Зафарободдаги болалар боғчасининг аҳволи абгор: бу масканда иситиш тизими қачон ишлайди?
Афсуски, бундай хайрли ишлар тафти Жиззах вилояти Зафаробод тумани марказидаги 1-мактабгача таълим муассасасигача етиб келмаганга ўхшайди. Ёки ушбу боғча номаълум сабабларга кўра “мутасаддиларнинг” эътиборидан четда қолганмикан...
Kun.uz таҳририятига йўлланган мурожаатда ота оналар Жиззах вилоятининг Зафаробод тумани марказида жойлашган 1-сон мактабгача таълим муассасасида тарбияланувчилар учун умуман шароит йўқлиги шу билан биргаликда боғчада иситиш тизими ишламаслигини куйиниб ёзишган. Вазиятни ўрганиш мақсадида Зафаробод туманига йўл олдик.
— Совуқ кунлар бошландими, таълим муассасасидан фарзандимизни эртароқ олишга тўғри келади. Болалар масканида иситиш тизими яхши ишламайди. Фарзандимиз учун уйимиздан электр иситиш мосламаларини олиб келдик. Мана бугун ҳам шу ҳолат. Нима эмиш, газ ҳисоблагич ускунаси бузилибди, уни тузатишга туман газ филиалига олиб кетишибди. Ахир бу ҳолат қачонгача давом этади?! Декабрь ойи ҳам якунланаяпти. Боғча куз-қиш мавсумига тайёргарликни ёз ойларида бошлаш керак эмасмиди?! Ўғлим совуқдан пешобини тутолмай қолди. Мана, киринг, ўз кўзингиз билан кўринг, бундай шароитда фарзандларимиз соғлом бўла оладими? — дейди Эльнар Жўраева.
Ташрифимиз туш вақтига тўғри келганлиги боис болалар ухлашга ётқизилган экан. Болалар ётоқхонасига кўзимиз тушди-ю ҳайратдан қотиб қолдик. Зах ва ўта совуқ хона, бетон пол… Ўн-ўн беш чоғли болалар устки қалин кийимларида ўринларида беозоргина ухлашарди. Кимнингдир кўз қорачиғи бўлган болакайлар шу хонада ухлашади, машғулот ўтказишади ва овқатланишади. Маълум бўлишича ушбу МТМ 1979 йили қуриб фойдаланишга топширилган. Очиғи ушбу масканнинг “таърифини” келтиришга ортиқ сўз топа олмадик... Болалар боғчасидаги аянчли ҳолатни қуйидаги суратлар орқали билиб оласиз.
Наҳот шу йиллар мобайнида ушбу муассаса бирор марта таъмирланмаган? Бу ҳолдан соҳадаги мутасаддиларнинг хабари бормикин? Бундай манзарага томошабин бўлаётган раҳбарлар нималар билан банд экан?
Ўзини шу муассаса услубчиси дея таништирган Нурхон Шерқулова саволларимизга шундай деб жавоб берди:
— Муассасамизда газ йўқ, иситиш тизимлари фақат бугун ишламади. Айни пайтда мудирамиз газ ҳисоблагични тузатишга олиб кетганлар, газ босими жуда паст. Эрта индин хоналаримиз исиб қолса керак. Шароитлар ҳақида бир нима деёлмайман. Ўзингиз кўриб турибсиз. Биз ҳам хоҳлаймиз боғчамиз таъмирланишини, замонавий типда қурилишини. Қанийди шундай бўлса…
Зафаробод тумани мактабгача таълим бўлими тасарруфидаги 1-мактабгача таълим муассасаси 200 ўринга мўлжалланган бўлиб, бугунги кунда унда 120 нафар бола тарбияланмоқда. Гуруҳдаги шароитлар ҳаминқадарлигига гувоҳ бўлдингиз. Муассасадаги моддий-техник база, замонавий шарт-шароитлар ҳақида гапирмайлик. Ходимларнинг бола тарбияси йўлидаги лоқайдлиги, гуруҳларда машғулот хонаси билан ётоқ жойлар битта хонада ташкил этилганлиги, боз устига, совуқ ва зах хоналарда ўтиришга мажбурлиги кечирилмас ҳолат.
