҳам четда қолаётганди. Раҳбарият мавсум охиригача жамоанинг собиқ футболчиси Оле Гуннар Сульшерни бош мураббий этиб тайинлади.

Париж жамоаси ҳар жабҳада Европанинг энг кучли таркибига эга бўлиши билан биргаликда, муаммо шундаки, Франция чемпионатида етарлича қаршилик йўқлиги туфайли, еврокубоклардаги топ ўйинларда муаммолар юзага келмоқда. Мисол учун, гуруҳ босқичидаги «Наполи» ва «Ливерпуль»га қарши тўрт ўйиндан атиги биттаси ғалаба билан якунланди, холос. Тўғри, Тухель жамоаси гуруҳда биринчи ўринни олди, аммо аввало, бунинг учун «Црвена Звезда»дан миннатдор бўлиш керак. Айнан серблар асосий рақиблардан очко олиб беришди.

Французларга муаммо туғдирган «Наполи» ва «Ливерпуль»нинг ўхшаш жиҳатлари бор – ҳар икки жамоа ҳам юқори прессингда ўйнашни афзал билади. Асосий қуроли ҳужум чизиғида бўлган «ПСЖ» учун бу анча ноқулайлик туғдирди. Агар Моуриньо Манчестерда қолганда, балки унинг услуби «ПСЖ» учун анча қулай бўлиши мумкин эди. Энди эса, февралда «МЮ» қандай ўйин кўрсатади, қайси услубда ва қандай таркибда бўлади, айтиш қийин. Ҳатто январдаги трансфер ойнаси ҳам инглиз клубини ўзгартириши мумкин.

Яна бир қўшимча интригалардан бири Анхел Ди Мариянинг «Олд Траффорд»га қайтишидир. «МЮ»га тўрт йил олдин катта трансфер билан келган, аммо омади чопмаган футболчи собиқ жамоасига қарши майдонга тушади. Шунингдек, ёш футболчилар ичида ўз вақтида солиштирилган икки ёш ҳужумчи Рэшфорд – Мбаппе қарама қаршилиги ҳам қизиқ бўлса керак. Француз ҳозирда анча олдинлаб кетган, аммо алоҳида ўйинларда буларнинг қайси порлашини тахмин қилиш қийин.

«Атлетико» — «Ювентус»

Фото: Emilio Andreoli/Getty Images

Чемпионлар Лигаси финали бу сафар Мадриддаги «Ваньда Метрополитано» стадионида бўлиб ўтади. Ушбу стадион эгаси бўлган «Атлетико», албатта, сўнгги босқичларга қадар боришни мақсад қилгани табиий. Аммо гуруҳ босқичида жуда яхши формага кирган «Боруссия»га қарши келиш натижасида, Симеоне шогирдлари гуруҳда иккинчи ўринга тушиб қолишди ва айтиш мумкинки, дастлабки босқичдаёқ, вазифани қийинлаштириб олишди. Қуръа, у даражада омадли ёки омадсиз келди, деб айтиш қийин, чунки мадридликларга фақат «Порту» қулайроқ рақиб бўлиши мумкин эди холос. Аммо Турин жамоаси учун қуръа терс келганини айтсак бўлади. «Атлетико» гуруҳда 2-ўринни олганлар ичида энг кучлиларидан бири эди.

Баъзи бошқа жуфтликлар олдида, балки бу жуфт сояда қолар, аммо натижаларга қарасак, сўнгги 5 йилдаги ЕЧЛ финалининг 4тасида бу жамоалардан бири тўп сурганини таъкидлаш мумкин. Бу факт аслида ЕЧЛнинг бугунги кундаги энг барқарор жамоалари 1/8 финалда рақиб бўлганини кўрсатади. Ўз навбатида, энг омадсиз ҳам дейиш мумкин, зеро бу финалларда «қаҳрамонларимиз» мағлубиятга учрашган.

Умуман, таркибдаги мувозанат, бўшлиқлар йўқлиги борасида бу икки клуб Европадаги энг олд жамоалардан саналишади. Мадридликлар меҳнаткашлик ва юқори мотивация ҳисобига, кучлироқ жамоалар билан ҳам муносиб кураша олса, «Ювентус» ҳар бир чизиқда тажрибали ва маҳоратли футболчиларни йиғиб улгурди.

