Спорт | 10:20 / 20.12.2018
25391
5 дақиқада ўқилади

«Мураббий Картер»

«Одамнинг савиясини билмоқчи бўлсанг, кўрган фильмларига қара», – деганди Эрик Кантона. Франциялик юлдуз ҳам футболчи, ҳам киноактёр. Футбол оламидаги одамларга унинг бу иқтибоси жуда мос тушади. 

Сафарда Эктор Купернинг кўп жиҳатларини ўрганишга, унга яқин бўлишга ҳаракат қиляпман. Тактик қарашлари-ку ўз йўлига, лекин унинг жамоа ичида ўзини қандай тутиши, руҳий ёрдамни қай йўсин бермоқчилиги борасида кўп ўйланган эдим. Охири топдим.

Кеча терма жамоамиз футболчиларини тўплаб, 2005 йили эфир юзини кўрган, бизнинг «Спорт» каналимизда ҳам ўзбекча таржимаси кўп марталаб айланган «Мураббий Картер» фильмини қўйиб беришди. Мураббийлар штаби мени ҳам таклиф қилганди, кирдим. Олдин кўрган бўлсам ҳам охиригача кузатиб ўтирдим. Мақсадим – футболчиларни ва кўпроқ Куперни кузатиш эди. Лекин фильм томошаси асносида бошқа жиҳатга эътибор қаратдим. Нега энди айнан шу фильм?

Фильмнинг мазмунини қисқача эслатаман: Собиқ баскетболчи Картер Ричмонд мактабига мураббий бўлиб ишга киради. Баскетбол жамоаси мураббийнинг профессионаллиги ва кўрсатмалари туфайли мавсумни мағлубиятсиз якунлайди. Лекин Картер иккинчи мавсумга жамоасини олиб тушмайди, баскетбол залини ёпиб қўяди. Сабаби, спортчилар мураббий билан тузилган шартномага амал қилмай, мактабдаги ўқишларига беэътибор қарай бошлайдилар ва дарсларга бормай қўйишади. Мураббий икки тур ўтса ҳам зални очавермагач, Ричмонд аҳли эътироз билдиради. Картер ҳатто журналистлар билан тортишишига ҳам тўғри келади. Мактаб ўқитувчилари уни судга топширишади. Суд эса, арз қилувчилар фойдасига ҳукм чиқаради – баскетбол зали қулфлари синдирилади. Лекин мураббийнинг антиқа қарорию қатъий принципларидан ҳайратланган Ричмонд ўқувчилари залга китоб ва дафтарлари билан кириб келиб, ўқишларини тўғрилашга киришадилар. Мактаб ишлари йўлга солингачгина баскетболга ўтилади.  

Фильмнинг охири қизиқ ҳаммасидан – спорт киноларида бўлгани каби бош қаҳрамоннинг жамоаси чемпион бўлмайди, ўйин охирида алламбало мўъжизалар кузатилмайди, клуб қийин кечган баҳсда енгилади. Ҳа, енгилади. Лекин фильм томошабини беихтиёр бу мағлубиятдан ранжимайди. Чунки Картер кийим алмаштириш хонасида маҳзунлик либосида қолган йигитларидан мамнун эканлигини, муҳими уларнинг руҳиятига енгилмаслик туйғусини жо эта олганини айтади. Спортда чемпион бўлиш муҳим эмас, ҳаётда ғолиб бўлиш муҳим, дейди. Сизлар аввало ўзларингни енга олдинглар, энди сизларни спорт залларидаги мағлубиятлар ҳам синдира олмайди, деб бошни юқори кўтаришга таклиф этади.

«Мураббий Картер» бўлган воқеа асосида ишланган фильм. Фильм мазмуни ва ғоясини ўйлаб ўтириб, Купер нима учун терма жамоамиз вакилларига шу фильмни қўйиб беряпти экан, деб ўйладим. Мактаб болалари эмас, ўқишларини яхшиласин деса. Нопрофессионаллар эмас, мушкул аҳволда қолганда нима қилишни ўргатай, деса. Менимча, уларга оддий инсонийликни уқтирмоқчи бўлди. Футболдан ҳам юқорироқ туйғулар борлигини тушунтирмоқчи, инсон ўз-ўзини енгиши лозимлигини эслатмоқчи бўлди, холос. 
Чемпионлик эса, бўладиган ҳодиса. Фильмда кўрсатилганидек, бир мавсум шоҳсупага чиқиш мумкин – буни эпласа бўлади –  аммо бундай ғолибликка руҳан тайёр бўлмаса-чи, оқибати нима кечади? Кибр, маишат, ўзига бино қўйиш ва ҳоказолар. Инсон қачонки ўзини маҳв этар экан, спорт майдонидаги мағлубияти ҳам ғолиблик руҳини синдира олмайди, ҳар қандай натижани ўзгартира оладиган даражадаги ғурурга бурканади.  Картер шуларни фильм орқали уқтирмоқчи бўлди, шекилли.

Яна бир нарсани ўйлаб қолдим: Фильм охирида жамоага чемпионлик насиб этмади, икки очко фарқи билан ютқазди. Купернинг мураббийликда босиб ўтган узоқ йўли ҳам шунга ўхшаш – чемпионлик остонасида тўхтайверган. Хоҳ кубок ўйинлари бўлсин, хоҳ давравий турнирлар. Балки аргентиналик мураббий ҳам Картерга ўхшаб ўша чемпион бўла олмаган жамоаларини тарк этганида, уларни яхлит бир оилага айлантира олганидан мамнун ҳолда кетгандир? Балки. Мен бунга ишонаман. 

Ва яна бир нарсага ишонгим келадики, тақдир инсонийликни футболдан устун қўйган мураббийни фаолияти охирлаб қолганида би-и-ир мукофотлаб, футбол майдонида ҳам чемпионлик тақдим этса ва унинг кўз ёшларини бир четда жимгина кузатса, нима дедингиз?! Ахир, у бунга аллақачон ҳақли бўлиб улгурган. Мураббий Картер, ээ, узр, Купер...

Хайрулла Ҳамидов

Мавзуга оид