Айни пайтда юз нафардан зиёд болани ўз қучоғига олган ушбу таълим муассасасидаги аҳволдан наҳотки тизимнинг туман, вилоятдаги раҳбарлари бехабар бўлса? Энг ачинарли томони шундаки, муассасада болаларнинг соғлиғини назорат қилиш, уларга зарур ҳолатларда биринчи ёрдам кўрсатиш учун умуман шарт-шароит йўқ. Тиббиёт ҳамшираси муассаса раҳбарининг хонасида ўтириб ишлайди.
— Тўловларни ўз вақтида берамиз. Бир ойдан бери боғчани иситиш тизимида муаммо бор. Мудира эртага, индинга, дейишдан нарига ўтмайди. Биз ҳам озода ва ёруғ хоналарда болаларимиз эмин-эркин ухлаб машғулотлар ўтишларини истаймиз. Қачонгача бундай зах ва шароити йўқ боғчада болаларимиз совуқда қалтираб, кун ўтказишади. Касал даволайвериб чарчадик. Ота-оналарга катта ваъдаларни бериб, ташкилот ҳисобига пул тушириш учун қайғураётган боғча опалар аввало болаларга қулай шарт-шароит яратиш, уларнинг саломатлиги ҳақида ташвишлансалар бўлмайдими? Эшитганимиз бир хил гап. “Билмай қолибмиз, кўрмай қолибмиз”дан нарига ўтишмаяпти, — дейди Гавҳар Шокирова
Масалага ойдинлик киритиш мақсадида Зафаробод тумани мактабгача таълим бўлимига йўл олдик.
— Таълим муассасасига яқинда раҳбар бўлиб келганман, шу билан биргаликда тумандаги мактабгача таълим бўлимида ҳам ишлайман — дея гап бошлади муассаса мудири вазифасини вақтинча бажарувчи Раҳима Носирова. — Бу ерга келганимда муассасада иситиш тизими ишламасди, хоналарга имкон борича шароит қиляпмиз. Ота-оналарнинг эътирози тўғри, газ ҳисоблагич ускунамизни тозалатиш учун туман газ филиалига олиб боргандик. Мана бугун тузатиб беришди. Эртадан яна муассасамизда иситиш тизими ишлайди. Боғчамиз бирон марта таъмирланмаган ўша қурилганидан бери ишлаяпти. Бино йиқилмаганига шукр қиламиз. Ҳар йили дастурга киритамиз, таъмирланади, дейишади. Лекин натижа йўқ. Насиб этса бўлиб қолар…
Балки... балки насиб этар, лекин қачон?! Қиш кутиб турмайди-да. Вақт ҳам... Гап мана шу боғчада тарбияланаётган 100 дан зиёд болажонларнинг соғлиғи ҳақида кетмоқда. Уларнинг келажаги ва соғлиғига ким жавоб беради? Ушбу муаммога тегишли идоралар вакиллари эътибор қаратади, деган умиддамиз. Kun.uz таҳририяти бу мавзуга яна қайтади.
Гулчеҳра Шарипова.
Мавзуга оид
20:43 / 28.06.2024
Бухородаги боғчада болалардан бирининг отаси бошқа болага жароҳат етказди
15:26 / 22.06.2024
Жиззахдаги боғчада болаларни оёқ кийим билан урган тарбиячига жиноят иши қўзғатилди
16:06 / 07.06.2024
"Саратон ва бошқа жиддий касалликлар боғчадаги сифатсиз таомланишдан келиб чиқмоқда" - мутахассис билан суҳбат
17:30 / 25.05.2024