Шунингдек, Криштиану Роналдунинг ҳам Мадридга қайтаётганини таъкидлаш мумкин. Португалиялик ҳужумчи айниқса, «Атлетико»га қарши жуда самарали ҳаракат қилади – 31 ўйинда 22 гол. Чемпионлар Лигасини алоҳида олсак, бундан ҳам қўрқинчли натижани оламиз – 4 гол, 3 голли пас, шунингдек, 2016 йилги ЕЧЛ финалида ҳал қилувчи пенальти.

Жамоалар еврокубокларда ўзаро 7 маротаба дуч келишган ва бу ўйинларнинг аксарият қисми 60-йиллардаги Ярмарка Кубогига тўғри келади. Янги даврда эса, икки клуб 2014/15 йилги мавсумда Чемпионлар Лигаси гуруҳ босқичида тўқнаш келишганди. Мадридда мезбонлар ғалаба қозонишган бўлса, Италияда дуранг қайд этилган. Аммо якунда ҳар икки жамоа ҳам кейинги босқичга чиқишга муваффақ бўлишган.

«Тоттенҳэм» — «Боруссия»

Фото: Dean Mouhtaropoulos/Bongarts/Getty Images

Англия чемпионатининг уч жамоаси уч немис жамоасига қарши ўйнайдиган бўлди. Биратўла, қайси лига кучлироқ экани ҳақидаги саволларга ҳам ойдинлик киритиб оламиз.

Сўнгги турда яхшигина омад ҳисобига кейинги босқичга чиқиб олган «Тоттенҳэм»га қуръада ҳам толе кулиб боқди, деб бемалол айтиш мумкин. Йўқ, ҳозирда Бундеслигани бошқараётган дортмундликларни пастга уриш ниятимиз йўқ, аммо гуруҳ ғолиблари ичида Почеттино жамоаси учун бир хил вазндаги рақиб айнан «Боруссия» эди.

Жамоалар ўтган йили ҳам ЕЧЛда рўпара келишган. Муаммолар гирдобида қолган «Боруссия» гуруҳда қолиб кетган, бунга албатта, «Тоттенҳэм»га қарши икки ўйиндаги мағлубият сабаб бўлганди. Икки йил олдин эса, бу жамоалар Европа Лигаси нимчорак финалида тўқнашишди. У пайтларда аксинча, «Боруссия»нинг қўли баланд келган, немислар асосий эътиборини АПЛдаги курашга қаратган ва иккинчи даражали турнирга аралаш таркибларни туширган инглизлар устидан ҳар икки ўйинда ғалаба қозонганди.

Умуман футболнинг гўзаллиги, ҳужумкорлик ва томошабоплик нуқтаи назаридан энг эътиборга лойиқ жуфтликлардан бири шу бўлса керак. Ҳар икки жамоа ҳам ҳужумга урғу беради, юқори прессинг, мухлислар учун ўйнаш бобида ҳам бир-бирларига ўхшаб кетади. Фақат Дортмунд жамоаси бироз ёш ва янги қаҳрамонлар билан юришини давом эттираётган бўлса, «Тоттенҳэм» тўрт йилдан бери айни мураббий ва деярли айни таркиб билан барқарор ўйин кўрсатмоқда. Шу томондан инглизлар бироз устунроқ бўлиши мумкин – сабаби, Санчо, Пулишич, Ҳакими каби ёш футболчилар узоқ муддатга юқори спорт формасида бўлиб туришадими ёки пасайиш бўладими, олдиндан билиш қийин. «Тоттенҳэм» эса мавсумнинг исталган даврида қандай ўйин кўрсата олишини яхши биламиз. Агар очколар ва ўйинлар, голлар томонидан таҳлил қилинса, «Тоттенҳэм» АПЛдаги энг барқарор, мавсумнинг исталган пайтида бир хил очко олаётган жамоа эканига гувоҳ бўламиз.

«Тоттенҳэм» учун ноқулайлик туғдириши мумкин бўлган жиҳат, худди бошқа инглиз жамоаларида бўладигандек, февраль ойида рақибга нисбатан бироз ҳорғинлик кузатилиши мумкин. Чунки келаси ҳафтадан «боксинг-дэй» ва қисқа вақт ичида бир қатор ўйинлар бўлиб ўтади, то февралгача дам олишга вақт йўқ. Бу пайтда эса, январда Бундеслига учун икки ҳафталик таътил бор. 

