Баландлиги 20 метр: Сонора саҳросидаги ичида бойўғлилар яшайдиган улкан кактуслар
Кактусларнинг ҳамма тури ҳам гултувакка сиғмас экан. Уларнинг орасида баландлиги 20 метрга етадиган ва ҳатто қушлар яшайдиган жой вазифасини бажарадиган ҳақиқий гигантлар ҳам бор. Айнан шундай кактуслар Шимолий Американинг Сонора саҳросида ўсади ва давлат томонидан қўриқланади. Бу ўсимликни йўқ қилган ёки унга зарар келтирган шахс қонунни бузгани учун 25 йиллик қамоқ жазосига маҳкум этилади.
Сонора саҳроси Мексика ва АҚШ ҳудудидаги Калифорния бўғозидан шимолда жойлашган. Бу қум-тошли саҳро 300 минг кв.км майдонни эгаллайди ва Шимолий Америкадаги ёғингарчилик энг кам бўлган жой ҳисобланади. Бироқ ўта юқори ҳарорат ва ёғингарчиликларнинг кам миқдорига Сонорадаги ўсимликларнинг 2 мингга яқин ва жонзотларнинг 500 та тури мослаша олди. Саҳронинг энг машҳур ўсимлиги улкан кактус — сагуаро ёки гигант карнегия ҳисобланади. Кактуслар оиласининг ушбу вакили Сонора эндемики саналади, яъни фақат айнан шу саҳрода ўсади ва дунёнинг бошқа ҳеч бир ерида учрамайди. Шунинг учун кактуснинг айнан шу тури ва Сонора саҳро экотизимини қўриқлаш мақсадида чўлнинг Америка қисмида Аризона штати ҳудудида Сагуро миллий боғи ташкил этилган.
Гигант карнегия (лотинча — Carnegiea gigantea)нинг баландлиги 15–20 метрга етиши мумкин. Поясининг диаметри эса 65 сантиметр. Тиканларининг узунлиги ҳам ўзига мос — 7 сантиметргача. Расмий қайд этилган рекорд — баландлиги 24 метр бўлган сагуаро кактуси. Афсуски, у ҳозирда мавжуд эмас — ўсимлик ўтган асрнинг 70-йилларидаги тўфонда нобуд бўлган.
Вақт ўтгани сайин сагуро пояси қандил шаклига киради. Саҳронинг барча кактуслари каби катта сагуролар йилда бир марта ёмғир мавсуми келганида гуллайди. Ҳолдан тойдирувчи қурғоқчиликдан кейин саҳрога узоқ кутилган намлик келиши билан сагуро маркази сут рангидаги ўнлаб оқ гуллар билан қопланади. Унинг кўриниши кишини ҳайратга солади. Оқиш ранг билан биргаликда сариқ ва қирмизи рангдаги гуллар ҳам учрайди.
Улкан ўлчами сабаб кактуслар саҳро экотизимида дарахтлар ўрнини босади. Гуллайдиган кактуслар ўз нектари билан колибри, учувчи сичқон ва ҳашаротларни жалб этади. Уларнинг танаси эса бир неча турдаги қушлар учун уя вазифасини бажаради.
Масалан, япалоққуш ёки кактус япалоққуши айнан сагуро танасида яшашни маъқул кўради. Тиконли поя эндигина тухумдан чиққан полапонларни ердаги йиртқичлардан ҳимоя қилади. Шунинг учун бу турдаги полапонларнинг жон сақлаб қолиши70 фоизгача етади. Бу эса Шимолий Америка уккилари ўртасида юқори кўрсаткич саналади. Ушбу тур ўз вакиллари орасида энг кичиги ҳисобланиб, бор-йўғи 10-12 сантиметргача ўсади. Қушлар кўпинча қизилиштонлар томонидан очилган тешикларда ин сифатида яшайдилар.
Сагуаро 200 йилгача яшаши мумкин. Кактусларнинг бу тури юқорида айтиб ўтилганидек, Америка қонунлари билан ҳимоя қилинади. Бироқ ҳатто бу ҳам ёмон ниятли кишиларни тўхтата олмайди: браконьерлар анча бўй чўзиб қолган намуналарни ердан қазиб олиб, автомобилга юклайдилар ва боғ чегарасидан олиб чиқишади. Гап шундаки, бу каби экзотика учун катта пул олиш мумкин. Сагуро миллий боғида ҳар 10 йилда сайёрадаги энг баланд кактус ҳисоб-китоб қилинади. Боғдаги бир миллиондан ортиқ кактуслар миқдорини санаш учун боғ раҳбарияти кўнгиллиларни жалб этади.
Мавзуга оид
22:46 / 13.12.2018
Миср мўъжизаси: 200 гектар саҳрода дарахтлар қандай ўстирилди?
17:20 / 03.01.2018
Олимлар Ернинг чорак қисми саҳрога айланиши мумкинлигидан огоҳлантиришди
22:30 / 21.12.2017
Эски машина саҳродаги мини-меҳмонхонага айлантирилди
17:30 / 06.09.2017