Жамият | 15:10 / 27.12.2018
22618
4 дақиқада ўқилади

«Агробанк» қалампир кампанияси яхши натижа берганини таъкидлаяпти. Аслида-чи?

«Агробанк» АТБ Бошқарув раиси биринчи ўринбосари вазифасини вақтинча бажарувчи Абдураҳмон Шеров аччиқ қалампир [етиштириш] бўйича лойиҳалар бир қатор вилоятларда ижобий натижа берганини айтди. Унинг сўзларига кўра, ушбу йўналишда ишлаётган тадбиркорларнинг қаердадир, қисман тажрибасизлиги, шунингдек, жорий йилда кузатилган ноқулай об-ҳаво шароити ҳам айрим ҳудудларда аччиқ қалампир ҳосилини тўлиқ йиғиб олиш имкониятини чеклаб қўйган. 

«Аччиқ қалампир бўйича яна шуни қўшимча қиламанки, маҳсулот етиштирилди, банк ажратган маблағлар ҳисобидан етарлича маҳсулот етиштирилди. Лекин тадбиркорлар томонидан териб олиш жараёни давомида кескин совуқ тушиши туфайли етиштирилган маҳсулот қисман нобуд бўлган. Бу йўналишда суғурта компаниялар билан ишлар борилмоқда. Ўйлайманки, бу турдаги қишлоқ хўжалиги маҳсулотини етиштиришдаги тажрибамиз келгуси йилда асқотади», - дейди банк бошқарув раисининг биринчи ўринбосари.

2017 йил декабрь ойида Ўзбекистон Республикаси президенти Шавкат Мирзиёев Қорақалпоғистон Республикасига ташриф буюрганида, паст ҳосилли пахта далаларини қисқартириш, уларнинг ўрнида 60-80 кунда пишиб етиладиган экспортбоп аччиқ қалампирни экиш, буни республиканинг бошқа вилоятларида ҳам йўлга қўйиш бўйича топшириқ берганди.

2018 йил 27 январида Вазирлар Маҳкамасининг 62-сонли «Республикада хориж тажрибаси асосида аччиқ қалампир етиштиришни кўпайтириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори қабул қилинди. Унда хорижий тажриба асосида ҳудудларда аччиқ қалампирни етиштириш, йиғиштириб олиш, қайта ишлаш ва экспорт қилишни ташкил этиш бўйича чора-тадбирлар белгилаб олинди.

Шундан сўнг, Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги тарихида илк марта аччиқ қалампир экиш бўйича оммавий кампания старт олди. Масалан, Асака туманида ҳам 122 гектар ерга қалампир экилди. Шундан 37 гектар ерда деҳқончилик қилган фермерлар «Chiliuz» масъулияти чекланган жамияти билан шартнома қилишган. Туман фермерлари қалампир етиштириш учун «Агробанк»дан жами 746 миллион сўм кредит олишди. Шундан 400 миллион сўм маблағ кўчатлар учун тўланган бўлса, 346 миллион сўм агротехник тадбирлар учун сарфланди.

«Кужгон олтин даласи» фермер хўжалиги раҳбари Иброҳимжон Аҳмедовнинг Kun.uz'га айтишича, ҳосил мўл бўлди, аммо уни кимга сотиш катта муаммога айланди. 

«Ишчиларга кунига иш ҳақи ёзилади. Банкдан олинган 40 миллион сўм миқдоридаги кредитни қоплашимиз керак. Шунча кўрган зараримизни тўлаш ўзимизга тушяпти. Ҳозир баҳорги шартнома бўйича ҳўл қалампиримизнинг килосини 3 минг сўмдан қабул қилишганда, 70 миллион сўм даромад кўрган бўлар эдик», - деганди у. 

Аҳмедов каби фермерлар республикада кўп бўлди, улар ё кўчат, ё мўл ҳосил ваъда қилинган шарт ва нархларда сотолмай, зиён кўришди. 

«Мурожаат қилмаган жойимиз қолмади. Кўчатни 6 миллион 500 минг сўмга кредит ҳисобидан олгандик. Ёз бўйи қилган меҳнатларимиз, икки марта чопиқ, етиштириш учун маҳаллий ва минерал ўғитларга кетган маблағга жавоб берадиган ташкилот борми?», - дейди «Қосимжон обод ерлари» фермер хўжалиги раҳбари.

Банк раҳбарияти эса ажратилган маблағлар ўзини оқлагани, маҳсулотлар ўз вақтида етиштирилганини таъкидлаб, кредитлар қайтарилганини айтмоқда. Юзага келган айрим муаммоларга эса «ноқулай об-ҳаво шароити ва тажрибасизлик оқибатида нобуд бўлган қалампир ҳосили» сабаб қилиб кўрсатилмоқда.

Мавзуга оид