«Ливерпуль» — «Бавария»

Фото: Julian Finney/Getty Images

Биргаликда ютилган Чемпионлар кубокларини ҳисоблаганда, «Реал» ва «Аякс» жуфтлиги албатта устун, аммо кучлар мувозанати нуқтаи назаридан, бу ўйинлар нимчорак финалнинг марказий дуэли бўлади, деб бемалол айтиш мумкин. Томонлар шу пайтгача беш маротабадан Европанинг энг нуфузли турнирида ғалаба қозонишган.

Немисларнинг сўнгги зафарида рақиб жамоа мураббийи айнан Юрген Клопп бўлганди. «Ливерпуль» устози учун «Бавария» энг ноқулай рақиб саналади, Клопп мураббий сифатида энг кўп айнан шу жамоага ютқазган. Аммо шу билан бирга, 2011-2012 йилларда Клопп Дортмундда «Бавария» гегемонлигига соя ташлай оладиган кучли жамоа тузганди. Ҳозир мураббий Ливерпулда шунга ўхшаш курашувчан ва ҳужумкор жамоа туза олди, ўтган йили ҳатто финалда ҳам ўйнади. Бундан келиб чиқиб, «Ливерпуль» бу сафар ҳам турнирни эрта тарк этишни хаёлига келтирмаслиги табиий.

Нико Ковач жамоаси эса, мавсумни жуда ёмон бошлади, мураббий истеъфо ёқасига келиб қолган пайтлари ҳам бўлди. Аммо «Бавария»да тажриба ва таркиб жиҳатидан жуда катта салоҳиятга эга дейиш мумкин. Шубҳасиз, немислар турнирнинг яққол фаворитларидан биридир.

«Ливерпуль» ва «Бавария» Чемпионлар Лигасида бирор марта ҳам тўқнаш келишмаган. Аммо «Бавария» инглиз жамоаларига қарши сўнгги 3 ўйинни бир хил – 5:1 ҳисобидаги ғалаба билан якунлаган.

«Лион» — «Барселона»

Фото: Jeroen Meuwsen/Soccrates/Getty Images

Жамоалар расмий учрашувларда илк марта 2001 йилда тўқнашишган: шундан кейин ўтказилган 6 ўйинда «Барса» 4 бор ғалаба қозонган ва икки марта дуранг ўйнаган. «Лион» бу вақт давомида бир неча бор «Реал»ни ЕЧЛдан чиқариб юборган, аммо каталонларга қарши ҳеч нарса қила олмаган.

«Барселона»га ноқулайлик туғдириши мумкин бўлган асосий жиҳат шуки, «Лион» — тўпга эгалик қилишга ҳаракат қиладиган клублар сирасидан. Бу уларнинг ўзига хослиги: французлар ҳамиша юқори прессинг уюштиришади. Франция чемпионатида бу кўп ҳам иш бермасада, Чемпионлар лигасида муваффақият келтирди. Бундай жамоалар кўп эмас, «Ливерпуль» рақобатдан ташқари, «Лион» «Сити»га муаммолар туғдирганининг асосий сабаби ҳам шунда эди. «Сити» билан икки ўйиндаги 4 очко шуни кўрсатмоқдаки, «Лион»нинг прессинглари ҳар қандай рақиб учун ҳам хавфли.

«Аякс» — «Реал»

Фото: NurPhoto/NurPhoto via Getty Images

Бу жамоа билан охирги учрашувларда «Реал» бир хил ҳисобларда ғалаба қозонган. 2012 йилнинг кузида Чемпионлар лигаси гуруҳ босқичида «Аякс» икки марта 4:1 ҳисобида мағлуб этилганди. 2011 йили ҳам жамоалар гуруҳ босқичида битта гуруҳдан жой олишган ва ўшанда ҳам мадридликлар икки ўйинда ҳам бир хил ҳисобларда устун келишган - 3:0. Бу даврда нидерландлар дарвозасига асосан Криштиану ва Кальехон гол уришган. 2010 йил кузида ҳам «Реал» бу жамоа дарвозасини икки ўйинда 6 бор ишғол этган. Яқин ўтмишдаги статистика фақат мадридликлар устунлигини кўрсатмоқда. Аммо қачонлардир бари бошқача бўлган. 1995 йилда ван Гаалнинг Давидс ҳамда Клюйверт каби ёш юлдузлар порлаган жамоаси Чемпионлар лигаси гуруҳ босқичидаги икки ўйинда ҳам ғалаба қозонганди. 1973 йилда эса Йоҳан Кройф бошчилигидаги «Аякс» мадридликларни Чемпионлар Кубоги ярим финалида тўхтатганди.

Ҳозирги «Реал» ҳам қийин вазиятда. Чемпионлар лигаси гуруҳ босқичида клуб икки марта ЦСКАга мағлуб бўлди, аммо гуруҳдан биринчи ўрин билан чиқди. Мураббий алмашганидан кейин жамоа дуранг ўйнамади: барча турнирлар доирасидаги ўйинларда 2 мағлубият ва 11 ғалаба. «Реал» таркиби плей-оффнинг бошқа иштирокчиларидан қолишмайди, аммо Сантьяго Солари даврида мадридликлар ўйинда устунлик қилмасдан натижа учун ўйнашга одатланиб олишди.

«Аякс» эса гуруҳ босқичида «Бавария»га қарши кураш олиб борди ва бу босқични мағлубиятсиз якунлади. Нидерландия чемпионатида эса жамоа мавсум ярмига келиб фақат бир ўйинла мағлуб бўлишган ва турнир жадвалида иккинчи ўринда бормоқда. Жамоада айни вақтда бир гуруҳ ёш юлдузлар йиғилган, Чемпионлар лигасининг бу мавсумидаги ёрқин ўйинлар эвазига Матейс де Лигт ва Фрэнки де Йонг каби футболчилар катта клубларга йўл олиши ойдинлашмоқда, қолаверса жамоа ўйини тажрибали Душан Тадич ва Дэйли Блиндга ҳам маълум миқдорда боғлиқ, улар тўп назоратига жавобгар, Давид Нерес ва Ҳаким Зиёш эса голлар уриш ва голли паслар бериш билан машғул. Бу жамоада ҳамма гол уриши мумкин: ҳимоячи Блинд Эредивизиянинг охирги турида 3 гол урди. Бу жамоа яна бир сенсация қилиши мумкин, айниқса ҳозирги «Реал» енгилмас эмас.

«Рома» — «Порту»

Фото: Твиттер

Ўтган асрнинг 80-йилларида «Порту» римликларни Кубок эгалари кубогининг 1/8 финалида турнирдан чиқариб юборганди, икки йил муқаддам ҳам жамоалар Чемпионлар лигасининг нимчорак финалида ўзаро тўқнашишди – яна португаллар устун келди. Ўшанда жавоб учрашувида Лучано Спаллетти иложсиз аҳволда қолганди, Эмерсон ва Де Росси майдондан четлатилган, иккинчи бўлимни тўққиз киши бўлиб ўтказган «Рома» 0:3 ҳисобида ютқазганди.

«Порту» ҳозир ҳам устунроқ кўринмоқда. Жамоа гуруҳ босқичида энг кўп очко олган жамоа бўлди (16 очко). Таркиб икки йил олдингидан кўп ҳам ўзгармаган, ҳали ҳам Икер Касильяс дарвозада, қанотларга Алекс Теллес, Фелипе ва Макси Перрейра, яримҳимоя марказида – Эктор Эррера. Гуруҳ босқичида «Шальке», «Галатасарой» ва «Локомотив»га қарши ўйинларда португаллар жами 5 ғалаба ва бир дуранг қайд этиб, биринчи ўринни эгаллашди.

«Рома»да эса муаммолар мавжуд. Эусебио Ди Франческо ёзда бир қатор трансферлар амалга оширганди: Чорич, Дзаниоло, кичик Клюйверт, Кристанте. Аммо ёш талантлар мураббийга фақат халал беришмоқда: Ди Франческо доимий ротациялар қилмоқда ва идеал таркиб туза олмаяпти. Найнгголан ва Стротманнинг кетиши «Рома»нинг майдон марказини заифлаштирди: Н'Зонзи ҳали ҳам жамоага мослаша олмади, Пасторе билан ҳам шундай. «Рома»да португал жамоаси билан таққослаганда кўплаб таниқли футболчилар жамланган, аммо жамоа бир муваффақиятсизлик билан сочилиб кетмоқда.

«Шальке-04» — «Манчестер Сити»

Фото: Michael Regan/Getty Images

«Манчестер Сити» ўз тарихида фақат бир марта «Шальке 04» билан тўқнашган. Бу 1970 йилда, Европа Кубок эгалари кубоги ярим финалида содир бўлган. Ўшанда инглизлар «Шальке 04»ни мусобақадан чиқариб юборишган (5:1, 0:1) ва якунда ушбу соврин эгасига айланишган. Бу кубок «Манчестер Сити» тарихидаги ягона еврокубок ҳисобланади. Балки яна тарих такрорланар?...

Немисларнинг ҳозирги бош мураббийи Доменико Тедеско жамоа билан Чемпионлар лигасидаги энг кучсиз гуруҳда иккинчи ўринни эгаллади. Тедескода таркиб билан муаммолар бор, мураббий ва бир қатор етакчилар ўртасида зиддият юзага келган (қишда «Шальке» бир қанча футболчиларини сотиб юбормоқчи ва бир қанча футболчилар сотиб олмоқчи), жамоа прессинг орқали ўйнашга ҳаракат қилмоқда, аммо Бундеслигада бу кўпам иш бераётгани йўқ. Жароҳатлар туфайли Тедеско идеал таркибга эга бўла олмаяпти. Бу жуфтликда барчаси маълум.

ФИКРЛАР:
МЕССИ: «Номлар нуқтаи назаридан билинмаслиги мумкин, аммо «Лион» осон рақиб эмас. Қаранг, улар Европадаги энг кучли жамоалардан бири «Манчестер Сити»га муносиб қаршилик қила олишди».

Юрген КЛОПП: Ростини айтсам, қуръа пайтида фақат икки жамоага рақиб бўлишни истамагандим. «Боруссия» ва «Ювентус». Дортмундликлар билан бунча эрта учрашишни истамайман, «Ювентус»ни эса турнир фаворити деб биламан. Туринликлар ҳимоячиларининг ёшидан келиб чиқсак, улар охирги имконият эканини яхши билишади. «Бавария»га келсак, масалан икки йил олдин, умуман имконият йўқ, деган бўлардим. Ҳозир эса, бор. Тўғри бизга ҳам, уларга ҳам осон бўлмайди, буни биламиз. Бизни иккита катта ўйин кутиб турибди».

Франческо ТОТТИ: «Бизга рақиб бўлиши мумкин бўлган жамоалар сафига қараб, бизга омад кулиб боқди дейиш мумкин. Лекин «Порту» ҳам кучли жамоа ва улар буни гуруҳ босқичидаги ўйинларда ҳам исботлашди. Биз эса, февралгача бугунги муаммоларни ечиб, яхшироқ ҳолатда бўламиз, деб умид қиламан».

Климент ВИЛЬЯВЕРДЕ: «Агар финалгача етиб бормоқчи бўлсак, кучли рақиблар билан ўйнашимиз тайин ва «Ювентус» улардан биридир. Биз фақат Роналду ҳақида ўйлаганимиз йўқ, у рақибларимиз таркибидаги бир қатор яхши футболчилардан биридир. Бизнинг ҳам ўз қуролларимиз бор».

Томас ТУХЕЛЬ: «Мен хафа ҳам, хурсанд ҳам эмасман. «Манчестер Юнайтед» – турнирнинг тажрибали жамоаларидан бири, бир неча бор ғолиб ҳам чиқишган. Бу босқичда осон ўйинлар бўлмайди. Аммо биз «Олд Траффорд»да ғалаба қозона оладиган салоҳиятга эгамиз, деб ҳисоблайман».

Павел НЕДВЕД: «Қуръа биз учун қийин келди, аммо кейинги босқичга ўтишга ҳаракат қиламиз. «Атлетико» жуда яхши ҳимояланадиган ва олдинда Коста ва Гризманн ёрдамида муаммо туғдириши мумкин бўлган рақибдир. Менимча, у қадар кўп гол урилмайдиган икки жанговор ўйин бизни кутиб турибди».

ДАРВОҚЕ...
Infogol портали нимчорак финалдаги жуфтликларнинг имкониятларини чамалаб чиқди. Унга кўра, кейинги босқичга ўтиш учун энг яхши имконият «Шальке»га қарши ўйнайдиган «Манчестер Сити»да. Немис клубларининг «Ливерпуль» ва «Тоттенҳэм»га қарши дуэллари эса, жуфтликлар ичида энг муросасиз, деб белгиланди.

Дастлабки учрашувлар 12-13 ва 19-20 февраль кунлари, жавоб ўйинлари эса, 5-6 ва 12-13 март кунлари бўлиб ўтади.

Мавзуга оид